Иқтисодиёт самарадорлигини ошириш, етказиб берилаётган маҳсулотларнинг ишончлилиги, хавфсизлиги, фойдаланишда қулайлиги ва сифатини таъминлашда техник жиҳатдан тартибга солишнинг аҳамияти катта. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан юртимизда 2017-2022 йилларда техник тартибга солиш фаолияти ўрганилди.
Сўнгги йилларда ушбу соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида:
- ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги, “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди;
- “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида “е-стандарт”, “е-метрология” ва "е-аккредитация" ахборот тизимлари ишлаб чиқилди;
- халқаро талабларга уйғунлаштирилган стандартлар сони 19,5 мингтага етди ва умумий стандартлар сонидаги улуши 10 фоиздан 80,4 фоизгача ошди;
- жорий қилинган халқаро техник регламентлар сони 4,8 маротаба (12 тадан 57 тага) ошди.
ISO 9001 халқаро стандартига мувофиқ экспорт салоҳиятини ривожлантириш мақсадида турли соҳаларда фаолият юритувчи 4 минг 961 корхонада Сифат менежменти тизимлари жорий этилди.
Маҳсулот ва хизматлар сифатини оширишга кўмаклашишга қаратилган “корхонабай” тизимининг татбиқ этилиши тадбиркорлик субъектлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликнинг аниқ механизмларидан фойдаланиш имконини берди.
14,9 мингта корхонада тадбирлар ўтказилиб, стандартлаштириш, метрология, 1,4 минг турдаги маҳсулотни сертификатлаш йўналишларида амалий ёрдам кўрсатилди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизимидаги синов лабораториялари модернизация қилинди ёки янги ускуналар билан билан таъминланди, 4 та лаборатория халқаро аккредитациядан ўтказилди, 13 та янги лаборатория ташкил этилди.
"Ўзбекистон аккредитация маркази” давлат унитар корхонаси Халқаро лаборатория аккредитацияси ташкилоти (ILAC МRA)нинг тўлиқ аъзолигига қабул қилинди. Ўзбекистонда ўтказилган синовларнинг натижаси дунёдаги 116 та мамлакатда тан олинади.
Oeko Tex, GOTS, BCSI, Sedex, Global GAP, Organic, CE ва бошқа халқаро стандартлар тўқимачилик соҳасидаги 157 та, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторидаги 225 та, электротехника тармоғидаги 53 та корхонада жорий этилган.
Шаклланган техник жиҳатдан тартибга солиш тизими бундан кейин ҳам тармоқлар ва умуман, Ўзбекистон иқтисодиётини янада самарали ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишда кўмак беради.