Куни кеча Тошкент шаҳар ИИББ, ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мана шундай сохта сайёҳлик фирмалари фаолиятига чек қўйилди.
Хусусан, Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган «Маҳдий туризм» масъулияти чекланган жамият ходими 1995 йилда туғилган Абдулазиз Жўрабоев тўрт нафар фуқарога «Ҳаж» сафарига юборишни ваъда қилган.
А.Жўрабоев МЧЖнинг ушбу фаолият тури билан шуғулланишга лицензияси йўқлигини била туриб, улардан алдов йўли билан 27.200 АҚШ долларини олаётган пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Яна бир ноқонуний ҳолат пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида қайд этилди. «Соҳил туризм» масъулияти чекланган жамият директори 1991 йилда туғилган Сирожиддин Нуриддинов икки нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни «Ҳаж» сафарига юборишни ваъда қилиб, бундай фаолият тури билан шуғулланишга лицензияси бўлмасада, 10.000 АҚШ долларини олган вақтида холислар иштирокида ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилишлик учун Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига тақдим этилди.
"Ҳурматли фуқаролар! Агар сиз ушбу шахслардан ва сайёҳлик фирмаларидан жабр кўрган бўлсангиз Тошкент шаҳар ИИББ нинг 71-206-43-02 рақамига ёки 102 рақами орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз", дейилади ИИББ хабарида.
Лицензияга эга сайёҳлик фирмаларининг манзили ва алоқа рақамлари ҳақидаги маълумотлар билан Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий саҳифалари орқали танишиш мумкин.