"Ватанпарвар" – ёшлар учун янги имконият ва имтиёзлар эшиги

    “Ватанпарвар” ташкилотида ,,Ёшлар учун янги имкониятлар ва имтиёзлар" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

    Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти фаолияти акс этган видеоролик ва инфографика намойиш этилди.

    Ташкилот томонидан аҳоли, айниқса, ёшларни ҳарбий-ватанпаварлик руҳида тарбиялаш, уларни спортнинг техник ва амалий турларига жалб этиш ҳамда оммавий техник касб мутахассисликларига тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида ахборот берилди, доимий равишда “Ватанпарвар – менинг танловим” шиори остида очиқ эшиклар куни, “Уч авлод учрашуви”, “Мардлар қўриқлайди Ватанни”, “Биз – ватанпарварлармиз”, “Мард аскар – ёшларга намуна” каби тадбирларни ўтказиб келинаётгани таъкидланди. Хусусан, жорий йилнинг февраль–апрел ойларида “Миллий армиямиз ёшлар нигоҳида” шиори остида маҳаллалардаги ёшлар ўртасида ўтказилган ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларида ташкилот ўзининг кўргазмали намойишлари ва ватанпарварлик карвонлари билан фаол иштирок этгани ҳақида фикр юритилди.

    Мудофаа вазири кубоги учун умумтаълим мактабларининг 10–11 синф ўқувчилари ўртасида “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг туман, вилоят ва республика босқичлари ўтказилишида бу ташкилотнинг қўшган ҳиссаси салмоқли эканини ташкилот фаолиятидан кўриш мумкин. Таъкидлаш керакки, юртимиз бўйлаб автокросс, мотокросс, картинг, триатлон, дуатлон, ёзги биатлон, пневматик қуролдан ўқ отиш, моделизм, радиоспорт каби спортнинг техник ва амалий турлари бўйича спорт секциялари ҳамда тўгаракларида шуғулланиш мутлақо бепул этиб белгиланди. Бундан ташқари, спорт соҳасида муваффақият қозонган ёшлар республика, МДҲ, Осиё ва жаҳон чемпионатлари мусобақаларида “Ватанпарвар” ташкилоти маблағлари ҳисобидан иштирок этади. “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан вилоят миқёсида ўтказилган спорт мусобақасида ғолиб бўлган ёшлар Ташкилот тизимидаги оммавий техник касб мутахассисларини тайёрлаш ўқув курсларида 30 % чегирма асосида, Республика мусобақасида ғолибликни қўлга киритганда 50% чегирма асосида ўқиш имкониятига эга бўлиши юртимизда бу соҳага бўлган эътибор намунасидир.

    Ташкилот спортчилари ҳар йили Ўзбекистон миллий терма жамоалари сафида иштирок этиб, юқори ўринларни қўлга киритиб келмоқда. 2021 йил 5 та халқаро мусобақада иштирок этиб, 16 та медални қўлга киритди. Шулардан, 5 таси олтин, 8 таси кумуш, 3 таси бронза.

    2022 йилнинг ёз мавсумида таътилдаги болалар ва ўсмирлар дам олаётган республикадаги соғломлаштириш лагерлари ва умумтаълим мактабларидаги кундузги оромгоҳларда ҳарбий-ватанпарварлик, спорт ва йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи тадбирлари кенг кўламда олиб бориляпти.

    2021 йилдан ташкилот тизимида оммавий техник касбларга тайёрлаш муассасаларида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларнинг фарзандлари имтиёз асосида ўқитилмоқда, яъни ўқиш харажатларининг 75 фоизгача қисми маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги васийлик кенгашларининг Ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади, ўқиш харажатларининг 10 фоизини “Ватанпарвар” ташкилоти ўз ҳисобидан тўлашни зиммасига олади. Ўтган йили 14 275 нафар эҳтиёжманд фуқаро автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида ўқитилган бўлса, 2 840 нафар фуқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 10 хил техник касб мутахассисликларига тайёрланаётгани айни ҳақиқатдир. Ушбу саъй-ҳаракатлар давом эттирилиб, ташкилот ўқув муассасаларида ўқиётган эҳтиёжманд фуқаролар сони 3 731 нафарга етди. Шу билан бирга, ўтган йилдан буён “Ватанпарвар” ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари таркибидаги вазирликлар ва идоралар ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандумида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар турли хил ўқув курсларда ўқитилиши йўлга қўйилган эди. Ўтган йили 723 нафар ҳарбий хизматчи ўқитилган бўлса, бу йил кўрсаткич 1 548 нафарни ташкил этмоқда. Ёшлар муддатли ҳарбий хизматни якунлаганларидан сўнг, нафақат Ватанимиз олдидаги муқаддас бурчни адо этади, балки хизматдан касб-ҳунар ўрганиб қайтади.

    Йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти фаолиятини такомиллаштириш бўйича 2022 йил давомида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси”ни тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилингани ва тегишли ташкилотлар билан истиқболда ҳамкорликда бажариладиган ишлар белгилаб олинган. Мазкур чора-тадбирлар режасига мувофиқ, республика миқёсида “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан аҳоли, айниқса, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш ҳамда оммавий техник касб мутахассисларини тайёрлаш бўйича янада янги тизимлар йўлга қўйилиши ва изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилиши ҳақида айтилди.

    Матбуот анжумани якунида, журналистларнинг соҳага оид саволларига жавоб берилди.

    Гулбиби Эшматова,
    ЎзЖОКУ талабаси