Тошкентда Халқаро Ер куни нишонланди

    Сана ҳар йили 22 апрель куни дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатида нишонланади.

    Халқаро Ер куни БМТ Бош Ассамблеясининг 63-сессиясида тасдиқланган ва ҳар йили 22 апрель куни дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатида нишонланади. Ушбу тадбир ҳозирги ва келажак авлодларнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатга эришиш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиат билан уйғунлик муҳимлигини таъкидлайди.

    Пойтахтимизда Халқаро Ер кунига бағишланган "Ерлар деградациясига қарши курашишнинг интенсив ва инновацион ечимлари" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва "Ўздаверлойиҳа" давлат илмий лойиҳалаш институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

    Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқлим ўзгариши сабабли янада кучайиб бораётган ер деградациясига қарши курашишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йилда "Ер деградациясига қарши самарали кураш тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори қабул қилинганлиги бу борадаги муҳим қадам бўлиб, мазкур қарор билан ер деградациясига қарши курашиш ва унинг салбий оқибатларини юмшатиш, ҳудудларда чўлланиш ва қурғоқчиликнинг олдини олиш, биохилма-хилликни сақлаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, илғор илмий ишланмалар ва инновациялардан кенг фойдаланиш асосида ҳудудларнинг барқарор ривожланишига эришиш бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.

    ФАО Ўзбекистонда ҳам ушбу йўналишда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Глобал экологик жамғарма (GEF) томонидан молиялаштирилаётган "Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури" (“FOLUR”) ва “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш" лойиҳалари шулар жумласидандир.

    Халқаро ер куни муносабати билан "FOLUR" лойиҳаси доирасида ФАО ва Қурғоқчил минтақаларда қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA) ўртасида буғдой етиштиришда ер деградациясининг нейтрал мувозанати ва иқлим учун хавфсиз агротехник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича келишув имзоланди.

    Конференция доирасида, шунингдек, ФАО/ГЭФнинг Ўзбекистонда ер деградациясининг нейтрал мувозанатига эришишга қаратилган "Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида ўрмонлар ва яйловларни барқарор бошқариш" лойиҳасининг техник ишчи гуруҳининг йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Ишчи гуруҳ аъзолари Ўзбекистон ўрмонлари, қишлоқ хўжалиги ерлари ва яйловлар деградациясининг олдини олиш ва уларга қарши курашишга қаратилган қатор технологияларни муҳокама қилишди. Йиғилиш якунлари бўйича маҳаллий тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар томонидан танлаб олинган агротехнологиялар рўйхати ишлаб чиқилиб, мазкур технологиялар Бухоро ва Навоий вилоятларининг иккита туманида синовдан ўтказилади ва кейинчалик республиканинг бошқа ҳудудларига жорий этилади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates