Учинчи Ренессансга бизни фақат сифатли таълим етказади

    Бугун илм-маърифат ҳам, келажак авлод тарбияси ҳам ўқитувчи фаолияти билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам бу соҳага катта маблағ ажратилмоқда. Хўш, таълим тизимидаги ҳолат ёки манзара қандай?

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим бозори шиддат билан ривожланмоқда. Унинг моддий-техник базасини шакллантириш ва мустаҳкамлаш борасида ибратли ишлар бажарилди. Ўқитаётган ва билим олаётган кадрлар учун ўқув-меъёрий ҳужжатларни халқаро андазаларга мослаштириш борасида ҳам узлуксиз ишлар давом эттириляпти.

    Ўзбекистон таълим бозорини мактабгача, умумий ўрта, профессионал, олий таълим, илмий тадқиқотлар ва малака ошириш таълим бозорлари ташкил этади. Уларда инсон капиталини ривожлантириш учун жуда катта маблағ ажратиляпти. Шу ўринда Президентимиз “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деган фикрни бежиз таъкидламагани яққол намоён бўлади. Бу ғоя таълим бозорида меҳнат қилаётган ўқитувчиларга жуда катта масъулият юкламоқда. Педагог энди дипломида қайд этилган муайян фан бўйича ўқитувчилик қилиши эмас, балки шу соҳанинг мутахассиси мақоми учун тинимсиз ўз устида ишлаши керак бўляпти.

    Ислом олами тарихига мурожаат қилсак, мусулмон уммати доимо илмни ўқитувчи (мударрис)дан ўрганиб келганига гувоҳ бўламиз. Китоб ёки қоғоздан илм ўрганиш макруҳ саналган. Мусулмонларнинг илоҳий китоби Қуръони каримни Муҳаммад алайҳиссалом ҳам Жаброил алайҳиссаломдан ўрганган ва, ўз навбатида, Оллоҳнинг бу каломини умматларига ўқитган ҳамда ўргатган. Ўқитувчилик мақомига машаққатли меҳнат эвазига эришилгани учун ҳам Оллоҳ таоло ўз каломида “Оллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”, деб марҳамат этган.

    Олим кишининг бир кунлик ибодати илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг экани, қиёматда илм шафоат қилиши, агар илмли таълим берса, Ер ва осмондаги барча жонзот Оллоҳдан унга мағфират сўраши ва бошқа кўп башоратлар саҳиҳ ҳадислар орқали ривоят қилинган. Тарих шоҳид: ислом дини нозил бўлгач, ундан кейинги икки юз йилда таълим тез ривожланди. Унинг бундай тез тараққий этишида жамиятда ўқитувчи мақомининг улуғлангани муҳим аҳамият касб этди. Илм ўрганиб, устозлик мақомига эришиш учун Имом Бухорий ва Имом Термизий йигирма йиллаб хорижий юртларда таълим олади ва ватанига ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб қайтади. Исломдан аввалги давр ҳақида маълумот берувчи манба Абулфараж Исфаҳонийнинг “Китоб ул-ағоний” асари саналади. У кишининг асарлари 20 жилддан иборат бўлиб, “Ағоний ул-кабир” (Қўшиқлар катта китоби) номи билан машҳур. Бу манбада ҳам исломдан аввалги давр жоҳилият даври деб аталади. Европада ҳам черков даври уйқудаги давр деб номланади. Қачонки ислом пайдо бўлиб, бошқа ўлкаларга тарқалиб, маълум давр ўтгач турли ҳудудларда Уйғониш даври пайдо бўла бошлади. Айниқса, бу Шарқ мамлакатларида яққол кўзга ташланди. Илм-фандаги янгиликлар Ғарб дунёсига ҳам таъсир ўтказди. Тарихда бу давр французча “Renaissance”, яъни уйғониш маъносини беради.

    Мовароуннаҳрда Уйғониш даври икки босқичда ўрганилади. Биринчи босқич бу IX-XII асрларни ўз ичига олса, иккинчи босқич эса XV-XVI асрларни қамраб олади. Бу даврдаги илм-фан тараққиёти ва мовароуннаҳрлик мутафаккирларнинг унга қўшган ҳиссаси ҳақида тарихий манбаларда жуда кўп маълумот келтирилган. Мовароуннаҳрда Учинчи Ренессансни ХХ аср бошларида жадидчилик маърифатпарварлари бошлаб берди, аммо большевиклар мафкураси ва унинг қатағон машинаси буни амалга оширишга йўл қўймади. Абдулла Авлонийнинг бундан бир юз саккиз йил аввал ёзилган “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарининг “Тарбия замони” бобини ўқиган киши боболаримизнинг тафаккурига қойил қолади. Ушбу бобни Абдулла Авлоний қуйидаги фикрлар билан хулосалайди: “Алҳосил, тарбия бизлар учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидур. Расули акрам набийи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи вассалам афандимиз: “Инсонларнинг карами динидадур, муруввати ақлиндадур, ҳасаби ахлоқиндадур”, деганлар. Абдулла Авлонийнинг бундай хулосага келишига нима сабаб бўлди? Чунки ХХ аср бошларида оилада фарзандга она тарбияси ғариб, ота тарбияси заиф эди. Муаллим методикани билмаслиги, мударриснинг манфаати ош бўлгани учун болалар ҳукумат мактабидан зарур билимларни ололмаган. Шу даврда яна бир маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ёшларга қарата бир неча мурожаат қилиб, араб, форс, турк ва рус тилини мукаммал ўрганишга даъват қилган. Бу миллий уйғониш ғояларидан ҳадиксираган большевиклар идеологияси жадидчилик маърифатпарварларининг ҳаётига суиқасд уюштириб, уларни бир-бирига қарши қўйди. Натижада илм-маърифат зарар кўрди. Маҳаллий халқларнинг миллий уйғонишига тушов бўлди. Бу жараёнларни ва жадидлар тарихини ўрганган тадқиқотчилар манбаларида батафсил маълумотлар келтирилади. Шунинг учун ҳам Президентимиз “Минг афсуски, жадид боболаримиз ўз олдига қўйган эзгу мақсадларни амалга оширишга мавжуд вазият, ижтимоий тузум йўл бермади. Маърифат фидойилари ўша даврнинг турли жоҳил кимсаларининг туҳмат-маломатларига дучор бўлдилар. Аввал чор ҳукумати, кейинчалик совет ҳукумати уларни аёвсиз қувғин ва қатағон қилди. Шу тариқа миллий уйғониш ва тараққиёт ҳаракати эл-юртимиз учун армон бўлиб қолди”, деб таъкидлаган эди.

    Бугун илм-маърифат ҳам, келажак авлод тарбияси ҳам ўқитувчи фаолияти билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам бу соҳага катта маблағ ажратилмоқда. Хўш, таълим тизимидаги ҳолат ёки манзара қандай?

    Мамлакатимизда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ўқитувчиларга тоифалар бериб борилади. Яқинда шу соҳа бўйича халқ таълими вазирлигининг статистик маълумоти тарқатилди. Республикада ўқитувчиларнинг тоифаси бўйича тақсимотнинг таҳлили қуйидагича экан: “Олий тоифалилар 3 фоиз, биринчи тоифалилар 11 фоиз, иккинчи тоифалилар 23 фоиз, тоифасизлар 48 фоиз, ўрта махсус маълумотлилар эса 15 фоизни ташкил этмоқда”. Давлат томонидан ўқитувчиларга яратилаётган шароитларга қарамай, юқори тоифага интилиш суст кечмоқда ёки билими соҳаси бўйича паст бўлгани учун мақомини ҳимоя қилолмаяпти. Бу эса, ўз навбатида, мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига киришига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари тезкор маълумотлар таҳлилига кўра, республика бўйича 2020 йили битирувчилар сони 449 минг 861 нафарни ташкил этган. Шундан 70 минг 418 нафари (15,7 фоизи) олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Республика бўйлаб энг юқори кўрсаткич Навоий вилояти (29,8 фоиз) ва Тошкент шаҳри (26,6 фоиз) ҳиссасига тўғри келмоқда. Энг паст натижаларни эса Самарқанд (10 фоиз) ва Қашқадарё (10,9 фоиз) вилоятлари кўрсатмоқда.

    Таҳлиллардан келиб чиқиб, Халқ таълими вазирлиги томонидан мактаблардаги педагоглар фаолияти қизил ва яшил категорияларга ажратилди. Мактабларда малакали ўқитувчиларга талаб юқори. Чунки ота-оналар ҳам фарзандларининг шундай ўқитувчилардан сабоқ олишини талаб қилмоқда. Мактаблардан ташқарида репетиторлик ўқув курсларининг мавжудлиги — бу умумий ўрта таълим тизимида ўқитишдаги заиф нуқталарнинг мевасидир. Агар мактабларда фан ўқитувчилари ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб, дастурда берилган билимларни ўқувчига етказганда эди, ота-оналар қўшимча харажат қилиб, репетитор излаб юрмас эди. Юқоридаги статистик таҳлиллардан кўриниб турибдики, халқ таълими тизимидаги ўқитувчиларнинг 14 фоизи интеллектуал социал “товар” сифатида эъзозга лойиқ. Қолган 86 фоиз ўқитувчини малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизими структураси шаклларидан фойдаланиб, янги методика (Учинчи Ренессанс пойдевори талабига мос) асосида ўқитишга эҳтиёж сезилмоқда. Бунинг учун эса янги ўқув режа ва дастур ишлаб чиқиш керак. Асосий жамиятга интеллектуал социал “товар” етказиб бераётган учинчи таълим бозорида етакчи хорижий таълим муассасаларининг 29 та филиали, 58 та қўшма дастурлар асосида 8124 та квота ажратилиши ҳамда нодавлат олий таълим муассасалари ва уларга давлат квоталарининг ажратилиши бу бозорда аста-секинлик билан рақобатни вужудга келтиришга хизмат қилади.

    Республика олий таълим бозорида бугун 122 та олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Бу олий таълим муассасаларида классификаторга мувофиқ 7 та билим соҳаси бўйича 300 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 570 та мутахассислик бўйича 500 минг талабага 29998 нафар профессор-ўқитувчи дарс беряпти. Илмий-педагогик салоҳият 2016 йили 31,9 фоизга етган бўлса, бугун 38 фоизни ташкил этмоқда. Олий ўқув юртларидаги илмий педагогик салоҳият охирги уч йилда бирмунча жонланди. Хусусан, 2020 йили 1252 нафар профессор-ўқитувчи фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) даражаси учун диссертацияларини ёқлади. Бу таълим бозорида битирувчиларнинг, яъни ишлаб чиқариш ва халқ хўжалигининг турли тармоқларига бораётган кадрларнинг сифати қандай деган саволга бугун ҳеч ким жавоб беролмайди. Бунинг монторинги ҳам олиб борилмайди. Фақат олий таълим муассасалари ректорлари рақамлар билан фахрланиб юрибди. Квотанинг ошгани ва кундузги, кечки, сиртқи ҳамда қўшма дастур бўйича ўқув шаклини очдим, деб мақтаниш — жараённинг шакли, холос. Ваҳоланки, ўқув жараёнининг мазмуни яхшиланса, кадрлар сифати яхшиланиши исбот талаб қилмайдиган аксиомадир.

    Бугун олий таълим битирувчиларига нисбатан халқ хўжалиги тармоқлари раҳбарларининг эътирози катта. Чунки деярли олий таълимда дуал таълим ривожланмаяпти. Олий таълимда дарс бераётган профессор-ўқитувчиларнинг ўз соҳаларида иш тажрибаси кам. Ишлаб чиқаришдаги энг янги технологияларни деярли билмайди. Билганлари ҳам ижтимоий тармоқлардаги назарий фикрлар билан чекланиб қолмоқда. Шунинг учун давлат томонидан катта сарф-харажатлар билан келтирилган лабораторияларни ишга тушириш ва талабаларни фойдаланиши учун бириктиришда муаммолар пайдо бўлмоқда.

    Олий таълимда профессор-ўқитувчиларнинг фан дастури ва унда қўйилган давлат талабларининг аудиторияларда ва аудиториялардан ташқарида талабаларга қандай етказилаётганлигини қатъий мониторинг қиладиган вақт келди. Чунки шундай қилмаса, кадрлар сифати яхшиланмайди. Иккинчидан, профессор-ўқитувчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ёки устама белгилаш, ёки давлат мукофатларига тавсия этишда дарс бериш методикасини, албатта, ҳисобга олиш лозим. Чунки таълим тизимида хоҳ назарий, хоҳ амалий ёки семинар, лаборатория машғулоти бўлсин, методикадан хабарсиз муаллимнинг дарси бесамара бўлади. Бу соҳадаги кўз илғамас коррупцион ҳолатларга чек қўйиш лозим.

    Жамоатчилик коррупцион схемаларни барибир ўзаро мулоқотларда бир-бирига айтади. Бу эса дарс беришга иштиёқни сўндиради. Пандемия ва унинг социал оқибатлари таълим тизимидаги бозорларга ниҳоятда сифатли интеллектуал салоҳиятли “товар” чиқаришни талаб қилмоқда. Таълим бозорида маҳаллий ишбилармон тадбиркорларнинг иштироки ва уларга ҳуқуқий ваколатлар берилиши кадрлар тайёрлаш сифатига ижобий таъсир қилиши сир бўлмай қолди. Аксинча, таълим бозорида адолатли, ҳалол рақобат пайдо бўлади. Бугун дунё таълим бозорида иштирок этаётган миллиардер тадбиркорларнинг китобларини ва улар ҳақида ёзилган асарларни она тилимизга таржима қилиб, маҳаллий тадбиркорларга ҳам етказиш ва ўқитиш вақти келди. Чунки бугун дунё халқлари АҚШлик тадбиркор Илон Маск ва у раҳбарлик қилаётган компанияларнинг онлайн тўлов тизими, автомобиль ва энергия саноати ҳамда фазо индустриясида амалга ошираётган инқилобини ҳайрат билан кузатиб турибди.

    Мамлакатимизда таълим бозорига тадбиркорларни жалб қилиш йигирма йиллар кечикди. Чунки мустақилликнинг дастлабки йилларида ўзига тўқ кишилар хусусий олий таълим муассасалари ташкил эта бошлаганда уларнинг фаолияти дарров тўхтатилган эди. Бугун Илон Маск лабораториясида дунёнинг 4000 га яқин энг сара олими IT соҳаси бўйича ишлаётган экан. Бизнинг олий таълим муассасаларимиздаги баъзи ҳолатларни кузатиб, муаллимларнинг шогирдига қўяётган талаби ва тингловчи талабаларимиз берган саволларнинг нақадар заифлигини сезиб, бундай ҳолатда қачонгача давом этиш мумкин деб ўйга толади киши. Ҳижоб диний либосми ёки йўқми, соқол қўйиш, жума намози, дунёвий илм ёки диний илм фарзми, ўғил ва қиз болаларни ажратиб ўқитишга оид берилаётган саволлар ХХ асрнинг 80-90 йилларида кўтарилган эди. Бугун таълим муассасаларида бу масала яна такрорланиши эса дунёқарашимизда ҳали заиф нуқталар кўплигидан далолат беради. Шу ўринда ҳам дунёвий ҳам диний олий таълим муассасалари талабалари мантиқ фанига эҳтиёж сезаётгани маълум бўлмоқда.

    Шарқ фалсафасида хусусан, ислом фалсафасида ҳам мантиқни ўрганиш қадимдан буюк мутафаккирларимиз ўқиган мактабларнинг ўқув дастури эътиборида бўлган. Акс ҳолда улар буюк юнон файласуфларининг асарларига раддия беролмас эди. ХХI аср бошларига келиб, бу фанга соҳа вазирлигининг тегишли бошқарма мутахассисларининг ва таянч олий ўқув юртларининг лоқайдлиги туфайли эртага тайёрлаётган мутахассисларимиз тушунча, ҳукм, хулоса чиқариш, тафаккур қонунлари, раддия, исботлаш каби мантиқ илмидан бехабар бўлиб чиқади. Маълум бир вақт ўтгандан сўнг эса ўзи ўқимаган фан бўйича яна малака ошириш ташкил этаверамиз. Ижтимоий тармоқлардаги фалсафий дунёқарашимизга зид ва ислом дини фалсафасини нотўғри талқин қилаётган фикр эгаларига раддия бераётган олим ва имом домлаларимиз бармоқ билан санарли экани буни исботлаб турибди. Акс ҳолда яна буюк мутафаккир боболаримиз мероси билан фахрланиб юриб, ўзимиз шу меросга муносибмизми, уларнинг кашфиётларини ким давом эттиряпти деган саволларга жавоб беролмай қоламиз.

    Дунёни энг сўнги ахборот технологиялари асосида интеллектул салоҳиятли кадрлар бошқариши сир бўлмай қолди. Мамлакатимизда ташкил этилаётган Президент университети, нодавлат олий таълим муасасалари ва Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар бу миссияни бажаришига ишонч мавжуд. Чунки шу вақтгача мавжуд олий таълим муассасаларида тайёрланаётган бакалавр таълим йўналиши ва магистратура мутахассисликларида ўзаро рақобат шаклланмади. Республикада бир йўналиш ёки мутахассислик бўйича бир нечта олий таълим муассасалари кадр тайёрласа ҳам улар ўртасида рақобат бўлмади. Бунинг сабаби эса ўқув режа ва фан дастурларининг ҳаддан ташқари марказлашуви, регионларни ва улардаги кадрлар салоҳиятини инобатга олмаслик, олий таълим кадрларини танлаш ва саралашда непозитизм, протекционизм ва лоббизм унсурларининг сақланиб қолгани халал берди.

    Президентимиз “Бугун ҳаёт янгича фикрлаш ва ишлаш, миллий “ақл марказлари”мизни шакллантиришни талаб этмоқда. Афсуски, атрофимиздаги барча сиёсий-ижтимоий жараёнларни чуқур тушуниб, таъсирчан тилда етказиб берадиган таҳлилчи ва экспертларимиз жуда кам. Бундай вазиятда жамиятимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасидаги илмий-амалий тадқиқотларни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур”, деб бежиз таъкидламади. Бу ғоя таълим бозорига кадрлар тайёрлаётган таълим муассасаларининг интеллектуал социал “товар” тайёрлаш сифатига креатив ёндашувини талаб қилади. Бунинг учун эса таълим муассасаларидаги непозитизм, протекционизм ва лоббизм ҳолатлари билан ҳалоллик билан кураш олиб бориш керак. Акс ҳолда яна ҳеч нарса ўзгармай қолаверади. Бу унсурлар билан ҳозир кўпинча таълим муассасалари раҳбарлари оммавий ахборот воситаларида пиар қилиш орқали кураш олиб бормоқда. Реал ҳаётда ёки таълим бозоридаги бугунги ҳолат давлат талабларига жавоб бермайди.

    Улаш МУСТАФОЕВ,

    Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги

    малака ошириш марказининг Сурхондарё вилояти

    минтақавий филиали кафедра мудири,

    фалсафа фанлари номзоди

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates