Туркий тилли давлатлар вазирлари пандемия билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилмоқда

    Халқаро ҳамкорлик 30 октябр 2020 444

    Истанбулда  Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши соғлиқни сақлаш соҳасида мувофиқлаштирувчи илмий қўмитаси йиғилишининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 

    Туркия, Венгрия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлари қатнашаётган йиғилишда юртимиздан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда. Шунингдек, мазкур тадбирга ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси раҳбари Ханс Клюге ҳам ташриф буюрган.

    Маросимни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Бош котиби Бағдат Амреев очиб берди.

    Тадбирда Алишер Шадманов сўзга чиқиб, юртимизда коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва бунда халқаро жамоатчилик, жумладан, Туркия билан тизимли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлади.

    ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси раҳбари Ханс Клюге ва Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фахруддин Қовжа ўз нутқларида Ўзбекистоннинг пандемияни жиловлаш борасидаги ҳаракатларига ижобий баҳо бериб, қисқа фурсатларда касалликка чалинган беморларни даволашга ихтисослаштирилган шифохоналар қуриб битказилгани, “COVID-19”га гумон қилинганларни саралаш ва тақсимлаш тизими яхши йўлга қўйилгани, вирусга қарши қўлланилаётган қатор дори воситалари ва тиббий буюмлар мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилаётгани Ўзбекистоннинг салоҳиятидан дарак беришини эътироф этишди.

    Ушбу муҳим йиғилишнинг асосий мавзуси — шу кеча-кундузда дунёнинг энг долзарб муаммоси бўлиб турган коронавирус пандемиясига қарши курашишда минтақалараро ҳамкорлик, янги вирус бўйича тўпланган тажрибалар билан ўртоқлашиш, қардош халқлар соғлиқни сақлаш тизимлари ўртасида шу ва бошқа масалаларда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш масалалаларидир.

    Ушбу илмий анжуман кун тартибида:

    коронавирус инфекциясини ташхислаш ва даволаш;

    оғир аҳволдаги беморларни парваришлаш;

    вирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш;

    эпидемиологик вазиятни бошқаришда электрон тизимларни жорий қилиш;

    “COVID-19”га қарши вакцинация жараёнларида биргаликда ҳаракат қилиш каби масалалар муҳокама қилинади.

    Анжуман ҳақидаги батафсил маълумотларни кейинги хабарларимизда ёритиб борамиз.


    ССВ Матбуот котиби.
    Истанбул, Туркия Республикаси.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates