Уларда нималар акс этган? Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази раҳбари Воҳид Ҳамидов билан суҳбатда шу саволларга жавоб изладик.
— Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ўқитиш методикасини такомиллаштириш вазифаси белгиланган. Шунга мувофиқ, ўтган вақтда дарсликларни янгилаш бўйича муайян ишлар бажарилди. Хусусан, илғор хорижий тажрибалар асосида 1–4-синф дарсликлари янгидан тайёрланди.
Янги дарсликлардаги топшириқ ва вазифаларни бажариш орқали ўқувчиларимизда бошланғич синфларда билимни баҳолайдиган PIRLS, TIMSS, EGMA, EGRA каби халқаро дастурларнинг масалаларини ечиш малака кўникмаси шакланади.
Бир қатор илғор хорижий давлатларда информатика фанини кичик ёшдан ўқитиш йўлга қўйилган. Хусусан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD)га аъзо мамлакатларнинг кўпида дастурлаш асосларини 1-синфдан бошлаб ўқитилади. Бизда ҳам шу янгиликни жорий қилиш учун илғор хорижий тажриба асосида 1-синф учун янги замонавий информатика дарслиги яратилди.
Дарсликлар замонавий ахборот жамиятига муваффақиятли мослашиш учун зарур бўлган кўникма ва малакани шакллантиришга қаратилган. Жумладан, танқидий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш учун ижодий фикрлаш, мулоқот қилиш ва самарали ҳамкорлик кабиларни ривожлантириш кўзда тутилган. Ушбу кўникмаларни эгаллаш ўқувчиларга ўзгарувчан дунёда фаол иштирок этиш, муаммоларни ҳал қилишда аналитик ёндашувни қўллаш, янги ғояларни ишлаб чиқиш ва бошқалар билан муваффақиятли мулоқот қилишга тайёр бўлишни ўргатади.
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб мактабларда ўқитиладиган компьютер саводхонлиги дарслари 1-синфда ҳафтасига 1 соат ўтилиши кўзда тутилган. Информатика дарсида ўқувчилар компьютер билан тўғридан-тўғри ишлаши шарт эмас. Дарсликларда асосан ахборот нималиги, алгоритм тушунчаси, амаллар кетма-кетлиги каби базавий билимлар акс этган. Яъни юқори синфларда информатика фанини тушуниш учун керак бўладиган бошланғич тушунчалар берилган.
Ҳозир сунъий интеллект ҳаётимизга фаол кириб келяпти. Айниқса, юқори синф ўқувчилари сунъий интеллект билан мулоқотга киришиб, ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олаётгани бор гап. Тўғри савол бериш, мулоқот қилиш ҳолатларига ўзимиз ҳам гувоҳмиз. Ушбу жараён ҳам болаларда технологиядан фойдаланган ҳолда мантиқий фикрлаш, ижодкорлик ва муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам беради. Келажак авлодни тез ўзгариб бораётган рақамли дунёга тайёрлаш ва таълим жараёнига замонавий технологияларни интеграциялаштириш шунинг учун ҳам сув ва ҳаводек зарур.
Бу ўзгаришлар янада самарали, замонавий ва ўқувчига йўналтирилган таълим муҳитини яратишидан умид қилиб турибмиз. Чунки бу мактаб ўқувчиларининг шахсий фазилатларини ривожлантириш, чуқур билим ва кўникмаларни эгаллаши учун самарали йўл бўлиб кўриняпти.
— Янги дарсликларнинг алоҳида ажралиб турадиган жиҳати нимада? Қайси хорижий тажриба ва моделга асосланиб яратилган?
— Янги дарсликлар методикаси 4К моделига асосланган. Бу методология болаларнинг ривожланишига қаратилган бўлиб, коллаборация, коммуникативлик, креатив ва танқидий фикрлаш каби асосий компетенцияларни қамраб олади.
Ушбу компетенциялар асосидан тасаввур этиш, ғояларни илгари суриш, далиллар келтириш, маълумот етишмаслигини таъкидлаш ва излаш, ўз ғояларини шакллантириш ва бошқаларнинг ғояларини ривожлантириш, тахмин ва мулоҳазаларини баҳолай олиш, гуруҳ мақсадларини қабул қилиш ва умумий натижани баҳолаш кабилар ўрин олади. Улар мактаб ўқувчиларига мустақил ўқиш ва бошқалар билан биргаликда тадқиқот олиб бориш, ўзини кўрсатишга имкон беради. Ушбу муҳим компетенцияларни ривожлантиришга ёрдам беришни истасак, ўқув жараёнини болалар учун қизиқарли ва фойдали тарзда ташкиллаштиришимиз керак. Мактабдаги ҳар бир дарс ўқувчилар фақат фан мазмунини ўзлаштирадиган эмас, балки мустақил билим оладиган ва қобилиятини мустақил ривожлантирадиган жараёндир.
