Турсуной Олимпиада чемпиони бўлмоқчи

    Эндигина бешинчи синфга ўтган Турсуной деярли ҳар куни мактабдан қайтгач, тушлик қилиб, қайгадир кетиб қоладиган одат чиқарди.

    Бундан хавотирланган онаси бир куни унинг ортидан кузатди. Унинг изидан бораркан, Турсуной тўғри мактаб спортзали томон ошиқаётганига гувоҳ бўлди. Қизи зал эшиги олдига келганда тўхтаб қолди. Эшик бироз қия очиқ. У эса шу ердан ичкари томон термулиб турарди.

    Яқинроқ келиб, онаси ҳам ичкарига кўз югуртираркан, залда бир гуруҳ болалар чиройли спорт кийимида устозлар ҳаракатларини такрорлаш билан бандлигини кўрди. Бироз ажабланган она қизига танбеҳ бериб, уйига олиб кетди. Аммо қанча огоҳлантириш бўлмасин, қизи бу одатини тарк этмади. Бундан хабар топган отаси Валижон ака қизининг спортга меҳри бўлакча эканини англади. Асли чавондоз, спортдан яхшигина хабардор бўлгани боис, қизини машғулотларга жалб этишга киришди.

    У пайтлар маҳаллада қизлар деярли спорт билан шуғулланмасди. Шу боис, уйда ўзи мустақил шуғуллантиришга киришди. Қизига тош кўтаришни ўргата бошлади. Ўзи қўлбола штангалар ясаб, Турсунойга кўтариш йўлларини кўрсатиб, тушунтириб борди. Тиришқоқ қизча эса энди мактаб спортзали томон ошиқмасди. Бўш вақт топди дегунча ҳовлига чиқиб тош кўтариш билан банд бўларди. Орадан икки йил ўтмасдан яхшигина полвон қизга айланди.

    У ўрта мактабнинг тўққизинчи синфини тамомлагач, Қарши олимпия ва паралимпия захиралари коллежининг оғир атлетика бўлимига ўқишга кирди. Бу ерда машғулотлар учун деярли барча шароитлар бор эди. Мураббийлар кўмагида шаҳар, вилоят миқёсидаги мусобақаларда иштирок этиб, ўз тажриба ва билимини амалда синовдан ўтказа бошлади. Гоҳида ютқазди, гоҳида ғолиблик нашидасини сурди.

    Бош мураббий эътиборига тушди

    Навбатдаги республика биринчилигида ажойиб ҳаракатлари билан ажралиб турган спортчи қиз оғир атлетика бўйича мамлакат терма жамоаси бош мураббийи Баҳром Мендибоев эътиборини тортди. У тезда ёш атлетни терма жамоа сафига қўшиб олди.

    Бу пайтда Турсуной илк бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритиб улгурганди. Терма жамоа сафига қабул қилингач, машғулотларга янада қизғин киришди. Тинимсиз меҳнат, доимий интилиш ғалабалар сари чорлади. Энди навбат халқаро мусобақаларга келганди. Илк халқаро баҳсда ҳам у ишончни оқлади. Кейинги мусобақа Осиё чемпионати эди. Турсуной бу сафар Осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.

    Бу орада коллежни тамомлаган бўлса-да, спортни тарк этмади. Доимо олға ҳаракати самарасида халқаро спорт майдонларида бир неча бор юртимиз мадҳиясини баралла янграшига эришди.

    Устози Баҳром Мендибоев энди жаҳон чемпионлигини қўлга киритиш вақти келганини таъкидларди. Бу эса шогирдини янада руҳлантирди. Аммо 2018 йилда Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида ҳаяжон бўлдими ёки дунёнинг кучли атлетлари жам бўлган беллашувларда бироз тажрибаси етмадими, хуллас, натижа кўрсата олмади. Албатта, спортчига бу озгина бўлса-да, руҳий таъсир кўрсатди. Лекин у ўзини йўқотиб қўймади. Балки хатолардан хулоса чиқаришга, ўз устида янада қаттиқроқ ишлашга киришди. Устозининг ҳар бир топшириғини мукаммал бажарди.

    Орадан бироз ўтиб, яъни 2021 йилда ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида -87 кг вазнда иштирок этиб, барча рақибларини доғда қолдирди. Силтаб кўтаришда ҳам, даст кўтаришда ҳам ғолибликка эришди. Жорий йилда Грецияда ўтказилган жаҳон чемпионатида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Август ойида Туркиянинг Коня шаҳрида ташкил этилган Ислом бирдамлиги ўйинларида ҳам ўз вазни бўйича тенгсизлигини амалда намоён этди.

    Орзулар сари олға интил

    Қамаши туманидаги “Манғит” маҳалла фуқаролар йиғинида таваллуд топган Т.Жабборова шу пайтгача тўрт карра жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Аммо у орзулари сари доим олға интилишни хоҳлайди. Эндиги нияти Олимпиада ўйинларида қатнашиш. Спортчи нуфузли мусобақада шунчаки иштирок этишни эмас, балки ғолибликни мақсад қилган. Бунинг учун унда имкониятлар ҳам, тажриба ҳам етарли. Юртимизда айнан ёшлар учун яратилган қулайликлардан унумли фойдаланишни яхши билади. Шу боис, доим ғолиблар қаторидан жой олмоқда.

    Айни пайтда у Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг психология факультети иккинчи босқич талабаси.

    — Спортчи учун энг асосийси руҳий тайёргарлик, — дейди Турсуной Жабборова. — Буни мусобақаларда иштирок этганлар кўп бора бошидан ўтказишган. Бир оғиз нотўғри гап тинимсиз меҳнатни йўққа чиқариши мумкин. Боиси, қанча ҳозирлик кўрманг, руҳий ҳолатингиз тушкун бўлдими, барибир кўзланган мақсадга эришиш мушкул. Шу боис, спортчилар, аввало, руҳан тайёр бўлиши керак. Яхши кайфиятда бошланган ҳар қандай иш ўз ижобий натижа кўрсатиши кўп бор исботланган. Мендан қизлар оғир атлетика билан шуғулланса, саломатлигига салбий таъсири бор ёки йўқлиги борасида кўп сўрашади. Лекин нафақат оғир атлетикада, балки ҳар қандай спорт турида унинг ўз техникаси, услубларига қараб шуғулланмас экансиз, албатта, фойдасидан кўра зарари ошиб кетади. Шунинг учун ҳар доим мураббийлар маслаҳатига амал қилган ҳолда шуғулланиш лозим.

    Турсунойнинг илк бор спортга кириб келишига отаси сабабчи бўлган. Афсуски, бугунги кунда қизи эришган ютуқларни кўриш унга насиб этмади.

    “Отам менга доим олдинга интилишни, ғалаба сари ҳаракат қилишни ўргатган бўлса, устозларим спортни мукаммал ўзлаштиришга ёрдам бериб келишган. Бугун давлатимиз бизга кенг имкониятлар эшигини кенг очиб берган экан, бундан фақат унумли фойдаланиш даркор”, дейди Турсуной.

    Эндигина йигирма ёшга кирган қизнинг энг асосий мақсади Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон мадҳиясини баралла куйлаш.

    Акбар РАҲМОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири