Хавфсизлик ва осойишталик – тараққиётнинг бош омили

    “Хавфсиз шаҳар” тизимларини ривожлантириш маркази ходимлари лойиҳа доирасида катта ғайрат билан аҳоли хавфсизлиги, юрт осойишталигини таъминлаш, табиий офатларда аҳолини олдиндан огоҳлантириш ҳамда мамлакатнинг сайёҳлик ва инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича ишларни масъулият билан бажаришга бел боғлаган.

    Йўлга шошилинч отланишим зарур бўлиб қолди. Тошкентдан Қаршигача бўлган масофани машинада босиб ўтишни истамадим. Бошда минг хил ўй-хаёл, яна диққат билан машина бошқариш баъзан инсонни толиқтиради. Ахир эртага ортга қайтаман, узоқ йўлга эркин ва хотиржам бориб келишга нима етсин? Уловни вокзал яқинида тўхтаб туриш мумкин бўлган жойда қолдирдим-да, тезюрар поездда манзилга жўнадим. Ҳамроҳим — қўшни давлатдан келган меҳмон машинамни кўчада қолдирганимдан ҳайратга тушди. Хавфсизлиги қанчалик таъминлангани, бирор шикаст етмаслиги ҳақида сўради. Ҳаммаси назоратда эканини айтиб, тинчлантирдим...

    * * *

    Тинчлик — улуғ неъмат. У бор жойда кўнгил хотиржамлиги, осойишта ҳаёт ҳукмрон бўлади. Фарзандлар камоли, орзу-умидлар рўёби ҳам ана шу буюк неъмат туфайлидир.

    Инсоннинг кўнгли хотиржам, уйқуси тинч ва осуда кечаркан, эртанги кунга ишонч ва мақсад билан уйғонади. Бу эса янги кун, янги яратувчанликка асос бўлади. Ишдаги унум-барака, турмушдаги фаровонлик ҳам шундан.

    Кўнгил хотиржамлиги бора-бора юрт, мамлакат осойишталигига айланади. Ҳаёт йўлларида учрайдиган пасту баландликларни ана шу хотиржамлик, вазминлик билан енгиш мумкин. Қолаверса, тартиб бор жойда тараққиёт

    ҳам бўлади. Бу эса айни пайтда мамлакатимизда жорий этилаётган “Хавфсиз шаҳар” тизимининг нечоғлиқ аҳамиятли эканини яна бир бор кўрсатади.

    ***

    Замонавий ҳаёт тез ривожланмоқда. Бу, айниқса, мегаполисларда яққол кўзга ташланади. Шаҳар аҳолиси кўпайиши ва асосий иқтисодий драйверга айлана бориши тамаддуннинг бош тенденцияларидан бирига айланмоқда. Ривожланаётган инфратузилма сабаб хавфсизлик секторига алоҳида талаблар қўйилади. Аввало, бу ишончлилик, барқарорлик ва кечаю кундуз огоҳлик, демакдир.

    Бугун мамлакатимизда жорий этилаётган “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасининг асосий вазифаси ҳам аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ хавфсизликни таъминлаш, осойишталик ва тараққиётни асрашдир.

    — Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2024 йили ҳудудларда “Хавфсиз шаҳар” ягона интеграциялашган тизимини яратиш ва ривожлантириш юзасидан йиллик манзилли дастурлар ишлаб чиқилди, — дейди “Хавфсиз шаҳар” тизимларини ривожлантириш маркази директори Улуғбек Куланов. — Дастур ижроси доирасида ҳудудларда тизимни жорий қилиш учун босқичма-босқич қурилмалар харид қилиняпти ҳамда белгиланган манзилларда ўрнатилиб, ишга туширилмоқда.

    Маҳаллалардаги кўп қаватли уйлар, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда уларга кириш-чиқиш жойларида интеллектуал видеокузатув камералари ўрнатилиб, ички ишлар органларининг таянч пунктлари ахборот тизимига интеграция қилинмоқда. Жамоат жойларида, яъни майдонлар, маданият ва истироҳат боғлари, бозорлар, савдо марказлари, музей, кўнгилочар масканлар, дам олиш мажмуалари, меҳмонхоналарда шахсни юздан таниб олиш камералари ўрнатиш ҳамда уларни ҳудудий ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларининг ахборот тизими билан интеграция қилиш бўйича ишлар бажарилмоқда.

    Шунингдек, шаҳар ва туманларда ёнғин хавфсизлиги, экологик, сейсмологик, гидрометеорологик вазиятни мониторинг қилиш тизимларини “Хавфсиз шаҳар” тизимига интеграциялаш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини рақамли бошқаришда йўл ҳаракати мониторингини ташкил қилиш, транспорт воситасининг давлат рақами белгиларини аниқлашда интеллектуал фото ва видео қайд этиш интеграциялашган тизимларини жорий этиш кўзланган.

    “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси тўлиқ жорий этилгандан сўнг тизимлар орқали жиноятчилик 30-40 фоизгача камайишига, фото-видео материаллар ёрдамида жиноятларнинг 40-50 фоизгача фош этилишига эришилади. Видеокузатув тизими 24 соат онлайн режимда ишлайди ва ҳар бир камера орқали олинган видео маълумотлар белгиланган талаб асосида 30 сутка сақланади. Бу маълумотлардан кейинчалик ҳуқуқбузарликларни тергов қилиш ва далиллар тўплашда фойдаланиш мумкин.

    * * *

    Мамлакатимиз сайёҳларнинг эътиборига сазовор бўлиб келмоқда. Кириш-чиқиш тартиб-таомиллари соддалаштирилгани туфайли юртимизга келаётганлар сони йилдан йилга ортаётир. Саёҳатга отланган киши, аввало,

    ўзи бораётган мамлакат ҳақида интернетдан маълумот излайди. Ҳаёти ва саломатлиги хавфсиз бўлишига ишонч ҳосил қилгачгина, кўзланган манзил сари йўл олади.

    Юртимизда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида туризм полицияси ташкил этилгани, “Хавфсиз туризм” тамойили йўлга қўйилгани тинчликсевар ва меҳмондўст халқимиз хоҳиш-иродасини ёрқин ифода этаётир.

    Давлатимиз раҳбари ўтган йил октябрда Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг Самарқандда бўлиб ўтган 25-сессиясида “Глобал туризмнинг энг долзарб муаммоси — бу туристларнинг кафолатланган хавфсизлик тизимини таъминлашдир”, деган эди. Халқаро туризм амалиётига кўра, саёҳатчилар кўпайиши ва саёҳат географияси кенгайиши билан хавфсизлик чораларига риоя қилиш зарурати кескин ортади. Хўш, мамлакатимизда саёҳат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қандай ишлар бажарилмоқда?

    — Тошкент вилоятида сайёҳлик объектлари ва уларга туташ ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, туристларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида қатор ишлар бажарилмоқда, — дейди Улуғбек Куланов. — Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Чорвоқ” эркин туристик зонасида “Хавфсиз туризм” лойиҳаси доирасида 134 та объектнинг видеокузатув камералари “Вазиятлар маркази”га интеграция қилинди. Шу билан бирга, тирбандликларнинг олдини олиш учун ноқонуний тўхташ ва тўхтаб туриш қоидабузарликларини аниқловчи, тезликни ўлчовчи радар, автотранспорт оқимини ҳисобловчи ва давлат рақамини аниқловчи, фото-видео қайд этиш ҳамда ёнғиндан хабар берувчи интеллектуал видеокузатув қурилмалари ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди. Бу сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартиби ҳамда йўл ҳаракати қоидалари бузилишининг олдини олиш, воқеа-ҳодисаларни узлуксиз кузатиб бориш, муаммонинг бевосита бошланғич нуқтасидан хабардор бўлиш ва бартараф этишга хизмат қилади. Ўз навбатида, туризм соҳасида хизматлар кўрсатувчи ва етиб келган сайёҳлар ҳисобини юритувчи давлат ҳамда нодавлат ташкилотларнинг ягона ахборот базасини шакллантиришда қўл келмоқда. 24 соатлик кузатув режимини барча ҳудудларда йўлга қўйиш, биринчи навбатда, жойлардаги осойишталикни таъминлашга ҳисса қўшмоқда.

    Туризм жаҳон иқтисодиётида жадал ривожланаётган ва энг даромадли тармоқлардан бири. Мамлакатда туризм ривожи аҳоли бандлигини таъминлаш, транспорт, алоқа, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўпгина соҳалар, умуман, иқтисодиётнинг юксалишига асос бўлади. Бу аҳолининг умумий иқтисодий фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиши баробарида халқаро ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар яхшиланишига хизмат қилади. “Хавфсиз шаҳар”да “Хавфсиз туризм” йўлга қўйилгани сайёҳлар оқимининг янада кўпайишида бош омил бўлади.

    * * *

    Шу кунларда олий таълим муассасаларида 2024/2025 ўқув йили учун имтиҳонларга тайёргарлик жараёни қизғин кетмоқда. Минглаб қоракўзлар ва ота-оналар кўнглида умид учқунлайди. Илгари тест синовларида турли ноқонуний ҳолатлар кузатиларди. Мисол учун, абитуриент ўрнига бошқа одам тест топшириши ёки жараёнда унга кўмак берилиши, телефондан фойдаланиш каби ҳолатлар учраганини истисно қилолмаймиз. Бугун тест синовлари шаффофлиги, ҳаққонийлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса абитуриентлар ва ота-оналар кўнглида умид уйғотади. Битта билимсизнинг қинғир йўл билан тестдан ўтгани ўнлаб йигит-қизлар руҳиятига зарба беришини тасаввур қилиш оғриқли.

    Ёшлар қалбида эртанги кунга ишончни йўққа чиқарадиган бу каби ноқонуний ишларга бугун чек қўйилган.

    — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тақдим этган рўйхатга мувофиқ, 2024/2025 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича 85 та катта сиғимли ёпиқ бинога жами 172 дона шахсни идентификациялаш ва 2205 дона йўналтирилган видеокузатув камераси ўрнатиш кўзда тутилган, — дейди Улуғбек Куланов. — Видеокузатув ва шахсни идентификациялаш тизимларини монтаж қилиш ҳамда имтиҳон ўтказиш вақтида тизимларни техник қўллаб-қувватлаш ишлари аутсорсинг асосида бажарилмоқда.

    Ҳозир “Хавфсиз шаҳар” тизимларини ривожлантириш маркази томонидан видеокузатув қурилмаларини жойларга етказиш ва монтаж ишлари якунланмоқда.

    * * *

    Маҳалла ёш авлод учун азалдан эзгулик бешиги, тарбия ўчоғи бўлиб келган. Инсонларнинг ўзаро меҳр-оқибатли, мурувватли, саховатли бўлиши ва ўзига хос жамоани шакллантиришда бу ноёб институтнинг ўрни беқиёс. Маҳалладаги ҳурматга сазовор кексалар ҳамиша ёшлар учун ибрат, йигит-қизларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати уларнинг кўз ўнгида бўлган. Ана шу азалий анъана бугун “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойилига мувофиқ амалга ошириб келинаётир. Ҳаётий тажрибага эга, фаол нуронийларнинг ёшлар тарбиясига масъул бўлиши замирида ҳам осойишталик, ободлик, фаровонлик орзуси мужассам бўлса, ажаб эмас.

    “Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади”, дейди халқимиз. Тасаввур қилинг, бир кунги жанжал ёки қалтис ҳаракат хонадонга, маҳаллага, мамлакатга қанчалик зиён етказади. Кўнгилсиз бир ҳолат туфайли инсон ҳаёти пароканда бўлиши, оила аъзоларининг маънавий ва моддий йўқотиши, маҳалла нотинчлиги ва бу оқибатни бартараф этиш учун сарфланадиган маблағ — давлат бюджетига етказиладиган зарар миқдорини кўз олдингизга келтирсангиз, тинчлик-осойишталик қанчалар бебаҳо неъмат эканини англайсиз.

    Маҳаллалардаги нотинч хонадонлар, турли нохуш вазиятларни камайтириш, тинчлик-осойишталикни таъминлаш учун бугун Наманган, Сирдарё, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри маҳалла ҳудудларида жами 1157 та, шаҳар ва туманларга кириш-чиқиш объектларига транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аниқловчи 19 та ва йўл ҳаракати қоидабузарликларини фото-видео қайд этувчи автоматлаштирилган тизим учун 84 та тўхташ ва тўхтаб туриш, белгиланган тезликдан оширилганлик қоидабузарликларини аниқловчи 9 та камера ўрнатилди.

    Шу билан бирга, “Рақамли хавфсиз маҳалла” концепцияси доирасида Самарқанд, Наманган, Фарғона, Қашқадарё вилоятларида жами 790 та, шаҳар ва туманларга кириш-чиқиш объектларида транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аниқловчи 71 та камера ишлаб турибди.

    Президентимиз раислигида ўтган йили 28 июлда Фарғона шаҳрида ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида жиноят қилган шахсларнинг ҳар учинчисини ёшлар ташкил қилаётгани афсус билан қайд этилди. “Эътибор беринг, ёшлар жиноятчилигининг катта қисми назоратсиз қолган вояга етмаганлар томонидан содир қилинмоқда. Энг ачинарлиси, вояга етмаганлар ичида ўта оғир жиноят содир этганлари ҳам бор”, деган эди давлатимиз раҳбари. Шу боис, ёшлар билан манзилли ишлаш дастурлари амалга оширилиши белгиланган.Оилавий низолар, аёллар жиноятчилиги ҳолатларига ҳам эътибор қаратилиб, оғир ҳаётий аҳволга тушган оилаларга ёрдам бериш бўйича “ижтимоий хизмат иши” очилиши, “Хавфсиз оила” тамойили асосида алоҳида тизим йўлга қўйилиши кўзда тутилган эди.

    “Қуш уясида кўрганини қилади”, дейди доно халқимиз. Оиладаги маънавий муҳит фарзанд тарбиясида яққол кўзга ташланади. Муносабатларда муаммоси бўлган, масъулиятсиз ота-она келгуси нохуш вазиятларга замин тайёрлайди. Оиладаги бўшлиқ боланинг турли йўлларга кириши, ҳар ердан ва ҳар кимдан таянч излашига сабаб бўлади.

    Шиддат билан ривожланаётган дунёда кечаётган зиддиятли жараёнлар таъсири мамлакатимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Бунга биз уйғоқ қалбли, илму маърифатли, маънавиятли, яратувчан ёшларимиз билан қарши тура оламиз. Бундай йигит-қизлар тинч-тотув, меҳр-оқибатли оилаларда камолга етади.

    Фуқароларнинг ички оламини тартибга келтириш, айниқса, йигит-қизлар қалбида шукрона, ҳаётдан миннатдорлик туйғуларини шакллантириш, қийинчиликларни оқиллик ва сабр билан енгиш, тириклик, тинчлик-осойишталик қадри улуғ эканини англашга кўмак бериш ишлари муштарак олиб борилиши зарур. Шунда “Хавфсиз шаҳар” тамойилининг самараси янада яққол кўринади.

    * * *

    Йўллардаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бугун жуда ҳам долзарб. Бу масалага шаҳарсозлик ва илмий қараш билан ёндашув зарурлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

    Бугун йўлларда фуқаролар учун хавфсиз шароит яратиш ва ҳаракатланиш маданиятини шакллантириш борасида қатор ишлар бажариляпти. Йўлларда тирбандликнинг олдини олиш учун қаватли кўприклар, йўл ўтказгичлари қуриляпти. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қоидабузарликларни қайд этиш тизими ишлаб турибди. Аммо ўрнатилаётган қурилмаларга аҳоли томонидан “Жарима тўлаш осон эмас. Нега керак шу қурилмалар?” деган эътирозлар ҳам учраб туради.

    — Танганинг иккинчи томони ҳам бор, — дейди Улуғбек Куланов. — Йўл ҳаракати ҳодисасида иштирокчи фақат авто транспорт воситаси эмас. Бу ерда инсон ҳам иштирок этади. Дейлик, бирон ҳодиса юз берса, фақат автотранспортнинг у-бу ери шикаст еб қолмайди. Кимгадир жароҳат етиши, оқибатда у ҳаётдан кўз юмиши ёки умрбод ногирон бўлиб қолиши мумкин. Бунга аксарият ҳолларда қоидабузарликка йўл қўйилгани, белгиланган тезлик меъёридан ортиб кетгани сабаб бўлиши мумкин. Кимдир шу ҳодисанинг ортидан оиласини йўқотади, кимдир озодликдан маҳрум этилади. Бунинг хунук оқибатлари жуда кўп. Шу боис, қоидабузарликни тартибга соладиган механизм зарур.

    Йўллардаги вазиятни яхшилаш, йўлтранспорт ҳодисалари сонини ва оқибатидан етадиган зарарни камайтириш ишларини фаоллаштиришда мазкур қурилмаларнинг ўрни алоҳида.

    Мақсад — жамоат хавфсизлигини таъминлаш чорасини янги босқичга олиб чиқиш, жиноятчиликка қарши кураш тизимини тўлақонли ташкил этиш, фавқулодда хатарлар ва оқибатларни прогнозлаш орқали олдини олиш. Жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий рақамли технологиялар, интеллектуал тизимлардан кенг фойдаланган ҳолда инсон омилини камайтиришга эришилади.

    “Хавфсиз шаҳар” тизимларини ривожлантириш маркази ходимлари лойиҳа доирасида катта ғайрат билан аҳоли хавфсизлиги, юрт осойишталигини таъминлаш, табиий офатларда аҳолини олдиндан огоҳлантириш ҳамда мамлакатнинг сайёҳлик ва инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича ишларни масъулият билан бажаришга бел боғлаган.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates