Йирик бозорларда жамоат тартибини сақлаш бўйича низом тасдиқланди

    Вазирлар Махкамасининг йирик бозорларда жамоат тартибини саклаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

    Йирик бозорларда жамоат тартибини саклаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Унда қуйидагилар белгиланган:

    • йирик бозорларда жамоат тартибини саклаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чораларини ташкил этиш тартиби;
    • видео кузатув камералари, сигнализация тизимлари, ёнғин сигнализацияси, тез ёрдам чақириш тугмачалари ва овозли хабарнома воситалари каби хавфсизлик воситалари билан йирик бозорларни жиҳозлаш талаблари;
    • жамоат тартибини ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича бўлимлар (идоравий хизматлар) ходимларининг (ҳарбий хизматчиларнинг) ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
    • объект маъмурияти, сотувчилар ва объектга келувчи шахсларнинг жамоат тартибини саклаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари.

    Ҳужжатда Ўзбекистон ҳудудидаги йирик бозорларнинг тасдиқланган рўйхати ҳам келтирилган.

    Йирик бозор – Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хокимиятлари томонидан белгиланадиган жойларда доимий ёки вақтинча фаолият юритувчи 300 ва ундан кўп доимий савдо нуқталари ва дўконлари бўлган мол-мулк мажмуаси.

    Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 01.03. 2025 йилдан кучга киради.