Тошкентда уй-жой нархи янада қимматлаши мумкин

    Тошкент шаҳридаги уй-жой ижара нархларининг жорий йил август ойи учун даромадлилиги таҳлил қилинди.

    Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари август ойи учун Тошкент шаҳридаги уй-жой ижара нархларининг даромадлилигини таҳлил қилди.

    Уй-жойга киритиладиган инвестициядан олинадиган даромад икки қисмга бўлинади, яъни уй-жой нархининг ошиши (тушиши) келтирадиган фойда (зарар) ва уй-жойни ижарага беришдан олинадиган даромад. Ҳисоб-китобларни амалга оширишда Жорда ва бошқаларнинг (2019) методологиясидан фойдаланилди.

    Ҳисоб-китоб натижаларига кўра, 2023 йилнинг август ойида уй-жой ўртача нархининг ўтган йил август ойидагига нисбатан энг юқори ўсиши Юнусобод (37,1 фоиз) ва Мирзо Улуғбек (35,7 фоиз) туманларида қайд этилган бўлса, нисбатан пастроқ ўсиш Сергели (27,8 фоиз) ва Олмазор (24,4 фоиз) туманларида кузатилди. Бундан ташқари, кўчмас мулк эгаларининг уйларини ижарага беришидан (уй қийматига нисбатан) олинадиган даромад бўйича Мирзо Улуғбек (12 фоиз) ва Чилонзор (10,6 фоиз) туманларида энг юқори даромад олинаётган бўлса, нисбатан пастроқ даромад Сергели (8,5 фоиз) ва Учтепа (8,2 фоиз) туманларида олинаяпти.

    Маълумот учун: агар 2023 йилнинг сентябрь ойида Глобал Пропертй Гуиде нашри томонидан 58 та давлат учун эълон қилинган уй-жойни ижарага беришдан олинадиган ўртача даромад рейтингига Тошкент шаҳри (10 фоиз) қўшилганида, Грузиядан (12,4 фоиз) кейин 2-чи ўринни эгаллаган бўларди. Мазкур рейтингда Грузиядан кейинги ўринларни Жанубий Африка Республикаси (9,9 фоиз), Ирландия (8,1 фоиз), Пуэрто-Рико (8,1 фоиз), Латвия (7,8 фоиз), Колумбия (7,7 фоиз), Моракаш (7,6 фоиз), Индонезия (7,6 фоиз) ва Литва (6,7 фоиз) давлатлари эгаллаган.

    Туманлар ва уйлар бўйича кўп қаватли уйлардаги хонадонлар нархининг ўзгаришидан олинадиган фойда ва ижара даромадларининг биргаликдаги таъсири баҳоланганда, 2 ва 3 хонали турар жойлар инвестицияларнинг даромадлилиги нуқтаи назаридан истиқболли бўлиб чиқди. Бундай уй-жойлар ижарасидан келаётган даромаднинг ўзи ўртача 10 фоизни ташкил этмоқда.

    Худди шу давр мобайнида муддати бир йилдан ортиқ бўлган хорижий валютадаги банк депозитларининг ўртача тортилган фоиз ставкаси 2022 йилнинг август ойидаги 4,3 фоиздан 2023 йилнинг август ойида 5,5 фоизга ошган.

    Хулоса: Уй-жой нархлари ошиб бораётган шароитда ижарадан келаётган даромаднинг жазибадорлиги аҳоли жамғармаларининг кўчмас мулкка йўналтирилишини янада рағбатлантиради. Бу эса уй-жойга бўлган талабни янада ошириб, улар нархининг янада қимматлашишига олиб келиши мумкин.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates