Вакцина — тиббиёт тарихида муҳим кашфиёт

    Бугун профилактика юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишини олдини олишдан огоҳ этувчи энг самарали чора-тадбирлардан ҳисобланади. Махсус профилактика (вакцинация) — бу аҳоли ўзига профилактик эмланиш йўли билан у ёки бу инфекцияга нисбатан қаршилик кўрсатиш демакдир.

    Охирги 40 йилда профилактик эмланиш қизамиқ, дифтерия, кўк йўтал, полиомиелит, эпидемик паротит, “В” гипатети, қизилча, сил, грипп, эпидемик паротит ва қоқшол каби юқумли касалликлар билан курашишда муҳим аҳамият касб этди. Тошкент вакцина ва зардоблар илмий текшириш институти бош илмий ходими, профессор Эгамберди ЭШБОЕВ шу хусусда сўз юритди:

    Махсус профилактика усулларини қўллаш туфайли асосий юқумли касалликлар ер юзидан мутлақо камайтирилди, ҳатто тугатилди ҳам. Бунинг ҳаммаси вакцинани қўллаш эвазига амалга оширилди. Чинчечак (натуральная оспа) изсиз йўқотилди, шол (полиомиелит), қизамиқ, кўкйўтал, дифтерия, тепки каби касалликлар эса минимал даражага туширилди. Дарҳақиқат, ҳар қандай юқумли касалликларнинг олдини олиш, яъни йўлини қирқишда вакцина, иммунзардоб ва иммуноглобулинлар муҳим аҳамиятга эга. Булар ичида энг салмоқлиси вакцинадир.

    Вакцина (лотинчада vaccine — сигир) терминини тиббиётга биринчи бўлиб Луи Пастер ХIXасрда киритган. Умуман олганда айниқса Осиё халқалари орасида азал-азалдан, механизмини тушунмасалар ҳам, кўпгина юқумли касалликларга илон, чаён заҳрига қарши эмлаш усулларини қўллаб келишган. Инглиз олими Э. Женнер биринчи бўлиб “тирик” вакцинани кашф этишга муваффақ бўлган ва ундан одамларни чинчечак касаллигидан ҳимоя қилиш учун фойдаланди. У эмлаш учун қўзғатувчини (сигирлар чечаги вируси) сигир соғувчи аёлларнинг қўлига чиққан пуфакчалар ичидаги суюқликдан олган. Сигир чечаги вируси одам чечаги вируси билан бир-бирига жуда ўхшаш, лекин сигир чечаги вирусининг заҳарлилик даражаси одамникидан анча паст. Олим сигир соғувчи аёлларнинг бошқаларга нисбатан касаликка чалинмаслигини пайқаб қолган, кейинроқ сигир чечаги тирик вируслари билан одамларни эмлаш жорий қилинган. Лекин улар бутун оломонни эмлаш техникасини амалга оширмаганлар.

    Одам ва ҳайвоннинг юқумли касалликлариги қарши иммунопрофилактика ва иммунотерапия мақсадида фаол иммунитет ҳосил қилиши учун ишлатиладиган биологик моддалар “вакциналар” дейилади. Вакциналар бир нечта муҳим талабларга жавоб бериши, чунончи организм учун зарарсиз, унга юборилганда тана ҳароратини оширмаслиги (апироген), юқори даражада иммуноген, осон йўл билан олинадиган, узоқ вақтгача сифати бузилмай ва эмлашга қулай бўлиши керак. Вакциналар махсус танлаб олинган вирусларнинг ёки микроорганизмларнинг штаммларидан тайёрланади. Бундай штаммлар вакцина штаммлари дейилади. Улар бошқа шу турдаги штаммлардан авирулентлиги (заҳари паст) ва юқор даражада иммунитетлиги (кучли иммунитет чақиради) билан фарқ қилади.

    Вакцина унчалик кучли бўлмаган вируслардан тайёрланади. Лекин уларнинг иммунитет чақириш хусусияти жуда юқори бўлиши керак. Бундай тоифадаги вируслар махсус озиқли муҳитларда, қулай шароитда қайта-қайта экиб ўстирилади ва назорат қилиб борилади. Вируслар бир неча бор қайта экилганида улар ўзининг патогенлигини, яъни касаллик чақириш хусусиятини йўқотиб боради. Аммо кучли иммунитет чақириш одатини камайтирмаслиги керак. Вирус заррачалари лаборатория шароитида товуқ эмбирионлари (тухум ичида), одам ёки маймун ҳужайра культураларида кўпайтирилади.

    Касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар ёки вирусларга ноқулай шароит туғдирилса уларда спонтан мутациялар (ўзгариш) бошланади. Ўзгартирилган мутантлар ичидан заҳарлилиги пасайган (авирулент) турлари ажратиб олиниб, алоҳида кўпайтирилади. Лекин уларнинг штаммлари антигенлик ва иммуногенлик (иммунитетни узоқ вақт сақлайдиган) хоссалари сақланиб қолиши шарт. Одатда лаборатория шароитида вакциналарни тайёрлаш унчалик қийинчилик туғдирмайди. Аммо унинг касалликнинг олдини олиш хусусияти ва иммунитет чақира олиш хоссасини текширишга узоқ вақт талаб қилинади. Барча синов тажрибалари аввал ҳайвонларда, яхши, зарарсиз натижа олинганидан сўнг кўнгилли одамларда синаб кўрилади. Микробиология тарихидан маълумки, жуда кўп ҳолларда дастлабки вакцинани муаллифларнинг ўзи қабул қилган. Чинчечак, таун (чума), эпидемик паротит, шол, куйдирги, қутуриш, сил ва туляремия касалликларига қарши олинган вакциналар шу тариқа олам юзини кўрган ва миллионлаб одамларни сақлаб қолган. Тирик вакциналар (кучсизлантирилган) ижобий томонлари: организмга киритилган вакцина таркибидаги бактериялар табиий жараёнда ривожланадиган бактериялар каби кучли иммунитет ҳосил қилади. Тирик вакциналарни табиий кириш йўлидан бир марта иммунизация (юборилса) қилинса кифоя, улар касаликка қарши кучли, узоқ вақт талаб этадиган иммунитет юзага келади.

    Тирик вакциналарнинг камчилиги ҳам мавжуд: дарҳақиқат организм учун мутлақо ирсий жиҳатдан бегона бўлган нуклеин кислота (оқсил) киритилади. Организмдаги авирулент штаммлар патогенлик (заҳарга таъсир этувчи) томонга ўзгариши ва вакцина таркибидаги штаммлари ўстирилаётган, экмалардаги бегона микроорганизмлар билан мослашиши мумкин. Тирик вакциналарни сақлаш муддати жуда қисқа. Ундан ташқари иммунтанқислиги бор одамларда турли хил нохуш асоратлар қолдириши хавфлидир.

    Ўлдирилган вакциналар. Юқори даражада иммунитет чақирадиган заҳарли штаммлардан тайёрланади. Бунинг учун абурулент штаммлар танлаб олиниб, физиологик эритмада суспензия тайёрланади ва физик (қиздирилади ёки кимёвий омиллар ёрдамида ундан ўлдирилиб, ундан вакцина тайёрланади. Ўлдирилган вакциналар тирик вакциналардан қуйидаги хусусияти билан устун туради. Турғунлиги, хавфсизлиги, тез ва оддий услубда тайёрланиши, арзонлиги, узоқ вақт сақланиши ҳамда бир неча антигенларни қўшиш мумкинлигидир. Салбий томонлари: микроорганизмларнинг тўлиқ ўлдирилганлигини назорат қилиш қисқа ва кучсиз иммунитет чақириши, шунинг учун қайта ривакцинация қилиш парентериал йўл билан киритилгани боис маҳаллий иммунитетнинг ривожланмаслиги, иммунозаиф организмга киритилганида аллергик реакциялар бериши мумкин.

    Анатоксинлар. Касалликнинг ривожланиш механизмида энзотоксинлар (ташқи захар)га эга микроблар кўпайтирилиб, улардан экзотоксинлар ажратиб олинади. Қизиғи шундаки, экзотоксинларга 0,3 фоизли формалин қўшилса ва 40 градус иссиқликда термостатда 30 кун сақланса, токсиннинг заҳарлилик хусусияти мутлақо йўқолади, аммо антигенлик ва иммунитетни сақлаш хоссаси сақланиб қолинади.

    Анатоксинлар салкам юз йилдан бери бўғма, қоқшол ва вабо каби касалликларнинг иммунопрофилактикасида кенг ишлатилмоқда. Кейинги йилларда ботулизм ва анаэрабинфекцияларига қарши антоксинлар ишлаб чиқарилмоқда.

    Кимёвий вакциналар. Булар кимёвий усуллар ёрдамида бактерия ва ҳужайралардан юқори даражадаги иммуногенлик хуусусиятига эга бўлган антигенларни ажратиб олиб тайёрланади. Бунда патоген микроорганизмларнинг вирулент антигентларидан фойдаланилади. Натижада вакцинанинг аста-секин сўрилиши ҳисобига антигенларни узоқ вақт иммун тизимига таъсир этиб туриш таъминланади. Кимёвий вакцинанинг аста-секин сўрилиши ҳисобига, антигенларни узоқ вақт иммун тизимига таъсир этиб туриши таъминланади. Кимёвий вакциналарнинг бирмунча афзалликлари бор. Жумладан улар узоқ муддат киритилган жойда сақланади, организмда аллергик реакциялар чақирмайди, қўшимча асоратлар қолдирмайди ва бир неча хил микроблар антигенларини бирлаштириб, улардан ҳамкорликда таъсир қиладиган вакциналар тайёрлаш мумкин.

    Ген инженерияси йўли билан олинадиган вакциналар. Фанда эришилган кўплаб ютуқларнинг аҳамияти эвазига юзага келди ва вакциналар ишлаб чиқишнинг биотехнологик 4 – авлоди ҳисобланади. Тўртинчи авлод вакциналарини олишда қуйидагиларга амал қилинади: патогент микроорганизмларнинг протектив хоссаларига жавоб берадиган антигени аниқланади. Сўнгра антигенни синтез қилувчи “ген” ажратиб олиниб, одам нормал микрофлораси таркибига кирадиган, бактерия геноми (масалан, ичак таёқчасига ёки ачитқи замбуруғлари” га бириктирилади. Микроорганизм кўпайиши натижасида синтез қилинади. Сўнг бу омиллар алоҳида ажратиб олиниб, бошқа оқсиллардан тозаланади ва вакцина сифатида ишлатилади.

    Ҳозир ачитқи замбуруғи геномига киритиб, олинган гепатит “В” га қарши рекомбинант вакцина дунёда кенг қўлланилмоқда.

    Юқумли касалликлар профилактикасида бир неча таркибли вакциналар ҳам ишлатилади. Масалан, моновакциналар битта антигенга қарши тайёрланган бўлиб, организмни шу антигенга хос касаллик қўзғатувчисидан ҳимоя қилади. (Масалан, чинчечак, қутуриш, сил ва қоқшолга қарши), ривакциналар иккита антиген тутади. (Бўғма ва қоқшол анатоксини).

    Тривакциналар учта антигендан тузилган, масалан АКДС (адсорбированная коклюшно-дифтерийно-столбнячная вакцина) кўкйўтал, бўғма ва қоқшолга қарши вакцина. Ассоциация қилинган поливакциналар ҳозирги кунда бир мунча қулай ва самарадор вакциналар ҳисобланади. Чунки, улар организмда бир вақтнинг ўзида бир нечта патологияларга қарши иммунитет ҳосил қилади.

    Аутовакцина вакцинанинг ўзига хос тури бўлиб, одамдан ажратиб олинган микроорганизмлардан тайёрланади. Аутовакциналар кўпинча стафилакокк, сўзак касалликларини даволашда қўлланилади.

    Вакциналар тери устига, тери остига, мушаклар орасига, оғиз орқали бурун, томоқ шиллиқ қаватларига, юқори нафас йўлларига иммунизация қилинади. Эмлаш ёшига ва эпидемиологик ҳолатга кўра ўтказилади. Тана ҳарорати кўтарилганда, оғир юқумли касалликлардан сўнг, оғир кечадиган сурункали инфекцияларда, юрак етишмовчилиги ва баъзи аъзолар фаолияти бузилганда, ҳомиладорлик вақтида, кўкрак сути билан эмизаётган пайтда, аллергик ҳолатларда, организмда иммунитет танқислиги кузатилганида, стресс пайтида эмлаш ман этилади.

    Вакциналарга қарши кучли иммунитет ҳосил бўлиши организмнинг иммун тизимига вакцинанинг таркиби ва сифатига, тўғри ва етарли миқдорда юбрилганига, вакцинация ва реавакцинация қилиш орасидаги вақтга ҳам боғлиқ.

    Вакциналарни самарали ишлатиш жуда кўп юқумли касалликларнинг олдини олган, миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган. Олимлар вакцинани жуда мураккаб ва оғир шароитларда эҳтиёт чораларини қўллаган ҳолда тайёрлашади. Улар баъзан ўз ҳаётларини хавф остига қўйишади, ҳатто дастлабки ишлаб чиқилган вакцинани ўз танасида синаб кўришдан ҳам қўрқишмайди. Шу жиҳатдан уларнинг меҳнати эътиборга сазовор.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates