Хорижий тилларни билиш ёшлар учун қанчалик муҳим?

    Замонавий дунёда Ўзбекистон ёшлари учун чет тилларни пухта ўрганиш глобал мулоқот ва муваффақият калитидир.

    Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз — ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат”, дея таъкидлаган эди.

    Глобаллашув, маданият ва қадриятлар, миллий ўзлик тушунчалари орасидаги масофалар кундан кунга қисқариб бораётган паллада ёшларимизнинг жаҳонга интеграциялашишида тил омили муҳим ва асосий вазифани бажармоқда. Чет тилларни билмаган ёшлар халқаро бизнес, илм-фан, сиёсат, иқтисодиёт ёки ахборот ва коммуникация тармоғида жой йўқ эканини англамоқда.

    Дарҳақиқат, ота-боболаримизнинг “Тил билган — эл билади” нақлига биноан юртимизнинг эртанги куни, унинг фаровонлигини таъминлаш учун ёшларнинг билим ва салоҳиятини ошириш, кенг имкониятлар яратиб бериш олдимизда турган асосий масалалардан биридир.

    Имкониятлардан фойдаланиш — давр талаби

    Ўзбекистонда ёшларнинг хорижий тилларда эркин мулоқот қила олиши одатий ҳолга айлангани, албатта, қувонарли. ­Натижалар узлуксиз таълим тизимининг барча босқичларида чет тиллар юқори савияда ўқитилишига эътибор қаратилаётгани, ёшларга шароит яратилгани билан чамбарчас боғлиқ. Ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишига таъсир этувчи омиллар мавжуд.

    Биринчидан, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамияти билан тенг интеграцияга киришиши натижасида ҳаётимизда бўй кўрсатаётган янги технологиялар ёшларни ўзига жалб этади. Бу технологиялар инглиз, хитой ва бошқа хорижий тиллар билан боғлиқлиги сабабли уларни тушуниш, кенг фойдаланиш натижасида хорижий тилга нисбатан қизиқиш ортиб бормоқда.

    Иккинчидан, ёшлар қайси йўналишни танламасин, олийгоҳга киришда хорижий тил бўйича B2 даражали тил сертификатига эга бўлса, хорижий тилдан имтиҳон балига 100 фоиз имтиёз қўшиб берилмоқда. Бу эса уларга қолган фанлардан яхшироқ тайёргарлик кўришга имконият яратмоқда.

    IELTS каби халқаро эътироф этилган тил билиш имтиҳонларида 7.0 ва ундан юқори балл олган ёшларнинг имтиҳон пули давлат томонидан компенсация қилиб берилиши ёшларнинг хорижий тилларни ўрганиши учун эътибор ва имкониятнинг яққол намунасидир. Бундан кўзланган мақсад тил билиш бўйича билимдон ёшларни кашф этиш ва дунё меҳнат бозорига рақобатбардош, юксак билимли кадрларни тайёрлаш ҳисобланади.

    Хорижда таълим олиш учун ёшларга имконият яратиш, мутахассислар тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилгани яна бир рағбат бўлди. Бу жамғарма танловида иштирок этиш учун асосий шартлардан бири ҳам чет тилдан билим даражасини белгиловчи амалдаги миллий (CEFR) ёки халқаро сертификатга (IELTS, TOEFL, DELF) эга бўлиш. Ушбу имкониятдан фойдаланаётган юзлаб ёшлар ҳар йили хорижий ОТМларда бакалавр ёки магистратурада ўқиб, яхши касб эгалари бўлиб юртимизга қайтмоқда. Шу каби ёшларнинг фикрича, чет тилни билиш уларнинг нафақат дунёқарашини кенгайтиради, балки дунёга чиқишига йўл очиб бераётган калит ҳамдир.

    Илгари хорижий тиллар 5-синфдан бошлаб ўқитилган бўлса, янги давр ўқувчилари мактаб остонасига қадам ташлаши биланоқ она тили билан бир қаторда ўзга, хорижий тиллар билан юзлашмоқда. Хорижий, асосан, инглиз тилини ўқитиш 1-синфдан татбиқ этилган бўлиб, ёш авлод таълим муассасаларини битиргунга қадар тил билиш даражаси В2 бўлиши белгиланган. Хорижнинг етакчи нашриётлари ва методикалари асосида тажрибадан ўтказилган ва натижадор янги авлод дарсликлари, адабиётлари воситасида таълим берилаёгани, тил соҳибларининг дарс жараёнларига жалб қилинганини эътироф этиш лозим. Бундан ташқари, хорижий таълим ташкилотлари томонидан янги лойиҳа ва дастурлар асосида ўқитиш услубларига трансформация қилиш замон талабига айланиб улгурди. Тажрибадан кўриш мумкинки, ўрта мактабнинг 7-8-синф ўқувчилари ҳам бугунги кунда хорижий тилни ўрганиб, тил сертификатига эга бўлмоқда. Қолаверса, мактабларда биринчи чет тилга қўшимча равишда немис, француз, корейс, испан, хитой ва япон тилларини иккинчи хорижий тил сифатида ўқитиш бошланди. Бу эса ёшларга мактабни битиришда иккита хорижий тилни ўрганиб чиқиши учун кенг имкониятдир.

    Учинчидан, Ўзбекистон бугун барча учун очиқ давлат сифатида кўплаб хорижий инвесторлар, чет эл корхоналари кириб келишига замин яратиб, ишбилармонлик ўчоғига айланмоқда. Халқаро ҳамкорлик натижасида катта инвестициялар жалб этилмоқда, ёшлар хорижда таълим олишига кенг имкониятлар яратилмоқда, ривожланган мамлакатлар илғор тажрибалари юртимизга олиб кирилмоқда. Бундай даврда фарзандларимизнинг тил билиши, хорижликлар билан тенгма-тенг мулоқот қила олиши, турли тиллардан ўзбек тилига ёки ўзбек тилидан хорижий тилларга таржима қилиши биз учун ўта муҳимдир.

    Таълим ташкилотларида, ўқув курсларида ҳам чет тили деганда аксарият ҳолатда инглиз тили ўқитилиши кузатилади. Аммо бугунги кунда 10 мингдан ортиқ мактабда инглиз тили, 901 та мактабда немис тили, 581 та мактабда француз тили ва 47 та мактабда бошқа чет тиллар ўқитилмоқда. Шунингдек, 354 та мактабда иккинчи чет тили — француз, немис, корейс, япон, инглиз, хитой тиллари ўқитилиши бошланган. Ушбу мактабларнинг 10-синфида таҳсил олаётган 16 минг 166 ўқувчига 418 ўқитувчи турли чет тиллардан дарс бермоқда.

    Шунингдек, 23 та давлат олий таълим муассасасида филология ва тилларни ўқитиш, таржима назарияси ва амалиёти бакалавриат таълим йўналишларида инглиз, француз, немис, араб, испан, корейс, хитой, япон, итальян, турк, рус, форс, шарқ тиллари, қиёсий тилшунослик, лингвистик таржимашунослик, синхрон таржима бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

    Етук кадрларни салоҳиятли устозлар тарбиялайди

    Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, республика бўйича таълим муассасалари, тармоқлар ва ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, камида 10 та чет тилни (инглиз, рус, немис, француз, хитой, корейс, япон, турк, араб, форс) оммалаштириш вазифаси белгиланган.

    Чет тилларни сифатли ўргатиш учун хорижий таълим муассасалари билан халқаро ҳамкорликни кучайтириш, хорижий тил соҳибларини (native speakers) ўқув жараёнига жалб этиш, хорижда малака ошириш ва стажировкалар улушини ошириш каби вазифалар қўйилган. 2023/2024 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларига 500 нафар тил эгаси жалб этилиб, тил муҳити яратилган бўлса, ушбу тажриба жорий йилда ҳам давом этмоқда. Олий таълим муассасаларида юқоридаги вазифалар мақсадли кўрсаткичлар сифатида белгилаб берилган.

    Унга кўра, биргина Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўқув йили давомида имзоланган меморандум ва шартномалар сони 103 тадан 157 тага ошди. Университетнинг хорижга юборилган профессор-ўқитувчилари сони 192 нафар, талабалар сони эса 200 нафардан ошди. Хорижлик ўқитувчилар 23 нафардан 55 нафарга ортган бўлса, хорижий талабалар сони 74 нафардан 171 нафарга етказилди.

    Бугунги кунда Буюк Британия, Германия, Франция, Испания, Италия, Финляндия, Словакия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Миср, Жазоир, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Малайзия, Россия, Қозоғистон каби қатор давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Университет талабалари мазкур мамлакатларнинг олий таълим муассасаларида ҳар йили 6 ойлик ва бир йиллик грантлар асосида таълим олиб келмоқда. Мазкур давлатлар ОТМларининг профессор-ўқитувчилари университетимизда фаолият юритмоқда. Бу эса хорижий тилда дарслар янада самарали ташкил этилишига сабаб бўлмоқда.

    Шунингдек, ЎзДЖТУда илмий салоҳиятли профессор-ўқитувчилар улуши 171 нафардан 296 нафарга ошди, докторантурага қабул 2023 йилда 44 нафардан 2024 йилда 61 нафарга кўпайди. С1 ва С2 даражадаги халқаро ва миллий сертификатга эга профессор-ўқитувчилар улуши 2023 йил сентябрда 592 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб, 690 нафарга етди.

    Талабалар орасида ҳали 2-, 3-курсдаёқ чет тил бўйича С1 даражадаги сертификатни қўлга киритаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. Улар учун маҳаллий қўшма таълим дастурлари, яъни тил + касб бериш ёки иккита касб эгаллашига имконият яратиш устида ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси билан ҳамкорликда чет тилини биладиган ёшларга борт кузатувчиси, стюардесса касбларини ўргатиш, “Ўзбектуризм” билан билан чет тилни яхши биладиган битирувчи курс талабаларини тур-операторликка тайёрлашни бошлаяпмиз. Глобаллашув ва фаол халқаро ҳамкорлик шароитида ноёб хорижий тилларни биладиган малакали мутахассисларга эҳтиёж тобора долзарб бўлиб бормоқда. Бу эса Ўзбекистон ёшлари учун чет тилларни пухта билиш шахсий ва касбий ривожланиш учун янги имкониятлар очаётганини, ёшларимизнинг ёрқин келажагини барқарор қура олишига ёрдам беришини англатади.


    Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,

    педагогика фанлари доктори, профессор


    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 205-сонида (2024 йил 10 октябрь) чоп этилган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates