Бу ҳақда “Менинг юртим” телеканалининг “Марказий студия” дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, 10-июл куни халқаро аҳамиятга эга йўлнинг Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидан ўтган қисмида сиренани ва мигалкаларни ёқиб келаётган Malibu-2 ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилган. Транспорт текширилганда давлат рақами ушбу машинага тегишли эмаслиги ва юкхонада яна бир давлат рақами борлиги аниқланган.
Олд ойналари “тонировка” қилинган ва давлат рақамини ўзгартириб ҳаракатланган ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, машина жарима майдонига жойлаштирилган.
Дастлабки суриштирувларга кўра, машинадаги давлат рақами 2022 йил 4 август куни Тошкент шаҳри Сергели туманида жойлашган устахоналарнинг биридан ўғирлаб кетилган. Ўғирланган давлат рақами Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаронинг Nexia-1 машинасига тегишли экани аниқланди.
Ўғирланган давлат рақами Toyota Prado, Tracker, Malibu-2, Lacetti ва Nexia-3 машиналарига тақилган ва 2022-йил 4-августдан шу кунга қадар тезлик оширилгани бўйича 292 марта қоидабузарлик содир этилган.