Халқаро даражадаги кадрлар чет тилларни пухта билиши муҳим

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 7 февраль сонида Тошкент давлат юридик университети ўқитувчилари Сарвара Акобирова ҳамда Муяссар Баҳриддинованинг “Халқаро даражадаги кадрлар чет тилларни пухта билиши муҳим” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Жаҳон миқёсида глобаллашув ва интеграциялашув жараёни рўй бермоқда. Бу эса, ўз навбатида, барча соҳаларга ижобий таъсир кўрсатиб, ҳар томонлама ривожланиш имконини беради. Шундай паллада хорижий тилларнинг ўрни юқори аҳамият касб этади. Бу чет тилни билиш, фонетик, лексик, грамматик жиҳатдан тўғри мулоқот қилишнигина англатиб қолмай, балки хориж халқининг урф-одатлари, анъанаю маросимлари, географияси, ташқи ва ички сиёсати, тарихи кабиларни ўргатиш вазифаларини ҳам қамраб олади.

    Бугунги кунда хорижий тилни билиш ўта муҳим аҳамият касб этгани боис, тил ўқитиш тизимини ҳам ислоҳ этиш, дарс жараёнида замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда илғор интерфаол усулларни қўллаш долзарб масалалардан биридир. Президентимиз Мурожаатномасида Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлаш ва чет тили таълимини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни замон талабларига мос етук мутахассис этиб тайёрлаш асосий вазифамиз экани алоҳида таъкидланди.

    Жумладан, давлатимиз раҳбарининг “Болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларни пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур” ёки “Ҳозирги очиқлик сиёсати, чет эл инвестициялари ва янги корхоналарнинг ортиб бораётгани ёшларимизни замонавий билимлар ва хорижий тилларни ўрганишга ундамоқда. Шу боис, мактабларга юқори малакали хорижий ўқитувчиларни олиб келишга мажбур бўляпмиз”, деган сўзлари хорижий тилларни ўқитишнинг аҳамиятини яққол кўрсатиб турибди.

    Мурожаатномада таълим тизимининг барча босқичида чет тилларни узлуксиз ўқитишни ташкил қилиш, ёш авлоднинг хорижий тилларни ўрганишга қизиқишини янада ошириш ва чет тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш билан бирга уларнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот-ресурсларидан кенг кўламда фойдаланиши, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантириши учун шароит яратиш кўзда тутилди.

    Тегишли давлат органлари, жумладан, барча таълим муассасалари ва чет тили ўқитувчилари зиммасига ёш авлодни мустақил давлатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада оширувчи юксак салоҳият ва билим эгалари қилиб тарбиялашдек улкан вазифалар юкланди. Mамлакатимизда хорижий тил таълимини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат юридик университетида ҳам муайян ишлар бажарилди.

    Жумладан, Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги “ Ўзбекистон Р еспубликасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1000 талигидаги олий таълим муассасалари билан алоқалар ўрнатилди.

    Университетнинг барча ходимлари ва талабалар учун IELTS курслари йўлга қўйилди. Ҳафтанинг ҳар чоршанбаси “Хорижий тилларни ўрганишни кенг оммалаштириш куни” деб эълон қилинди. Ҳозир университетнинг хорижий тиллар кафедрасида халқаро сертификатга эга 25 нафар чет тили мутахассиси фаолият юритиб, инглиз, француз ва немис тилида дарс беряпти.

    Асосий мақсад талабаларнинг касбий омилкорлигини оширишда хорижий тил кўникмаларини шакллантириш, халқаро миқёсда рақобатлаша оладиган ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашдир. 2020/2021 ўқув йилидан университет Европа кредит тизими асосида фаолият юритар экан, кафедра жамоаси дунёдаги етакчи мингталикка кирган университетлар билан мунтазам ҳамкорлик қилиб, халқаро конференциялар, вебинарлар ўтказди, хорижий тил мутахассислари билан тажриба алмашди.

    Жумладан, АҚШнинг Аризона университети, Словениянинг Марибор университети, Германиянинг Франкфурт мактаби, Мюнхен техника университети профессорлари кафедра ўқитувчилари ва университет талабалари учун инглиз ва немис тилларида жуда мазмунли дарслар ўтди. Кафедрада хорижий тиллар бўйича турли клублар ташкил қилинган. Англия ва Уэльс ҳуқуқ жамиятининг халқаро бўлими аъзоси бўлган Global Legal English билан ҳамкорликда Тошкент давлат юридик университети TOLES (Test of Legal English Skills) халқаро сертификатига эга бўлиш учун имтиҳон топшириш бўйича мамлакатимиздаги биринчи марказ деб тан олинди.

    Ёшларимиз юртимизни жаҳоннинг энг илғор, ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқиши, замонавий фан-техника ютуқларини мукаммал ўрганиб, халқаро даражадаги юксак кадрлар бўлиб етишиши учун хорижий тилларни пухта билиши муҳим. Шундагина Янги Ўзбекистон жаҳоннинг кўзга кўринган мамлакатлари қаторидан муносиб ўрин олишига, келажагимизнинг буюк бўлишига мустаҳкам замин яратилади.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates