Унда келтирилган маълумотларга кўра, ўтган йилда республикада ўртача ойлик миқдори 5,3 млн. сўмни ташкил қилган. 2024 йилнинг январ-декабрь ойларида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичлари Тошкент шаҳрида 9 072,4 минг, Навоий вилоятида 6 766,1 минг, Тошкент вилоятида 5 097,9 минг, Андижон вилоятида 4 616,1 минг ҳамда Бухоро вилоятида 4 343,9 минг сўмни ташкил этган. 2024 йилда маош энг кўп бўлган вилоятлар орасида Навоий ва Тошкент вилоятлари иккинчи ҳамда учинчи ўринларни эгаллаган. 2024 йилда банк-молия соҳаси ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи 15,3 млн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 14,3 фоизга ўсди.
Бу, маълумотлар эълон қилинаётган охирги 5 йилдаги энг паст ўсиш кўрсаткичидир. Шундай бўлсада, соҳанинг ўртача ойлиги Ўзбекистонда энг юқориси бўлиб қолмоқда. Қайд этилишича, ўтган йилда банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти билан шуғулланувчиларнинг ўртача иш ҳақи 15,3 млн. сўмни ташкил этиб, соҳа ходимлари маоши 14,3 фоизга ошган. Бу ўтган йилги ўсиш (+23,7 фоиз) кўрсаткичидан 65,7 фоизга камроқдир. Умуман олганда, 2021 йилдан буён банк-молия соҳасида ўртача иш ҳақи ўсиши секинлашмоқда. 2021 йилда ўсиш кўрсаткичи 32,5 фоизни, 2022 йилда 30 фоизни, 2023 йилда 23,7 фоизни ташкил этган эди.
Ҳудудлар кесимида соҳадаги ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (18 млн. 904,4 минг сўм), Андижон (14 млн. 317,9 минг сўм) ва Навоий (13 млн. 258,1 минг сўм) вилоятларида кузатилган. Энг кам кўрсаткич Фарғона (10 млн. 26 минг сўм) Сирдарё (10 млн. 207 минг сўм) ҳамда Самарқанд (10 млн. 322 минг сўм) вилоятларида қайд этилди. Юқори ўсиш суръати Хоразм вилоятида (119,9 фоиз) ҳамда Бухоро вилоятида (116,7 фоиз), энг кам ўсиш Фарғона (3,3 фоиз) Жиззах (6,2 фоиз) ҳамда Самарқандда (6,2 фоиз) кузатилди.
Ўсиш динамикаси секинлашишига қарамай, банк-молия cектори Ўзбекистондаги энг юқори даромадли соҳа бўлиб қолмоқда.
Таққослаш учун, ахборот ва алоқа соҳасида ўртача 13,2 миллион, ташиш ва сақлаш – 8,1 миллион ва саноат соҳаси – 6,4 миллион, таълим – 3,6 миллион ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 3,4 миллион сўм иш ҳақи тўланмоқда.