Сўнгги паллада мамлакатимиз спорт делегацияси байроқдорлари ўзгарди. Чунки эртага Бобоусмон Батуров рингга чиқиши керак. Хавфсизлик нуқтаи назаридан очилиш маросимида иштирок этадиган ҳар бир киши тадбирдан бир неча соат олдин стадионга етиб бориши, тадбир давомида тик оёқда туриши, текширувлардан ўтиши лозим. Бу эса спортчиларни уринтириб қўйиши табиий.
Шуни инобатга олган ҳолда мамлакатимиз делегацияси раҳбарияти байроқдорларни ўзгартиришга қарор қилди. Бобоусмоннинг ўрнини ўзбек бокси фахри Баҳодир Жалолов эгаллади.
Ўз навбатида 25 июль куни баҳсларга киришадиган Оксана Чусовитина ҳам ўзининг сўнгги олимпиадасига жиддий ҳозирлик кўриш мақсадида ўз ўрнини бўшатди ва спорт гимнастикаси афсонасини Нигора Турсунқулова алмаштирди.
Очилиш маросими Тошкент вақти билан соат 16:00 да старт олади. Унда иштирокчи давлатларнинг марши алоҳида аҳамият касб этадиган жараёндир.
Парадда биринчи бўлиб замонавий Олимпия ўйинларининг асосчиси ҳисобланмиш Греция давлати вакиллари чиқиб келади. Шундан сўнг мезбон давлат алифбоси бўйича давлатлар кетма-кетлиги «Олимпия стадиони»да кўриниш беради.
Эътиборлиси, Ўзбекистон номи япон алифбосида олди қаторлардан бўлиб, тартиб рақам бўйича 25-ўриндан жой олган.