Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти фаолияти йўлга қўйилади

    Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданият ва туризм соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 27 июлдаги ПФ-114-сон Фармони ҳамда “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2023 йил 25 декабрдаги ПҚ-405-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти этиб кқйта ташкил этилган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги ПҚ-405-сон қарори билан Институтнинг асосий вазифалари тасдиқланган эди.

    Мазкур қарорга мувофиқ, Институт директори Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. Директор ўринбосарлари Институт директорининг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

    Институт Маданият вазирлиги ҳузуридаги Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

    Институт тизимида унинг илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи таркибий бўлинмаларида илғор илмий-тадқиқот ва қидирув ишларини ўтказиш учун янги, замонавий юқори технологик жиҳозлар билан жиҳозланган ҳамда юридик шахс бўлмаган Этнофольклор лабораторияси ташкил этилади.

    Этнофольклор лабораторияси ходимлари зиммасига қуйидаги вазифалар юкланади:

    йўқолиб кетган ноёб номоддий маданий мерос намуналари ва улар билан боғлиқ бўлган асбоб-анжомлар, артефактлар, маданий маконларни қайта тиклаш;

    номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи материаллар, ахборот ташувчи воситалар, этнофольклор экспедицияларда тўпланган материалларни технологиялар ўзгаришига мутаносиб равишда замонавий форматга ўтказиб бориш ҳамда аудиовизуаллаштириш;

    номоддий маданий мерос намуналарининг даврлар ўтиши билан ўзгариб бориши ва келажакдаги ҳолатини моделлаштириш;

    фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва бажариш, маданият ва санъат соҳасидаги инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, номоддий маданий мероснинг ноёб элементларини тадқиқ этиш ва ҳужжатлаштириш;

    номоддий маданий меросни ҳар томонлама муҳофаза қилиш, кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда, унинг намуналарини аниқлаш, рўйхатларга киритиш ва рақамлаштириш;

    номоддий маданий мероснинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган намуналарини сақлаб қолиш ҳамда тарғиб этиш бўйича ижобий илмий-амалий ечимлар асосида материалларни рақамлаштириш;

    номоддий маданий мероснинг барча йўналишлари бўйича грантлар ажратилишини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш, тадқиқот ишларига ёш олимларни жалб этиш;

    ЮНЕСКО, Халқаро товуш ва аудиовизуал архивлар ассоциацияси ҳамда бошқа халқаро ва хорижий ташкилотлар экспертларини жалб этган ҳолда, архивда материалларни ишончли рақамлаштириш масаласини илмий-амалий жиҳатдан ўрганиш.

    2024 йил якунига кадар:

    Институт халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, шунингдек, мебель ва бошқа техник воситалар билан жиҳозланиши;

    юқори малакали ва ташаббускор кадрлар билан тўлдирилиши;

    номоддий маданий мерос намуналарининг даврлар ўтиши билан ўзгариб бориши ва келажакдаги ҳолати моделлаштирилиши;

    номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи материаллар, ахборот ташувчи воситалар, этнофольклор экспедицияларда тўпланган материалларни технологиялар ўзгаришига мутаносиб равишда замонавий форматга ўтказиб бориш ҳамда аудиовизуаллаштириш ишлари йўлга қўйилади.