Пахта нархи туширилиш сабаблари маълум қилинди

    Ижтимоий тармоқларда фермер хўжаликларини қўшимча шартнома имзолашга мажбурланаётгани юзасидан тарқалган хабарлар бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлиги муносабат билдирди.

    Вазирликнинг хабар беришича, жаҳон бозорида пахта толасига талаб ва таклифларнинг ўзгаришлари натижасида пахта толасининг айни кунлардаги нархлари Республикамизда 2024 йил ҳосили учун белгиланган прогноз нархларига нисбатан пасайиб кетди.

    Бунинг оқибатида йил бошида тузилган фьючерс шартномасида пахта толаси учун кўрсатилган нархлар бугунги кун реал нархларига тўғри келмаётгани сабабли ишлаб чиқарувчилар (яъни кластерлар) ўз маҳсулотларини жаҳон бозорида сотишда жуда катта зарарга дуч келяпти.

    Жорий йилги йиғим-терим даврида жаҳон бозоридаги пахта толасининг шаклланган фьючерс котировкалари бўйича пахта хом ашёсининг бошланғич фьючерс нархлари бир тоннаси учун 6 млн 800 минг сўм атрофида шаклланаётганлигидан келиб чиқиб, паст нарх белгиланадиган бўлса фермерлар жабр кўриши мумкин.

    Шу боис пахта етиштиришувчи фермерлар ва уни қайта ишловчи кластерларнинг манфаатларини бирдек кўзлаган ҳолда, уларнинг катта миқдорда зарар кўрмасликлари учун Вазирлар Маҳкамасининг «Пахта хом ашёси етиштирувчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари» тўғрисидаги 574-сонли қарори қабул қилинган.

    Мазкур қарорга кўра, пахта етиштирувчилар томонидан биржа савдолари орқали реализация қилинган (электрон ҳисоб-фактура асосида) бир тонна пахта хом ашёси (пахта-тўқимачилик корхоналари томонидан етиштирилган пахта хом ашёси ҳамда уруғлик пахта бундан мустасно) учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллион сўм миқдорида субсидия ажратиш кўзда тутилган.

    Айнан мана шу қарор асосида пахта етиштирувчи фермер хўжаликларига (улар етиштирилган пахта хом ашёсини юқорида белгиланган тартиб асосида реализация қилишса зарар кўрмаслиги учун) давлат томонидан ёрдам сифатида ҳар бир тонна учун субсидия ажратиб берилади.

    Алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган бир жиҳат борки, куз фаслининг бугунги ўзгарувчан об-ҳаво шароитида пахта ҳосилини ёғин сочинга қолдирмасдан тезроқ териб олиш нуқтаи-назаридан бу шартномаларни жадаллаштириш катта аҳамиятга эга.

    Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларда Сурхондарё вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи айнан шу ҳолатни назарда тутган бўлиши мумкин, лекин буни етказишда англашилмовчилик юзага келган ва табиийки, хатога йўл қўйган. – Вазирлик томонидан пахта етиштирувчиларнинг шартномасини бекор қилиш, фермерлар ҳамда кластерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича ҳудудий бошқармалар ва уларнинг раҳбарларига ҳеч қандай топшириқлар берилмаган.

    Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан мазкур хабарнинг объектив моҳиятини англаб етиш ва айнан Ҳукумат қарори билан беғараз ёрдам бериш масалаларини тўғри талқин қилинишини сўраб қоламиз.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates