Туркий давлатлар жуғрофия кенгаши ўз олдига қандай мақсадларни қўйган?

    Пойтахтимизда шу йил 7-8 май кунлари Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Венгрия, Қозоғистон ва Қирғизистон география жамиятлари вакиллари йиғилиши бўлиб ўтган эди.

    Анжуман давомида муҳим воқеаликка қўл урилди. Яъни, доимий қароргоҳи Тошкент шаҳрида жойлашган Туркий давлатлар жуғрофия кенгаши тузилди. Қардош давлатлар вакилларининг якдил овози билан Ўзбекистон география жамияти раҳбари, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Ойбек НОРИНБОЕВ уч йил муддатга кенгаш бош котиби этиб сайланди. Ушбу янги тузилма фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида бош котибга бир неча савол билан мурожаат қилдик.

    — Билишимизча, янги кенгаш Ўзбекистон томони ташаббуси билан ташкил этилди. Бу ғоя қандай пайдо бўлди, умуман, янги ташкилот тузишга қандай зарурат бор эди? Дастлаб шу хусусда фикр билдирсангиз.

    — Тўғри таъкидладингиз, Туркий давлатлар жуғрофия кенгаши ташкил этилиши Ўзбекистон география жамияти ташаббуси бўлди. Сиз қўйган саволлар, табиийки, кўпчиликни қизиқтиради.

    Бугун сайёрамизда яшаётган туркий тилли халқларнинг умумий сони 250 миллион кишидан ошади. Уларнинг асосий қисми олтита мустақил туркий тилли республика — Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда истиқомат қилади. Ушбу давлатларнинг умумий майдони салкам 5 миллион квадрат километр. Бугунги кунда мазкур давлатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб келмоқда.

    Кейинги пайтларда Венгрия ҳам туркий дунёнинг турли тадбирларига таклиф этиляпти. Евроиттифоқ аъзоси, бир қарашда туркий тил ва маданиятга алоқаси йўқдек туюладиган бу давлатга асос солганларнинг илдизи тарихан Марказий Осиё ҳудудига келиб тақалади. Венгерлар Шарқда можарлар деб аталган ва бугунги кунга қадар бу атама сақланиб қолган. Можарчада туркий сўзлар жуда кўп учрайди.

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг 2019 йил 15 октябрь куни Боку шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммити доирасидаги самарали учрашуви ташкилот доирасидаги ўзаро мулоқот ва муносабатларда янги даврни бошлаб берди. Шу боис, Туркий давлатлар жуғрофия кенгаши таъсис йиғилишига Венгрия география жамияти президенти Лоуци Динеш ҳам таклиф этилди.

    Туркий давлатларнинг илмий жамиятлари бир ёқадан бош чиқариб, ўзаро тажриба алмашадиган бир кенгаш тузишга қарор қилдик. Зеро, Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарларининг “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” мавзусида 2022 йил 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида ўтказилган йиғилиши натижалари бўйича қабул қилинган Самарқанд декларациясида ўзаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш масаласи алоҳида таъкидланган.

    Президентимиз ташкилотнинг Самарқанд саммитида бошқа соҳалар баробарида ўзаро илмий ҳамкорлик масаласининг долзарблигига бежиз алоҳида урғу бермади. Туркий давлатлар умумий тараққиётга интилар экан, бунинг учун, энг аввало, ўз билим ва тажрибаларимиз билан бўлишиш, тажриба алмашинувини йўлга қўйишга эҳтиёж бор. Бунинг учун эса бошқа соҳалар каби мамлакатларимизнинг энг муҳим илмий йўналиши – география соҳасидаги ўзаро бирдамлик барчамиз учун катта заруратга айланмоқда.

    Истанбул университети фан доктори, Туркия жуғрофия жамияти директорлар кенгаши аъзоси Каан Капан янги кенгашнинг таъсис йиғилишида кўп йиллардан бери туркий давлатлар жуғрофия ташкилотини қуриш орзусида юргани, бугун эса таъсис йиғилишида шахсан иштирок этаётганидан бахтиёр эканини таъкидлади.

    2021–2022 йилларда туркий давлатлардаги табаррук қадамжоларни зиёрат қилиб чиққан ушбу мутахассис аслида барча туркийлар бир халқ эканини қайд этар экан, жуғрофияда ҳам бирлашиш учун бор имкониятни ишга солиш керак, деб ҳисоблайди.

    Ана шундай заруратларни инобатга олган ҳолда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Венгрия, Туркия ва Ўзбекистон география жамиятларини бирлаштирадиган Туркий давлатлар жуғрофия кенгаши ташкил этилди.

    — Кўпчилик география мактабда ўтиладиган оддий бир фан бўлса, туркий давлатларнинг география жамиятлари янги кенгаш таъсис этмасдан ҳамкорлик қила олмасмиди, деган ўйга бориши мумкин. Туркий давлатлар ва география қанчалик бир-бирига боғлиқ? Умуман, географиянинг ҳаётимиздаги ўрни шунчалик аҳамиятлими?

    — Қизиқ савол. Аслида жуғрофия жуда муҳим фан ва соҳалардан бири. Бугунги таҳликали дунёда ресурслар қисқариб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида янгидан янги хавфлар юзага келмоқда. Шундай вазиятда геоиқтисодий, геологистик, илмий географик ҳамкорликка эҳтиёж ўсиб бораётир.

    Биргина иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларнинг ўзи география ҳаётимизда қанчалик катта аҳамиятга эга эканини кўрсатиб турибди.

    АҚШнинг Жорж Мейсон университети олимлари 2100 йилгача Ер об-ҳавосини моделлаштиришди ва умидсиз хулосага келишди: сайёрада иқлим шу қадар ўзгарадики, 1880 йилларда Кёппер тизими бўйича тузилган иқлим хариталарини қайтадан чизиш керак бўлади. Тадқиқот “Earth’s Future” журналида чоп этилди.

    Янги тадқиқот кўрсатадики, аср охирига бориб дунёнинг 38-40 фоиз ҳудуди бошқа иқлим зоналарига ўтади. Яъни Ер шарининг деярли ярми янги шароитларга дуч келади. Тропик иқлим 25 фоизгача кенгаяди, қурғоқчилик 34 фоизгача ҳудудни эгаллайди. Энг сезиларли ўзгаришлар Европа ва Шимолий Америкада кутилмоқда. Бу қитъаларнинг мос равишда 89 фоиз ва 66 фоиз ҳудуди бошқа иқлим зонасига ўтади. Олимлар амалдаги ўзгаришлар моделлаштирилгандаги прогнозлардан анча жиддийроқ бўлиши мумкинлигини таъкидлашган.

    “Associstaed Press” нашри томонидан эълон қилинган бошқа бир тадқиқотга кўра, жаҳондаги 2000 дан зиёд кўл йилига 5,7 триллион галлон сув йўқотмоқда. Бу 1992 йилдан 2020 йилгача дунё бўйича йўқотишлар ҳажми АҚШнинг Невада штатидаги энг йирик сув ҳавзаси бўлмиш Мидс кўлининг 17 тасига тенг дегани. Бошқача айтганда, бу миқдор АҚШ 2015 йилда ишлатган жами сув ҳажмига тенг. Ҳаттоки ёғин-сочин кўп бўладиган ҳудудларда ҳам кўллар қуриб қолмоқда. “Science” журналида эълон қилинган тадқиқотларга кўра, бунга бош сабаб — кўллардан сувларнинг меъёрдан зиёд буғланишига сабаб бўлаётган иссиқ ёки қуруқ ҳаво. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа эҳтиёжлар учун кўп сув сарфланиши туфайли рўй бермоқда.

    Муаллифлар табиий ҳол сифатида учинчи сабабни ҳам тилга олишган: ёғин-сочинларнинг камайгани туфайли дарё ўзанларининг ўзгариши. Лекин шу ҳам иқлим ўзгариши сабаб вужудга келган. Тадқиқотда айтилишича, мана шу омил Эрондаги Урмия кўли йилига 1,05 триллион литр сув йўқотаётганининг бош сабабидир.

    Дунё бўйича ўртача ҳарорат 1,1 даражага кўтарилган. Бу эса 2040 йилга бориб ўртача ҳарорат 1,5 даража ошишини билдиради. Нобель мукофоти лауреати Рае Квон Чунг Сибир тайгаси ва тундрадаги музликлар эриши оқибатида ушбу ҳудудлардаги қадимий касаллик ҳамда вируслар яна “уйғониши” мумкинлиги, бу эса инсоният учун кутилмаган оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

    Экологик ва атроф-муҳит муаммолари ҳақида сўз кетганда, кейинги йилларда мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ва Тошкент шаҳрида тинимсиз кузатилаётган қум ва чанг бўронларига тўхталмаса бўлмайди. Мутахассислар ва пойтахтликлар фикрича, Тошкент ҳавосининг ифлосланиши дарахтлар кесилиши, чангни ушлаб қоладиган яшиллик камайгани ҳамда тартибсиз қурилишлар билан боғлиқ. Айримлар эса бу жамоат транспорти камлиги сабаб шаҳарда автомобиллар кўпайиб, улардан чиқадиган газлар ортиб бораётгани фонида юз бераётганини айтади.

    Шу каби муаммолар фонида Тошкент дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингида тез-тез кўринадиган бўлиб қолди. Жорий йилда Ўзбекистон “Legatum Institute” томонидан экологияси кескин ўзгаришларга дуч келаётган давлатлар қаторига киритилди.

    Бу каби муаммоларни тадқиқ этиш айнан географиянинг вазифасидир. Бунда битта давлат олимларининг саъй-ҳаракати билан катта натижаларга эришиш мушкул. Шу сабабли янги кенгаш доирасида айни йўналишдаги фаолиятимизни уйғунлаштириш, ўзаро тажриба алмашиш, илф-фандаги ютуқлар билан бўлишиш мақсад қилинган.

    Озарбайжон жуғрофия жамияти раиси Мирнуҳ Исмоилов янги кенгаш ташкил этилишини дунёда мавжуд вазият тақозо қилаётганини алоҳида таъкидлади. У Туркий давлатлар жуғрофия кенгаши таъсис йиғилишидаги нутқида географияни сиёсий илм, деб атади. Чунки у ҳудудлар ва чегараларни ўрганиши, сўнгги йилларда жуғрофий ахборот тизимлари ҳамда макон маълумотларини ўрганишга қизиқиш, эҳтиёж кучайиб, бунинг таъсирида географиянинг аҳамияти ҳам ошиб бораётганини қайд этди. Шу жиҳатдан Туркий давлатлар жуғрофия кенгашининг юзага келиши бугунги кун реаллигидир.

    — Туркий дунёнинг қомусий олимлари меросини ўрганиш ва авлодларга танитиш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этган. Чунки бир пайтлар заминимиз дунё тамаддунининг бешиги бўлган, бошқа халқлар илм-фан ютуқларини аждодларимиздан ўрганишган. Бироқ асрлар ўтиб илмий тараққиёт Ғарб томонга юз бурди...

    — Дарҳақиқат, қадим туркий замин минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарбни туташтириб, жаҳон цивилизацияларини бир-бирига яқинлаштирган, дунё маданиятларини бойитиб келган. Биз туркий дунё буюк тарихининг ёрқин саҳифалари улуғ аждодларимиз томонидан биргаликда яратилгани билан ҳақли равишда фахрланамиз. Ана шундай бебаҳо меросни сақлаб қолиш, уни чуқур ўрганиб, келгуси авлодларга безавол етказиш барчамиз учун энг асосий вазифадир.

    Ўрта асрларда яшаган буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг тарихий мероси, замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамиятини янада теран англаш, тадқиқ этиш ва оммалаштириш жуда муҳим. Шу нуқтаи назардан ҳам Туркий давлатлар жуғрофия кенгаши бу мақсадларни самарали амалга оширишда ўзига хос платформа вазифасини бажаради.

    Гап аждодларимизнинг буюк илмий кашфиётлари ҳақида борар экан, Ер ҳақидаги замонавий фанлар, хусусан, геодезия, география, картография, геология тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган Абу Райҳон Беруний номини биринчилар қаторида тилга оламиз.

    Зеро, улуғ қомусий аллома илмий даҳоси билан яратилган мислсиз кашфиётларга тўлиқ баҳо беришнинг ўзи қийин. Беруний қаламига мансуб 113 та асар мавжуд бўлиб, улардан 15 таси география ва картографияга бағишланган.

    Беруний асарлари билан нафақат ўз даври, балки бугунги юксак технологиялар асри учун ҳам зарур кашфиётларни тақдим этган. Унинг асарларида келтирилган географик маълумотлар келгусида географиянинг янги авлод олимлари томонидан тараққий эттирилишида катта аҳамият касб этди ва этади.

    Бугунги кунда барчамиз глобаллашув жараёнини кузатмоқдамиз ва иқлим ўзгариши, экология, турли пандемиялар, энергия ресурслари тақчиллиги каби глобал муаммолар билан боғлиқ мураккаб синовларни бошимиздан кечиряпмиз. Шу боис, ҳозирги вазиятда энг долзарб муаммолар ечими бўйича жамиятларимиз умумий ёндашувларни белгилаб олиши, саъй-ҳаракатларини ўзаро уйғунлаштириши ниҳоятда муҳимдир.

    Туркий давлатлар жуғрофия кенгашини ташкил этиш ташаббуси билан чиққан Ўзбекистон география жамияти республикамиздаги энг қадимий илмий жамиятлардан бири. Бинобарин, 1897 йил 12 мартдан буён фаолият юритиб келаётган жамиятимиз жорий йил мартида 126 ёшга тўлди.

    Ҳар қандай география жамиятининг вазифалари нафақат ўз мамлакати, балки бутун дунёнинг тарихий-географик меросини ўрганиш бўлган, ҳозир ҳам шундай, келгусида ҳам шундай бўлиб қолади. Табиийки, 126 йиллик фаолият давомида етарлича тажриба ва илмий салоҳият тўпланган. Буни ҳамкорларимиз билан бўлишиш баробарида, уларнинг илғор илм-фан ютуқларини ўрганиш ниятидамиз. Бу борада олим ва талабалар учун ўзаро мақсадли дастурлар асосида ўқувлар ташкил этишни режалаштиряпмиз.

    Кенгашимиз туркий тилли илмий тадқиқот институтлари ва жамоат бирлашмалари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни такомиллаштириш, география, ўлкашунослик ва бошқа турдош фанлар бўйича назарий ёки амалий иш билан шуғулланувчи барча ташкилот, муассасаларга кўмаклашиш, барча жабҳаларда биргаликдаги саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш борасидаги таклифларни кўриб чиқишга доим тайёр.

    — Кенгашнинг галдаги режалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

    — Таъсис йиғилишида барча иштирокчи давлатлар томонидан келгусидаги ишларимиз бўйича йўл харитаси ишлаб чиқишга келишилган. Туркий давлатлар жуғрофия кенгашининг доимий қароргоҳи Тошкент шаҳрида жойлаштирилди. Шу билан бирга, кенгашга котиблик қилиш уч йил муддатга Ўзбекистон томонига ишониб топиширилди.

    Айни шу сабабларга кўра, кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш, аниқ лойиҳалар асосида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун Туркий давлатлар жуғрофия кенгаши йиғилишини йилига бир марта ўтказиш, туркий давлатлар ўртасида турли фан олимпиадаларини ташкил этиш ҳамда халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ва ғолибларни рағбатлантириш, илмий тадқиқот ишлари ва илмий конференцияларни ташкиллаштириш, туркий этноспорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш, туркий давлатлар ўртасида география, картография йўналишларида интеллектуал ўйинларни оммалаштириш ва ривожлантириш каби қатор таклифлар илгари сурилмоқда.

    Албатта, бу янги тузилган кенгаш фаолиятининг илк босқичи учун таклиф этилаётган қадамлар, холос. Улар бошқа ҳамкор давлатларнинг илмий жамоатчилиги ва география жамиятлари вакилларининг таклифлари асосида такомиллаштириб борилади.

    Шу билан бирга, кенгаш фаолияти доирасида аҳолининг географик ва экологик билимини мустаҳкамлаш, илғор илмий ғоялар ва ютуқларни кенг тарғиб қилиш, кенгашга аъзо мамлакатларда табиатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш, тегишли масалаларни ҳал этиш бўйича биргаликда фаол иш олиб бориш режалаштириляпти.

    Янги кенгаш халқаро лойиҳалар, жумладан, фан, таълим, экологик таълим, иқтисодий ёндашув, маданият ва туризм соҳаларида ўзаро алоқани кенгайтириш, туркий давлатлар тарихига оид масалалар бўйича муштарак илмий позиция ишлаб чиқиш, экология кун тартибини таъминлаш ва кўзланган мақсадларга эришиш каби лойиҳаларда иштирок этади.

    Умуман олганда, кенгаш унга аъзо давлатлар вакиллари ҳамкорликда илмий тадқиқот олиб бориши, ўзаро тажриба алмашиши имконини беради. Шунингдек, география соҳасидаги инновация, илм-фан янгиликлари билан ўртоқлашиш йўлга қўйилади. Иқлим ўзгаришининг табиий ва ижтимоий муҳитга таъсири ўрганилади.

    Эҳтимолий хавфли вазиятнинг олдини олиш, турли ҳолатга мослашиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, геодезия ва картография соҳасидаги тадқиқотларни ўзаро мувофиқлаштириш, туркий давлатлар ҳудудидаги моддий ва номоддий мерос объектларини ўрганиш, қадамжолар ҳақидаги маълумотларни келажак авлодга етказиш кўзда тутилган.

    Ишончимиз комилки, Туркий давлатлар жуғрофия кенгаши мамлакатларимиз илмий жамоатчилиги ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, география бўйича замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштириш, илм-фан, таълим, инновациялар, спорт ва туризм соҳаларида ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим платформага айланади.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Дилшод УЛУҒМУРОДОВ суҳбатлашди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates