Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яратилаётган имкониятлардан аҳолининг хабардорлик даражасини кенгайтириш, шунингдек, ҳудуд тарихи, урф-одат ва анъаналари, бой табиати ва туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда минтақада таъсирчан медиа макон яратишни қўллаб-қувватлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимида Тошкент вилояти телерадиоканали – “Nurafshon TV” (кейинги ўринларда – Тошкент вилояти телерадиоканали) ташкил этилсин.
2. Қуйидагилар Тошкент вилояти телерадиоканалининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Тошкент вилоятининг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий-маърифий ҳаётида рўй бераётган ислоҳотлар, фаровонлик, тараққиёт ва бунёдкорлик йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда яратилган имкониятлар ҳақида аҳолини мунтазам хабардор қилиб бориш;
жойларда ислоҳотларни амалга оширишга тўсиқ бўлаётган омилларни кенг жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар фаолияти юзасидан самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш, сифатли давлат хизматларини кўрсатиш ва улардан самарали фойдаланиш масалаларини теле- ва радиодастур орқали ёритиш;
ҳудуднинг тарихи, маданияти, санъати, адабиёти ва урф-одатлари, бой табиати, сўлим гўшалари ва туризм салоҳиятини акс эттирувчи, уларни ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилишга йўналтирилган кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш;
аҳолининг интеллектуал ва маданий савиясини ошириш, фуқароларнинг онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшлар ва ўсиб келаётган авлодни ватанпарварлик, умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашни тарғиб қилиш;
давлат ва нодавлат телерадиокомпаниялар, ахборот агентликлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ахборот алмашиш бўйича самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш.
3. Белгилансинки:
Тошкент вилояти телерадиоканали давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади;
Тошкент вилояти телерадиоканали ўз теле- ва радиодастурлари билан кечаю кундуз узлуксиз равишда эфирга чиқади;
Тошкент вилояти телерадиоканали ходимларининг чекланган штатлари сони 69 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимлари сони 4 нафардан иборат бўлади;
Тошкент вилояти телерадиоканалининг ташкилий тузилмаси Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги тегишли ташкилотларнинг тузилмасини мақбуллаштириш ва мавжуд штатларни қисқартириш ҳисобига ташкил этилади;
Тошкент вилояти телерадиоканали ташкилий тузилмаси Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси томонидан тасдиқланади;
Тошкент вилояти телерадиоканали ходимларига Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимида фаолият юритаётган телерадиоканаллар ходимлари учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шарт-шароитлари татбиқ этилади.
4. Тошкент вилояти маъмурий маркази – Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти телерадиоканали учун комплекс бино (кейинги ўринларда – Объект) қуришга 1,3 гектар ер майдони ажратилганлиги ҳамда қурилиш бўйича лойиҳа-қидирув ишлари амалга оширилиб, лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
5. Тошкент вилояти ҳокимлиги (З.Т.Мирзаев) Объектда қурилиш-монтаж ва унинг ҳудудида ободонлаштириш ишларининг сифатли бажарилишини таъминласин. Бунда, оптик толали алоқа линияси қуришда “Ўзбектелеком” АК техник шартлари инобатга олинсин.
6. Қурилиш вазирлиги (Б.И.Закиров) Объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини давлат экспертизасидан ўтказсин ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан давлат назоратини ўрнатсин.
7. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (А.Ж.Хаджаев) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.М.Бобоев), Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов), Тошкент вилояти ҳокимлиги (З.Т.Мирзаев) билан биргаликда объект қурилишини ташкил этиш ва жадаллаштириш, замонавий студия комплекси ва кўчма телевизион станция учун талаб этиладиган маблағлар 2022-2023 йиллар ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Тошкент вилояти телерадиоканалини технологик жиҳозлаш учун белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатларга мувофиқ олиб кириладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган импорт товарлар – мультимедиа, радиотелевизион ускуналари, материаллар, дастурий таъминот ва эҳтиёт қисмларни 2024 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинсин.
9. Объект фойдаланишга топширилгунга қадар:
а) Тошкент вилояти ҳокимлиги (З.Т.Мирзаев) вилоятда рўй берадиган кунлик воқеа-ҳодисаларни тезкор ёритувчи ва ҳудудда ишловчи телерадиоканалнинг ижодий ходимларига шарт-шароит яратсин ва уларга вақтинчалик фойдаланиш учун текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида етарли хоналар ажратсин;
б) Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (А.Ж.Хаджаев):
Тошкент вилояти телерадиоканалини Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига тегишли биноларга вақтинча текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирсин, зарур бўлган бирламчи воситалар билан жиҳозласин ва ижодий-техник ходимлар ишлаши учун етарли шароит яратсин;
Тошкент вилояти телерадиоканали фаолияти “Toshkent” телерадиоканали эфири билан параллел равишда олиб борилишини ташкил этсин;
Тошкент вилояти телерадиоканалининг имижи, лейбли, видеолавҳалари каби асосий таниқлик белгиларини ишлаб чиқсин;
ижодий-техник гуруҳ тузган ҳолда Тошкент вилояти телерадиоканали эфирида Тошкент вилоятининг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётига оид бўлган воқеа-ҳодисаларни ёритиб борувчи асосий кундалик информацион дастурни тайёрлаб борсин;
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги радиоканалларнинг бирида Тошкент вилояти билан боғлиқ бўлган воқеа ва ҳодисаларни ёритиб бориш учун алоҳида эфир вақти ажратсин.
Белгилансинки, Тошкент вилояти телерадиоканалини малакали кадрлар билан таъминлаш, заруратга қараб, босқичма-босқич амалга оширилади.
10. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Х.Шерматов) Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (А.Ж.Хаджаев) билан биргаликда 2022-2023 йиллар давомида:
Тошкент вилояти телерадиоканали эфир сигналини рақамли телевидениенинг умумий фойдаланиладиган ижтимоий пакетида Тошкент вилояти ҳудудига тўлиқ етказсин;
Тошкент вилояти телерадиоканалининг радио йўналиши учун алоҳида частота ажратиш ва радио фаолиятини олиб бориш учун техник шароит яратсин.
11. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) 2022 йилдан бошлаб, Тошкент вилояти телерадиоканали фаолиятини ҳамда телевидение ва радиоэшиттириш дастурлари сигналларини узатиш ва тарқатиш хизматларини молиялаштириш учун Давлат бюджети параметрларида зарур маблағларни назарда тутсин.
12. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ёшлар иттифоқи, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг:
“Yoshlar”, “Navo” ва “Kinoteatr” телеканаллари ихтисослаштирилган реклама хусусиятига эга бўлган канал сифатида фаолият кўрсатишига рухсат бериш;
“Ўзбекистон” телерадиоканалида “Қишлоқ хўжалиги” таҳририятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Бунда:
“Yoshlar”, “Navo” ва “Kinoteatr” телеканаллари томонидан умумэътироф этилган ахлоқий меъёрларга риоя қилиш, миллий урф-одатлар, тарихий ва маънавий меросни қадрлаш, фуқароларнинг онгида демократик қадриятларни шакллантириш, ёш авлодни ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган телевизион дастурлар тайёрлашга эътибор қаратилсин;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев), Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (Б.Т.Норқобилов), Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси (Б.Қ.Шарипов), Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (А.Ж.Хаджаев), аграр ва озиқ-овқат соҳасининг бошқа ташкилотлари қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, экин экиш ва парваришлаш агротехникаси, ер ва сувдан оқилона фойдаланиш, чорвачилик, ветеринария, балиқчилик, пиллачилик, паррандачилик, асаларичилик, боғдорчилик, сабзавотчилик ва иссиқхона хўжалиги каби масалалар бўйича “Қишлоқ хўжалиги” таҳририяти томонидан телерадиомаҳсулотлар тайёрланиши ва эфирга узатилишига кўмаклашсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси А.Ж.Хаджаев ҳамда Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи З.Т.Мирзаев белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдухакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 18 ноябрь