Энди ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтамиз.
Коллаборация ўқувчиларнинг бирор мақсадга эришиш учун жамоада ишлаш кўникмасидир. Бу орқали ўқувчиларда ҳамкорлик қилиш, самарали фикр алмашиш ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш ўргатилади. Шу тариқа ўқувчиларнинг жамоада ишлаш қобилияти ривожлантирилади.
Бирор масалани ҳал қилишда жамоавий ҳамкорлик асосида фикр билдириш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, тушуниш муҳим роль ўйнайди. Дарсликлардаги мазмун айнан мана шу 4К моделининг биринчи жиҳати — коллаборацияга асосланган ҳолда берилган. Кўпгина топшириқларни бажаришда ўқувчилар жамоавий фикрлаб, хулоса чиқариши мумкин.
Коммуникативлик ўқувчиларнинг бошқалар билан мулоқотга киришиш қобилиятини англатади. Янги дарсликлар ёрдамида болалар фикрини аниқ-равшан ифодалаш, суҳбатдошни тинглаш, тушуниш, маълумотни етказишда тил воситаларидан унумли фойдаланишни ўрганади. Шунингдек, ўринли савол бериш, фикрларни аниқ-тиниқ ифодалай олиш, мулоҳазасини тўғри талқин этиш ва ҳимоя қилиш ҳам муҳим.
Креатив фикрлаш ижодий тафаккур ва янгилик қилиш қобилиятини билдиради. Ўқувчилар мақсадига эришиш учун янги ёндашувларни қўллашни ўрганади. Инновацион ечимларни ишлаб чиқади ва ижодий муаммоларни ҳал қилиш кўникмасига эга бўлади. Масалан, болалар креатив ёндашиб, дарсликлардан ўрин олган топшириқларни ностандарт усулда ҳал этиш кўникмасини шакллантиради.
Танқидий фикрлаш ўқувчиларнинг ахборотни танқидий баҳолаш, шахсий фикр-мулоҳазаларни шакллантириш кўникмасидир. Болалар муаммоларга таҳлилий нуқтаи назардан ёндашишни ўрганади. Мантиқий фикрлаш асосида нуқтаи назарини шакллантиради.
Дарсликларда статистик маълумотларни синтез, анализ қилиб, ахборот тўғри ёки нотўғри берилаётганини англаш, айнан танқидий фикрлаш компетенциясини ривожлантиришга эътибор қаратилган. Яъни қайсидир маълумот нотўғри талқин этилаётганини англаб олиш қобилиятини ривожлантириш кўзда тутилган.
— Ҳар бир янги дарслик замонавий дизайн тенденцияларига мувофиқ бўлиши шарт. Бу нафақат жозибали визуал муҳит яратади, балки материални самарали ўзлаштиришга ёрдам беради. Шу нуқтаи назардан дарсликларда қандай янгиликлар кузатилди?
— Китоблар мутлақо бошқача дизайнда яратилган. Бунда болаларнинг ёши ҳисобга олинган. Ишлатилган графика, ранглар палитрасидан тортиб, тасвирлар, образлар, фото, портретлар барчаси илмий ёндашув, болаларнинг психологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда берилган. Янги дарсликлардан ранг-баранг иллюстрациялар ўрин олган. Улар нафақат ўрганиш жараёнини қизиқарли қилади, балки мавзуларни яхшироқ тушуниш ва тасаввур этишга ёрдам беради.
Дарсликларни тайёрлашда вазни ҳам эътибордан четда қолмади. Китобларнинг қалинлиги, ўқувчининг ёшига мослиги, боланинг физиологик ҳолати ҳисобга олинган. Дарсликларда қалинлик ва оғирликнинг оптимал комбинацияси мавжуд бўлиб, бу, айниқса, кичик ёшдаги ўқувчилар учун ташиш ва ишлатиш жараёнини осонлаштиради.
Илгари маълумот манбаи асосан дарслик бўлган. Ҳозир интернет ривожлангани туфайли кўплаб маълумот манбалари вужудга келди. Янги дарсликларнинг бошқа манбалардан афзаллиги ўқувчи китоб билан юзма-юз мулоқот қила олади. Дарслик ўқувчининг эмоционал интеллектидан келиб чиққан ҳолда, ёшига мос равишда у билан ўзининг тилида суҳбатлашади. Бола персонажлар билан 1-синфдан бошлаб 4-синфгача бирга улғаяди. Керак бўлса, фикрлашади, мусобақалашади. Ҳамкорликда қайсидир масалаларни ҳал қилади. Бу персонажлар ўқувчиларни ҳамжиҳат ишлашга ўргатади.
Дарсликларда бош қаҳрамон сифатида 6 персонаж — 3 ўғил ва 3 қиз тасвирланган. Улар бутун ўқув жараёнида ўқувчига ҳамроҳ бўлиб, синфдан синфга, дарсликдан дарсликка бирга кўчади, дўстлик ва яқинлик ҳиссини пайдо қилади. Бош қаҳрамонлар орасида ҳар икки жинс вакилларининг намоён бўлиши ўқувчиларнинг гендер хилма-хиллигига ҳурмат кўрсатиш, ўзини тенг ва ҳурматли ҳис қиладиган ўқув муҳитини яратишга ёрдам беради.
Янги ўқув қўлланмаларда битирувчининг муносиб портрети, таълим муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу дарсликлар ҳар бир ўқувчининг муваффақиятли ижтимоийлашуви, узлуксиз касбий ўсиши ва баркамол ривожланиши учун зарур бўлган асосий кўникмаларни ривожлантиришга йўналтирилган.
Шу билан бирга, дарсликдаги топшириқлар ўқувчи шахсига йўналтирилган таълим концепциясидан келиб чиққан ҳолда болаларнинг билими, ўзлаштириш даражасига мослаштирилган. Яъни топшириқлар осондан мураккабга қараб боради. Бу ерда фанни ўзлаштириш имкониятидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ўқувчига алоҳида топшириқ бериш мумкин. Ўқитувчининг бошқа қўшимча методик қўлланмалар, топшириқларга мурожааат қилишига зарурат қолмайди. Дарсликнинг ўзида бу масала келтирилган.
Дарсликлар таълим узвийлиги принципи асосида ишлаб чиқилган. Боғча, мактабгача таълим муассасаларида берилган дастлабки билимлар узвийлиги таъминланган.
Дифференциал ёндашувга эга дарсликлар индивидуал таълим учун ноёб имконият. Ушбу дарсликлар асосида яратилган методика ўқувчиларнинг ўрганиш суръати ва услублари турличалигини ҳисобга олади. Шундай қилиб, ҳар бир ўқувчи ўз суръатида ривожланиши, ўз тушунчасини чуқурлаштириши ва ўқув вазифаларини муваффақиятли бажариши мумкин. Ушбу ёндашув тўсиқларни олиб ташлаш ва ҳар бир бола учун қулай таълим муҳитини яратиш, унинг муваффақиятга эришиши ва ўзини-ўзи ривожлантиришига имкон беради.
— Янги дарсликлар асосида сифатли дарс ўтиш учун педагоглар малакасини ошириш жараёни қандай кечяпти?
— Дарсликни ўқувчига етказишда ўқитувчи, шубҳасиз, асосий роль ўйнайди. Агар педагогни бунга тайёрламасак, у маълумот, билимни ўқувчига етказолмаса, дарслик қанчалик мукаммал яратилган бўлмасин, ундаги билимни ўзлаштириш, таълим сифати биз кутган натижани бермаслиги мумкин. Шуни кўзда тутиб, шу йил 14–17 август кунлари Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ҳамкорлигида “Бошланғич синфларда ўқитишнинг замонавий методикаси” мавзусида бошланғич синф ўқитувчилари учун малака ошириш курси ташкил этилди.
Курсда юртимизнинг барча ҳудудидан таклиф этилган 300 дан ортиқ илғор педагог ва методистлар ҳудудий тренер сифатида малака оширмоқда. Айнан улар жойларда янги дарсликлар билан ишлаш бўйича ўқитувчиларни замонавий каскад усулида тайёрлайди. Тўрт кунлик курсда бошланғич синфларда фанларни ўқитиш методикаси, ўқувчилар натижаларини баҳолаш, фанлараро интеграцияни таъминлаш каби мавзуларда машғулотлар ташкил этилади.
Янги дарсликлар XXI аср кўникмаларини шакллантиришда 4К моделини қўллаш орқали ўқувчиларда танқидий фикрлаш, ижодий ёндашув, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.
Курс давомида тренерлар ўқитишнинг 4К модели ва уни бошланғич синфларда қўллаш, ўқувчиларда ҳаётий кўникмаларни шакллантиришнинг педагогик ечимлари бўйича машғулотларда ҳам иштирок этиб, тажриба оширмоқда.
Курсни муваффақиятли тамомлаган ҳудудий тренерлар кўмагида каскад усулида шундай ўқувлар ташкил этиш, бошланғич таълим бўйича мактаб методик бирлашмаси раҳбарлари, бошланғич синф ўқитувчиларига янги дарсликлардан фойдаланишни ўргатиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган бўлажак мутахассисларга ҳам бу дарсликлар асосида дарс бериш усуллари сингдириб борилади.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.