Бу ҳақда халқ депутатлари пойтахт кенгашининг ушбу таклифни маъқуллаган 12 сентябрдаги қарорида келтирилган.
Унга кўра, Veolia Energy томонидан тақдим этилган ҳужжатларга мувофиқ аҳолига иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти хизматларининг янги чакана тарифи 15 фоизга ошади ва аҳолига 105 754 сўм/Гкал ўрнига 121 617, бошқа улгуржи ташкилотларга бир Гкал учун — 244 497 сўм (ҚҚСсиз) сўм этиб белгиланади.
Жорий йилнинг февраль ойида “Veolia Energy Tashkent” компанияси кенгашга Тошкент шаҳри аҳолисига иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифини 15 фоизга ошириш таклифини киритганди. Корхона раҳбарининг айтишича, шаҳар аҳолиси базавий тарифнинг атиги 14 фоизини тўлайди, қолгани эса шаҳар бюджетидан субсидия шаклида қопланади.
Бу электр энергияси, газ, ичимлик суви ва канализация хизматлари, шунингдек, иссиқлик ишлаб чиқарувчи корхоналар учун сотиб олинган иссиқлик энергияси нархларининг ошиши билан боғлиқлиги кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз; аҳолига иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти хизматлари нархи сўнгги марта 2024 йилнинг 2 апрелида, иситиш мавсуми тугаган кундан бир кун ўтиб 15 фоизга кўтарилганди.