Уларда Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаклари изҳор этилган.
Хорижий ҳамкорлар ўз қутловларида Янги Ўзбекистондаги мамлакатни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳот ва янгиланишларда эришилаётган катта ютуқ ва муваффақиятларни, давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи изчил мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида қайд этган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент жаноблари!
Хитой ҳукумати ва халқи номидан ҳамда ўз номимдан Сизни Ўзбекистоннинг анъанавий байрами Наврўз муносабати билан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз.
Яқинда сиз билан Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигиининг 30 йиллигини нишонладик. Пекиндаги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросими доирасида дўстона муҳитда сермаҳсул учрашув ўтказдик ҳамда икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш ва биргаликда “Бир макон, бир йўл”ни барпо этиш, COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан янги келишувларга эришдик.
Мен Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқдаман ва Сиз билан биргаликда мамлакатларимиз равнақи ва халқларимиз фаровонлиги йўлида анъанавий дўстликни мустаҳкамлаш ва икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга тайёрман.
Сизга мустаҳкам соғлик, давлатчилик фаолиятингизда катта муваффақиятлар, дўст Ўзбекистон халқига бахт-саодат ва фаровонлик тилайман!
Си Цзиньпин,
Хитой Халқ Республикаси Раиси
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари!
Сизга ва Ўзбекистон халқига Наврўз бахтли ва фаровон бўлишини тилайман. Бу барча учун тинчлик ва янгиланиш байрамидир, жорий йил эса мамлакатларимиз дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаётгани билан алоҳида аҳамиятлидир.
Менинг маъмуриятим пандемияга қарши кураш, стратегик шериклигимизни чуқурлаштириш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш борасидаги муваффақиятли саъй-ҳаракатларимизни давом эттириш учун келгуси йилда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан умидвор. Мамлакатингизни Америка инвестициялари учун жозибадор қилишига ёрдам берган иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз.
Шунингдек, Сиз билан C5+1 жараёни доирасида умумий минтақавий мақсадларимиз йўлидаги ишларимизни давом эттиришга интиламиз
Наврўз муборак!
Ҳурмат билан,
Жозеф Робинетт Байден,
Америка Қўшма Штатлари Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Барчамиз учун умумий бщлган Наврўз байрами муносабати билан Сиз ва юртдошларингизни самимий табриклайман.
Ушбу файзли баҳорий байрам, юксак маънавий қадриятларни акс эттириб, янгиланиш, тинчлик ва бирликка чорлайди. Азал-азалдан қадрли Наврўз биродар давлатларимизга шодлик ва фаровонлик олиб келган.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшинчиликка асосланган иттифоқчилик бундан буён ҳам халқларимиз фаровонлиги йўлида изчил ривожланади.
Ушбу файзли кунларда Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мамлакатингиз равнақи ва барқарор тараққиёти йўлидаги барча эзгу ташаббусларингизга катта муваффақиятлар, қардош ўзбек халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Наврўз ҳар бир хонадонга қут-барака олиб келсин!
Ҳурмат билан,
Қасим-Жомарт Тоқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Сизни Наврўз байрами билан чин дилдан қутлайман!
Наврўз – эзгу интилишлар, пок орзу-умидлар, ҳаёт ва баҳор шодиёнасини мужассам этган буюк қадимий байрам.
Ишончим комил, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар бундан буён ҳам чинакам дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида мустаҳкамланиб боради.
Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, фаолиятингизда янги муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилайман!
Ҳурмат билан,
Садир Жапаров,
Қирғиз Республикаси Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Сизга ва Сиз орқали дўст Ўзбекистон халқига аждодларимизнинг азалий байрами Наврўз кириб келиши муносабати билан самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Бугунги кунда халқаро байрам мақомини олган қадимги Наврўз айёми ўзининг чуқур маънавий мазмуни билан инсониятга хизмат қилаётгани қувонарлидир.
Замоннинг мураккаб ижтимоий-иқтисодий ва геосиёсий шароитларида Баҳор байрамининг умуминсоний қадриятлари тикланиш ва бунёдкорлик, тинчлик ва осойишталик, дўстлик ва аҳиллик, ўзаро тушуниш ва бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва кўмак каби юксак неъматларни ўзида акс эттириш билан алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон-Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари Наврўзнинг эзгу анъаналари руҳида келажакда ҳам ривожланиб, халқларимизнинг туб манфаатларига мувофиқ кенгайишига ишонаман.
Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, биродар Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик, барқарорлик, фаровонлик ва чексиз равнақ тилайман.
Наврўз муборк!
Ҳурмат билан,
Эмомали Раҳмон,
Тожикистон Республикаси Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Сизни ва биродар Ўзбекистон аҳлини халқаро Наврўз байрами муносабати билан самимий муборакбод этиб, энг эзгу тилакларимни йўллаш мен учун шарафдир.
Наврўз байрами қадим замонлардан табиат тикланиши, ҳаёт тантанаси ва баҳор кириб келиши рамзидир. Меҳмондўстлик, тинчликсерварлик, яхши қўшничилик ва юксак инсонпарварлик тамойилларини мужассам этган ушбу байрам халқларимиз ўртасидаги аҳиллик ва дўстликни мустаҳкамлашда алоҳида ўринга эга.
Ушбу ажойиб байрам Сиз ва мамлакатингизнинг бутун халқига шодлик, фаровонлик ва равнақ олиб келсин.
Чуқур ҳурмат ила,
Сердар Бердимуҳамедов,
Туркманистон Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Ўз номимдан ва Озарбайжон халқи номидан Сизга ва Сиз орқали қардош Ўзбекистон халқига Наврўз байрами муносабати билан самимий тилакларимни изҳор этаман.
Табиатни уйғотувчи, одамларга янги кайфият улашувчи ушбу баҳорий байрам ўзаро англашув, дўстлик ва ҳамжиҳатликни тараннум этади.
Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик Наврўзнинг эзгу қадриятларини юксак қадрлайдиган халқларимиз иродасига мувофиқ бундан буён ҳам кенгайиб, мустаҳкамланиб боришига ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизга мустаҳкам соғлик, фаолиятингизга муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Илҳом Алиев,
Озарбайжон Республикаси Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Қалбларга қувонч бағишловчи Наврўзнинг кириб келиши, табиат ва она заминнинг қайтадан жонланиши ҳамда ҳижрий-шамсий янги 1401 йилнинг бошланиши муносабати билан Сиз Жаноби Олийларини, Сизнинг муҳтарам оила аъзоларингизни ва мамлакатингизнинг азиз халқини чин юракдан муборакбод этаман.
Наврўз художўйлик, оилани севиш ва тинчликпарварликдан келиб чиқадиган маданиятнинг авж нуқтаси бўлмиш қадриятларга таянувчи цивилизациянинг тимсоли ва жилоланишидир. Исломнинг азиз Пайғамбари (унга, унинг покиза авлодлари ва буюк саҳобаларига саловотлар бўлсин) шундай марҳамат қиладилар: «Баҳорни кўрганингизда қиёматни кўпроқ эсланг». Яратилишнинг буюклиги тўғрисида тафаккур қилиш ва табиатдаги ўзгаришларга эътибор қаратиш қалбнинг уйғонишига туртки, Аллоҳни эслаш воситаси ҳамда инсониятнинг тараққиёти ва юксалиши йўли ҳисобланади. Буюк шоир Саъдий Шерозий бу тўғрида шундай деган:
Тургин, ғанимат билгин ул баҳор елларини,
Қушларнинг куйлаши-ю лолазор хуш ҳидини.
Барча гулу япроқлар Яратганни эслагай,
Булбулу мусича ҳам куйлар Худо ёдини.
Ҳижрий-шамсий янги асрда олий илоҳий ва инсоний қадриятлар томон ҳаракат янада тезлашиб, бу аср мамлакатингизда яшовчи барча кишилар учун Наврўз каби янада қувончлироқ ва мусаффороқ кунлар, минтақанинг барча халқлари учун эса янада мустаҳкамроқ тинчлик ва якдиллик олиб келади, деб умид қиламан. Эрон Ислом Республикаси ушбу маданий бирдамликни мустаҳкамлаш минтақа ва жаҳондаги барча мамлакатлар учун тинчлик ва осойишталик олиб келади, деб ҳисоблайди ҳамда бу йўлда самимийлик билан барча мамлакатларга ўзининг дўстлик қўлини чўзади.
Қодир Эгамдан Сиз жаноби олийларига соғлик ва муваффақият, дўст ва биродар Ўзбекистон Республикаси халқига бахт-саодат ва фаровонлик ато этишини сўраб, янги йилнинг сизлар учун хайр-баракага тўла бир йил бўлишини тилаб қоламан.
Ҳасан Руҳоний,
Эрон Ислом Республикаси Президенти
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Сиз Жаноби Олийларига ўз саломларимизни ва самимий тилакларимизни мамнуният билан йўллаб, Сизга бардавом соғлик, бахт-саодат, ўзбек халқига эса Сизнинг оқилона раҳбарлигингиз остида янада юксалиш ва тараққиёт тилаймиз.
Наврўз байрами муносабати билан Сизга самимий табрикларимизни тақдим этиб, юртингиз ривожи йулида қилаётган барча сайъ-ҳаракатларингизни амалга ошишига ҳамда ушбу йил Сиз ва халқингиз учун яхшилик, бахт ва қувонч йили бўлиб қолишига тилакдошмиз.
Бизларни бирлаштириб турган мустаҳкам дўстлик, биродарлик ва шериклик ришталарини дўст халқларимиз манфаатлари йўлида турли соҳаларда янада юксак чўққиларга олиб чиқишга бўлган интилишларимиз юқори эканини Сиз Жаноби Олийларига таъкидлаб ўтамиз.
Байрамингиз муборак бўлсин, доимо Аллоҳнинг паноҳида бўлинг!
Самимий эҳтиромлар ила,
Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум,
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими
Шунингдек,
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев,
Фаластин Давлати Президенти Маҳмуд Аббос,
Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён,
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Чжан Мин,
Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдод Амреев,
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусрав Нозирий ва бошқалар табрик йўллаган.
Қутловлар келиши давом этмоқда.