Хоккeй бўйича Ўзбeкистон U-18 тeрма жамоаси жаҳонни забт этди

    Яқинда Таиланднинг Бангкок шаҳрида хоккей бўйича ўтказилган U-18 жаҳон чемпионатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси хоккей жамоаси ғолиб бўлди.

    Ўзбекистон терма жамоаси илк марта бундай нуфузли чемпионатда иштирок этганига қарамай, барча жамоалар устидан ўта ишончли ва йирик ҳисобда ғалабага эришди. Масалан, Жанубий Африка Республикасини 12:0, Люксембургни 12:1, Туркманистонни 8:2, Босния ва Герцеговинани 11:3 ва ниҳоят ҳал қилувчи баҳсда Таиланд жамоасини 3:2 ҳисобида енгди ва мутлақ чемпион бўлди.

    Жамоа сардори Жасурбек Рустамхонов 14 та голи (шайбаси) ва 8 та узатмаси эвазига турнирнинг “Энг яхши ҳужумчи” ва “Энг яхши ўйинчи”, Рустам Эргашев эса “Энг яхши дарвозабон” номинациясига муносиб кўрилди.

    — Бу бизнинг биринчи иштирокимиз. Шу боис, катта ҳаяжон ҳамда масъулият юклади, — дейди Жасурбек Рустамхонов. — Чемпионатга қатъий интизом асосида тай­ёргарлик кўрдик. Натижада барча жамоани йирик ҳисобда енгдик. Охирги ўйин қийинроқ кечди, аммо уюшқоқлик билан мезбонлар терма жамоасини ҳам енгдик. Бизнинг бу ғалабамиз Президентимиз томонидан мамлакатимизда спортнинг хоккей турини ривожлантиришга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ёш спортчилар учун яратиб берилаётган шароит ҳамда имкониятлар натижасидир. Бугунгидек рағбат ва эътибор бизни руҳлантиради ҳамда кейинги муҳим ўйинларда куч беради.

    Чемпионларимизни тайёрлаган мураббийлар штаби Нормундс Сеейс, Абдумажид Носиров ва Роман Кривомазов каби тажрибали мутахассислардан иборат. ­Учрашувда мураббийлар юртимизда барча спорт турлари қатори хоккейга қаратилаётган эътибор ва ишонч учун миннатдорлик билдирди.

    — Бизга ишонч билдирган ва фаолият юритишимиз учун кенг имкониятлар яратиб берган Президентимизга катта раҳмат, — дейди терма жамоа мураббийи Абдумажид Носиров. — Ушбу чемпионатдан аввал Осиё турнирларида қатнашиб, тажриба тўплаганмиз. Бир неча нуфузли мусобақада ғолиб бўлганмиз. Жаҳон чемпионатига бир йил тайёрландик. Бугунги ғалаба шукуҳи ва кайфият мана шундай меҳнатлар самарасидир. Шогирдларим бундан жуда хурсанд. Ўзига ишончи баланд. Мана шу руҳда давом этиб, бундан кейин ҳам катта марраларни забт этишни кўзлаяпмиз. Ушбу ғалаба жамоамизга келгуси йили III дивизионнинг “А” гуруҳида қатнашиш имкониятини тақдим этди.

    Хўш, бу нима дегани? Халқаро хоккей федерацияси томонидан ташкил этиладиган U-18 жаҳон чемпионати бир неча дивизионга бўлинган. Жамоалар ўз даражасига қараб турли дивизионда қатнашади. III Б дивизион — паст даражадаги дивизионлардан бири. Ўзбекистон U-18 терма жамоаси шу дивизионда иштирок этиб, барча рақибларини мағлуб этди ва III А дивизионига кўтарилиш ҳуқуқини қўлга киритди.

    Жамоамиз бу дивизионда ҳам ғолиб чиқса, кейинги босқичга — II дивизионга кўтарилиши мумкин. Бошқача айтганда, ҳар бир босқичда ғолиб бўлган жамоа юқорироқ дивизионга чиқади, энг кучсиз жамоа эса қуйига тушиб кетади. Бу хоккейда “кўтарилиш ва тушиб кетиш” тизими деб аталади. Ўзбекистоннинг III А дивизионига чиқиши халқаро миқёсда кучлироқ жамоалар билан беллашиш ва тажриба орттириш учун катта имконият, дегани.

    Хоккей жамоавий ўйини спортчилардан ўзига хос чаққонлик, фавқулодда ҳушёрлик ва муз устида ердагидек эркин ҳаракат қила олиш маҳоратини талаб этади. Хоккейнинг расмий ўйинлари одатда -5 градус атрофидаги муҳитда ўтказилади. Очиқ ҳаводаги ўйинларда ундан ҳам совуқ бўлиши мумкин. Ўйин давомида хоккейчилар жуда катта тезликда — соатига 40-50 километрдан 180 километргача ҳаракатланади ва ўртача 6-8 километр масофани босиб ўтиши мумкин.

    Рашид ХЎЖАМОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates