Мамлакатимизда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, самарали рақобатбардош муҳитни шакллантириш ҳамда тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Мазкур қарор бозор шароитида рақобатни янада ривожлантириш, тадбиркорликнинг янги йўналишларини ривожлантиришга қўшимча имкониятлар яратиш, фуқароларнинг ишчанлик қобилиятини ошириш, аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришда алоҳида аҳамиятга эга. Бу ишларни сифатли амалга оширишда хусусий секторга ўтказилиши таклиф этилаётган давлат функциялари, шунингдек, хусусий секторнинг тегишли таклифларини эълон қилиш ва муҳокамадан ўтказиш учун электрон майдонча фаолиятини ишга тушириш талаб этилади.
Ана шу мақсадда жорий йил йил 4 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Қарорга кўра, 2021 йил 1 августдан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳон олиш учун ҳужжатлар ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш кабиларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш жорий этилади.
Содда қилиб айтганда, тегишли лицензияси мавжуд бўлган тадбиркорларга троллейбус ва трамвайдан ташқари барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилаяпти. Имтиҳонлар ДЙҲХХ вакилининг бевосита ёки онлайн иштирокида ўтказилади.
Имтиҳонларни муваффақиятли топширган номзодларга тадбиркорлик субъекти томонидан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун асос бўладиган сертификатлар берилади. Бу сертификатлар махсус ҳимоя қобиғига эга. Унинг барча зарур реквизитлари эса тадбиркор томонидан давлат хизматлари марказлари ва ички ишлар органларига автоматлаштирилган ҳолда тақдим этилади.
2022 йил 1 августдан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг ўқув курсларини тугатган ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳон олиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришдан ташқари, ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек, номзодлардан имтиҳон олишга оид ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча тегишли ҳужжатлар фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади. Бунда, давлат хизматлари кўрсатиш борасидаги фаолиятни мониторинг ва назорат қилиш ИИВ ДЙҲХХ органлари томонидан автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Яна бир муҳим янгилик – ушбу қарор билан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳайдовчилардан автомототранспорт воситасини бошқариш учун ишончнома (нотариал тартибда тасдиқланган), техник кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумот, автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш электрон шаклга ўтказилади ва уларни ҳайдовчидан талаб этиш тартиби бекор қилинади. Шунингдек, қарор билан 2022 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда илғор хорижий тажрибани пухта ўрганган ҳолда ҳайдовчидан талаб этиладиган ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш бўйича ишларни тўлиқ якунлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифлар киритиш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июлга қадар автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектлари электрон ҳисобини юритиш реестрини шакллантиради ҳамда мазкур реестрни ЯИДХП тизимига интеграция қилган ҳолда унинг реал вақт режимида автоматик тарзда янгилаб борилиши таъминланади.
Азизхон МУРОДОВ,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХ Бош бошқармаси
Ахборот хизмати етакчи мутахассиси









