Хоразмда 7-синф ўқувчиси тунги клубда раққосалик қилаётгани аниқланди

    Тунги клубда ижтимоий хавфли аҳволда қаровсиз ва назоратсиз қолган 14 ёшли қиз Хоразм вилояти ИИБга қарашли вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.

    “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик ойлиги доирасида Хоразм вилояти ИИБ тезкор ходимлари томонидан Урганч шаҳридаги тунги клубларда рейд тадбирлари ўтказилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

    Маълум қилинишича, вилоятда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан тунги пайтда фаолият олиб борувчи кафе, бар ва ресторанларда назорат-рейд тадбирлари амалга оширилган.

    Тадбир давомида тунги клублардан бирининг раҳбари вояга етмаган 7-синф ўқувчиси бўлган 14 ёшли қизни тунги клубда раққосалик билан шуғулланишига йўл қўйиб келаётгани аниқланган.

    Ҳолат юзасидан клуб раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-моддаси (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва белгиланган тартибда тушунтириш ишлари олиб борилган.

    Қўшимча қилинишича, тунги клубда ижтимоий хавфли аҳволда қаровсиз ва назоратсиз қолган 14 ёшли қиз Хоразм вилояти ИИБга қарашли вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.

    Рейд давомида тунги клублар раҳбарлари ва ишчиларига нисбатан 24 та ҳолатда маъмурий баённома расмийлаштирилган. Бундан ташқари, тунги клубларда бўлган 76 нафар шахсдан ОИТСга қарши курашиш маркази ходимлари томонидан мобил лаборатория орқали қон намуналари олинган.