Уй-жойга эҳтиёжингиз борми?

    Турар жойга эҳтиёжи борларнинг 96 фоизи бу борада кўмакка муҳтож.

    Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи ҳамда харид жараёнида юзага келаётган қийинчиликларни ўрганиш мақсадида ижтимоий сўров ўтказилди. Жорий йилнинг февраль ойида Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан ўтказилган сўровда 1 минг 620 киши иштирок этди. Сўровнома 4 та асосий ва 5 та анкета саволидан таркиб топган бўлиб, иштирокчилар саволларга Google Forms платформаси орқали жавоб берди.

    Ўтказилган сўров натижасида қуйидагилар аниқланди:

    Респондентларнинг 83 фоизи уй-жой сотиб олишга эҳтиёжи борлигини таъкидлаган. Шунингдек, турар жойга эҳтиёжи борларнинг 96 фоизи бу борада кўмакка муҳтож. Уларнинг 71 фоизи шаҳарда ва 29 фоизи қишлоқ ҳудудларида яшайди.

    Маълумот учун: Сўнгги олти йилда мамлакатимиз аҳолиси 5,5 миллион нафарга кўпайди. 2035 йилга бориб 45 миллион нафардан ортиши прогноз қилинмоқда. Шуни инобатга олиб, 2017 йилдан буён 326 мингта янги уй-жой фойдаланишга топширилди. 2022 йилда 31 та “Янги Ўзбекистон” массивини қуриш дастури бошланди. Шунингдек, 2023 йилда тижорат банкларига 31 минг оилага уй-жой ипотекаси учун 9 триллион сўмлик ресурс йўналтирилади.

    Сўров Тошкент шаҳри аҳолиси орасида жиддий қизиқиш уйғотди. Сўровда қатнашганларнинг 41 фоизи пойтахтда истиқомат қилишини маълум қилган. Иштирокчиларнинг 48 фоизи ижарада туришини таъкидлаган ва уларнинг 68 фоизини давлат ташкилоти ходимлари ташкил этади.

    Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра, 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда мамлакат фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб қилинмаслиги аҳолида пойтахтдан уй харид қилишда тенг имкониятлар яратди.

    Уй-жой харид қилмоқчи бўлган фуқароларнинг 74,5 фоизи дастлабки бадал ва кредит фоизларини тўлашда қийинчиликка дуч келишини қайд этган.

    Маълумот учун: охирги уч йилда эҳтиёжманд оилаларга бошланғич бадал ва фоиз тўловлари учун 1,3 триллион сўм субсидия берилган бўлса, биргина 2023 йилнинг ўзида бу мақсадлар учун 1,6 триллион сўм субсидия ажратилиши белгиланди.

    Расмий даромадга эга бўлмаган аҳолининг 25 фоизи кредитнинг ойлик тўловини тўлашга қийналишини таъкидлаган бўлса, қолган иштирокчилар бўйича бу кўрсаткич 22 фоизни ташкил этади, яъни расмий даромад олмайдиган фуқаролар келажакдаги даромад манбаларининг ноаниқлиги туфайли ойлик тўловларда қийинчиликка учрашдан ҳавотирланади.

    Маълумот учун: жорий йилнинг 1 майидан бошлаб расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш учун имконият яратилиши қайд этилди. Шунингдек, дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқаролар банкдан арзонроқ кредит олиш имкониятига эга бўлади.

    Маълумки, қишлоқ ҳудудларида асосан ҳовли-жойларга эҳтиёж юқори бўлади. Сўровда қатнашган қишлоқ жойларида яшовчиларнинг 61,4 фоизи яшаш жойида оила аъзолари сони кўплиги ҳамда яшаш майдонининг кичиклиги сабабли уй-жойга эҳтиёжи борлигини билдирган.

    Маълумот учун: 2023 йилда 10 минг кишига ҳовлисини кенгайтириши ёки қўшимча қурилиш қилиши учун 1,5 триллион сўм миқдорида кредит ажратилиши белгиланган.

    Аввалроқ МҲТИ тадқиқотчилари камбағалликка қарши кураш ва инсон потенциалини ривожлантириш бўйича Оксфорд ташаббуси томонидан ишлаб чиқилган кўп ўлчамли камбағаллик индикаторларини аниқлаш мақсадида Навоий вилоятида тадқиқот ўтказганди. Бу тадқиқот сўровда иштирок этган аҳоли мавжуд 23 та индикатор орасидан шахсий уй-жойга эга бўлмасликни камбағалликнинг иккинчи асосий белгиси, деб ҳисоблашини кўрсатди.

    Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун турар жойга бўлган эҳтиёж ортиб бораётган шароитда ипотека кредитининг қулай ва мослашувчан шартларини ишлаб чиқиш, ипотека бозорига замонавий механизмлар ва институционал ислоҳотларни жорий этиш аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates