Тьютор ким?

    Тьютор ишининг асосий шакли талаба билан индивидуал ва жамоада ишлаш ёки унга таълим-тарбия маслаҳатчиси бўлишдан иборат.

    Ҳар бир олий таълим муассасининг талабаси унинг фарзанди кабидир. Ота-она ўз болалари учун доимо қайғургани сингари бугун таълим муассасалари ҳам талабаларнинг илм олиши, келгуси фаолиятини тўғри белгилашига масъулликни ҳис этади. Талабага таълим бериш билан бирга, дарсдан бўш вақтида нималар билан бандлиги, қандай муҳитда яшаши, унинг фанлардан ташқари қизиқишлари — ҳаммаси олий ўқув юрти учун муҳим.

    Хўш, бу жараёнда ўтган даврларда олий таълим муассасаси қандай ишларни амалга оширган? Маълумки, яқин йилларгача ОТМларда мураббийлик тизими асосида иш олиб бориларди. Бунда мураббийлик тизими профессор-ўқитувчи хоҳласа-хоҳламаса мажбурий юклама сифатида академик гуруҳларга бириктирилган. Бу мажбурлов юкламасидан ташқари, ўқитувчи сифатида ўзининг катта масъулияти ҳам турган. Ўқитувчи бир кунда уч пара дарси бўлса, бириктирилган гуруҳларга фақатгина танаффус вақтида эшикдан мўралаб ёки гуруҳ сардоридан шунчаки “ким бор, ким йўқ”лигини билиш, “нима муаммо бор” деб сўрашдан кўп узоқлашмаган.

    Қолаверса, бу мураббийлик тизимида ойлик маошининг 25 фоизигача устама ҳақ тўлаш белгиланган бўлса-да, камдан-кам ҳолларда 20 фоизгача тўланган, аксарият ҳолларда эса ишига яраша 5-15 фоиз ҳақ тўланган холос.

    Бугун ҳам олий ўқув юртларида талабаларнинг мустақил таълим олиш фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашувчи мураббийлар иш олиб бормоқда. Бироқ эндиликда улар гуруҳ мураббийи эмас, балки тьютор мақомида. Табиийки, уларнинг вазифалари ҳам аввалгиларидан фарқ қилади.

    Республика давлат олий таълим муассасаларида тьюторлик тизими жорий қилинганига кўп бўлмади. Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ҳамда шу асосида қабул қилинган Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2021 йил 30 сентябрдаги буйруғи ва Низоми янгича тизимга асос бўлган эди. Бугун бир қанча ОТМлар қатори Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ҳам тьюторлар иш олиб бормоқда. Айни кунда уларнинг сони 72 нафарга етди.

    Гуруҳ мураббийлигидан — тьюторликка

    Ҳозирги глобаллашув шароитида барча соҳаларнинг таянчи, фундаменти — таълимга бориб тақалади. Чунки айнан таълим даргоҳларидан жамият учун керакли ва уни бошқарадиган етук мутахассислар етишиб чиқмоқда. Шу жиҳатдан, замон талабларига мос, иродали, ҳар томонлама мулоҳазали, манфаатлари бунёдкорлик ғоясига қаратилган ёш кадрларни тарбиялаш бугунги кун таълим муассасалари олдида турган долзарб вазифалардан саналади.

    Тьюторлик тизими ҳам ана шу мақсадларга йўналтирилган. У олий таълим муассасасида тарбия жараёнини тизимли ва самарали амалга оширишнинг муҳим шакли ва воситасидир. Тьютор эса талабаларнинг шахсий ривожланишига, таълим муассасаси, республика ва халқаро миқёсдаги танлов ва олимпиадаларда муносиб иштирок этишига, шунингдек, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишига кўмаклашувчи педагог бўлиб, у йигит-қизларни касбга йўналтириш, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, турли илмий тўгаракларга жалб этиш ҳамда муаммо ва камчиликларини ўрганиб, уларга атрофлича ечим топиш билан шуғулланади.

    Ҳар қандай янгилик каби бу йўналишнинг ҳам келиб чиқиш тарихи бор. Кўп манбаларда таъкидланишича, дастлабки тьюторлар XII асрда Англиянинг Оксфорд ва Кембриж университетларида пайдо бўлган. Атама инглиз тилидан олинган ва “уй ўқитувчиси, ўқитувчи, мураббий, васий” деган маъноларни англатади. “Тьюторлик” сўзи инсоннинг шахсий таълимини қўллаб-қувватлашни англатади. Бу жуда нозик, “хусусий” иш фаолиятидир.

    Рус тадқиқотчиси Н.В.Рибалкинанинг фикрига кўра, XVI аср охирига келиб тьютор университет таълими тизимида қўл остидаги талабаларнинг тарбиясига масъул бўлган муҳим шахсга айланади. XVII асрда тьютор фаолияти кўлами янада кенгайиб, эндиликда унга таълим бериш вазифалари ҳам юкланади. У талабага қайси амалий машғулот ва маърузаларга киришни аниқлаб беради, талабалар дарсларни қолдирмай яхши ўқишлари ва имтиҳонларга тайёр бўлишларини назорат қилиб боради. XVII асрдан бошлаб тьюторлик тизими расман инглиз олий таълими тизимининг ажралмас қисми сифатида тан олина бошлаган.

    Бугунги кун маълумотларига қараганда, замонавий Оксфордда 90 фоиз, Кембрижда эса 75 фоиз тюьторлар 1 ёки 2 талаба билан иш олиб боради. Улар махсус маълумотга эга бўлмасаларда, талабаларга ҳам ўқиш давомида, ҳам таътил пайтида раҳбарлик қилиш, маънан устозлик қилиш каби вазифаларга масъул.

    Аниқроғи, тьютор ишининг асосий шакли талаба билан индивидуал ва жамоада ишлаш ёки унга таълим-тарбия маслаҳатчиси бўлишдан иборат. Тьюторга етакчилик, ташкилотчилик, ташаббускорлик, интилувчанлик, нотиқлик маҳорати, мулоқатга киришиш, замонавий ахборот-коммуникация ва инновацион педагогик технологиялар билан ишлаш бўйича малакага эга бўлиш, таълим-тарбия жараёнига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни билиш каби бир қатор умумий талаблар қўйилади.

    Талабага энг яқин кўмакчи

    Маълумки, талабалар биринчи босқичга қабул қилиниши ёки ўқишини кўчириш орқали келгани боис, у билан боғлиқ маълумотлар базаси шакллантирилмаган бўлади. Ҳар бир тьютор ўзига бириктирилган академик гуруҳдаги талабалари билан индивидуал ўтириб, университет ёки деканат томонидан берилган маълумотлар шкаласи, жамланма шакли бўйича талабанинг исм-шарифидан тортиб токи унинг яшаш манзили, қизиқишлари, яқин қариндошлари, умуман, барча маълумотларни сўраб, белгиланган маълумотлар базасини тўлдиради. Бу ишда тьюторнинг масъуллигини янада ошириш аҳамиятли. Чунки, талабанинг берилган маълумоти аниқлиги, тўғри келтирилгани, расмийлаштиришда хатоликка йўл қўйилмаслиги эътиборни кучайтиришни талаб қилади.

    Баъзан талабалар, айниқса, биринчи босқич ва ҳатто катта курсларда олийгоҳнинг шарт-шароитидан хабардор эмаслигига гувоҳ бўламиз. Мана шундай пайтда унга йўл кўрсатиб турувчи шахс керак бўлади. Талабалар турар жойлари, ахборот ресурс маркази, талабанинг дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил этишга йўналтирилган турли тўгарак, клублар, спорт мажмуаси, олийгоҳ музейи, маданият ва мусиқа заллари ва бошқалар билан яқиндан таништириш лозим. Йигит-қизлар дастлабки ўн кунда қизиқишлари доирасида зарур бинолар, шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб боришига эришиш керак. Бу унинг дастлабки кунларданоқ ўқиш ва изланишларини бир маромда ташкил этиш ва давом эттириш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилада.

    Олийгоҳларда талабалар қизиқишларини инобатга олиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бугунги замонавий тизим тьюторлари талабанинг бўш ватини мақсадли ташкил этишда вақтбай эмас балки саоатбай, минутбай механизмини қўллаган ҳолда янгича руҳдаги, мотивацион, самарали ташкилий-амалий ишларни бажариб келмоқда. Албатта, ҳар бир талабани тўғри йўналтириш, уларнинг бўш вақтини самарали ва натижадор қилиб ташкил этиш жамият учун янада билимли, салоҳиятли кадр етиштиришга хизмат қилади. Маълумки, давлатимиз, олий таълим муассасалари томонидан номдор стипендиялар, грантлар жорий қилиб борилмоқда. Президент, Навоий, Беруний, Ибн Сино, Ислом Каримов (ва бошқа) номидаги номдор стипендиялар шулар жумласидан. Яна, халқаро ёки республика миқёсидаги грантлар, лойиҳаларда иштирок этиб, ғолиб бўлиш имконияти ҳам мавжуд. Бунинг учун талабани тўғри йўналтириб, у билан тизимли ишлаш керак. Бу вазифалар ҳам тьюторнинг зиммасига тушади.

    Кўплаб тадқиқотчи ва мутахассислар тьюторликни қўллаб-қувватлаш узлуксиз таълим тизимида ўзига хос мураббийликни ривожлантиришнинг энг самарали шаклларидан бири, деб таъкидламоқда. Айни пайтда тьюторлик илғор педагоглар томонидан татбиқ этилаётган инновацион педагогик фаолиятлардан бири сифатида ҳам эътироф этиляпти. Шу боис, юртимизда тьюторлик фаолиятига қизиқишнинг ортишига кўп омиллар сабаб. Шулардан бири, олий таълим муассасаларида тьюторлик технологияларини қўллаш эҳтиёжининг юзага келгани бўлса, яна бири, тьюторлик ғоялари давлат таълим дастурларига киритила бошланганидир.

    Талаба+ўқитувчи = муаммо?!

    Бу нима дегани? Биламизки, академик гуруҳ талабаси ва фан ўқитувчиси ўртасида ўзаро бир-бирини тушунмаслик ҳолатлари юзага келиб туради. Бундай вазиятда тьютордан фаоллик яъни, талаба билан индивидуал суҳбат натижасида вазиятга аниқлик киритиш талаб этилади. Сўнг, ҳолатнинг юкига қараб, ўқитувчи, факультет деканати ёки ота-онасига хабар берилади, улар билан фикр алмашилади.

    Бу бир томондан, муаммо катталашиб кетишининг олдини олса, бошқа томондан, олий таълим муассасасида турли иллатлар — қўпол муомала, таъмагирлик, шахсни ҳақорат қилиш, зўравонлик, ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари кодекси талабларига бўйсунмаслик кабилар юзага келишига тўсиқ бўлади. Ўз навбатида, бу жараёнларда тизим ходимлари мамлакатимизда олиб борилаётган “Коррупциясиз соҳа” тартиботида ва олий таълим муассасаларида соғлом маънавий муҳитни таъминлашдек устуворлик берилган вазифаларни амалга оширишга ўз ҳисасини қўшиб келмоқда. Буни “Тьютор профилактикаси” деса ҳам бўлади.

    Холис йўл кўрсатувчи

    Талаба қиёфаси. Бу ҳам тьюторнинг оғриқли масалаларидан бири. Чунки, ўспирин ёш ва ундан ўтиш вақтида бўлган талабаларга ягона кийим ёки чекловларга қаратилган тартибли, одобли кийиниш гоҳида малол келиши мумкин. Интизомни бузиш эса унинг тьютори университет раҳбарияти, деканат ёки бошқа мутасаддилардан танбеҳ эшитишига олиб келади. Шу боис, тьютор ҳар бир олий таълим муассасаларида қабул қилинган одоб-ахлоқ қоидалари кодекси ва ички тартиб-қоидалар асосида талабани тартибга чақириб туриши, ташқи кўриниш борасида ҳам маслаҳатлар бериши лозим. Жараёнда самарали методлар орқали талабаларнинг дунёқарашини шакллантириш, психологик портеретини яратган ҳолда иш олиб бориши муҳим вазифалардан саналанади.

    Ўтган йилнинг 17 ноябридан 15 декабрига қадар ҳудудларда республикадаги 140 дан ортиқ олий таълим муассасалари тьюторлари ва декан ўринбосарлари учун ташкил этилган ўқув-семинар ва семинар-тренингларда тренерлар сафида иштирок этдим. Жараёнлар жуда қизғин ва самарали ўтди. Янги ташкил этилган тизимда фаолият бошлаган тьюторлар ўз вазифаларини бажаришда дастлаб ёки тез-тез учраб турадиган масалалар ҳамда уларнинг ечимлари, декан муовинларининг тьюторлар билан ҳамкорликда ишларни қандай ташкил этиши борасидаги амалий механизмлар замонавий методлар орқали муҳокама қилинди, ўрганилди.

    Семинарларда тьюторлар томонидан мулоқатлар жараёнлари ва махсус сўровнома орқали тизимни янада яхшилаш, амалиётга учрайдиган турли муаммоли ҳолатлар, масалалар, амалий ечимини кутаётган кўплаб саволлар, таклиф ва тавсиялар олинди. Масалан, тьюторларларнинг ҳудудий мулоқот майдончаси ва тажриба алмашинувларини йўлга қўйиш, моддий-маънавий рағбатлантириш тизимини кучайтириш, “Йил тьютори”, “Энг фаол тьютор”, “Энг намунали тьютор” каби бир қанча наминациялардан иборат ҳудудий, республика босқичида ўтказиладиган кўрик-танловларни йўлга қўйиш, тьюторлик мақоми ва даражасини юксалтиришга оид меъёрий асосларни яратиб бориш каби таклифлар шулар жумласидан.

    Умуман, жараёнларда тьюторлик вазифасига билимли, дунёқараши кенг, педагогик ва психологик тажрибага эга муносиб ходимлар танланганига гувоҳ бўлдик. Ўйлайманки, янги ташкил этилган тизим вакиллари олдига қўйилган вазифаларни уддалаяпти. Энг асосийси, улар талаба ёшларнинг яқин кўмакчиси, таълим жараёнларида холис йўл кўрсатувчисига айланмоқда.

    Азизбек ОМОНОВ,

    Тошкент давлат иқтисодиёт университети Беш ташаббус маркази координатори, социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates