Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги соҳасида статистик маълумотлар базасини кенгайтириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 26 февралдаги 104-сон қарорига мувофиқ рўйхатдан ўтказиш қишлоқ хўжалиги фаолиятининг қуйидаги асосий кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади:
- қишлоқ хўжалиги объектларининг иқтисодий фаолият турлари;
- меҳнат ресурслари ва уларнинг демографик хусусиятлари;
- ер ресурслари ва улардан фойдаланиш ҳолати;
- қишлоқ хўжалиги экинларининг майдони;
- иссиқхоналар майдони ва бошқалар.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишнинг ташкилий ва методик принципларини, дастурий-техник таъминоти ва маълумотларни қайта ишлашнинг технологик жараёнларини синовдан ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Синов 2022 йилнинг август ойида Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Паркент туманида амалга оширилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
1.Ўзбекистон Республикасида синов тариқасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом;
2. Ўзбекистон Республикасида синов тариқасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”;
3. Ўзбекистон Республикасида синов тариқасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларига жисмоний ва юридик шахсларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом;
4. респондентларнинг қишлоқ хўжалиги фаолиятига доир маълумотларини йиғишда фойдаланиладиган саволлар рўйхатини ўз ичига олган Ўзбекистон Республикасида синов тариқасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш дастури;
5. Ўзбекистон Республикасида синов тариқасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш сўровномалари рўйхати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.04.2022 йилдан кучга кирди.