Тошкентда "Инсон ҳуқуқлари уйи"нинг очилиш маросими бўлиб ўтади

    "Инсон ҳуқуқлари уйи" мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича фаолиятни кучайтиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган ихтисослаштирилган платформа, яъни "инсон ҳуқуқлари маърифати майдони" ҳисобланади.

    Шу йилнинг 3 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказининг Ахборот-ресурс маркази негизида "Инсон ҳуқуқлари уйи"нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур янги маърифат маскани давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилди.

    "Инсон ҳуқуқлари уйи" мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича фаолиятни кучайтиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган ихтисослаштирилган платформа, яъни "инсон ҳуқуқлари маърифати майдони" ҳисобланади. Бу ерда, жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий ҳужжатлар, илмий тадқиқотлар, шарҳлар ва таҳлилий ҳисоботларнинг замонавий кутубхонаси шакллантирилади.

    Очилиш маросими Миллий марказ томонидан Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Тадбир 8 декабрь – Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун ва 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари халқаро куни доирасида ташкил этилмоқда.

    Тақдимотда фаолияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий нормаларни тарғиб қилиш билан боғлиқ бўлган халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат органлари мутахассислари, етакчи экспертлар, илм-фан ва жамоат арбоблари ҳозир бўлиши кутилмоқда.

    Бундан ташқари, "Инсон ҳуқуқлари уйи"нинг очилиши тадбирини мамлакатимизнинг барча ҳудудлари марказларидаги кутубхоначилар онлайн кузатиб бориш имконига эга бўлади.