Янги авлоднинг орзулари рўёби

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 23 сентябрь сонида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори, “Эл-юрт умиди” жамғармаси васийлик кенгаши раиси ўринбосари, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Адҳам Бекмуродовнинг “Янги авлоднинг орзулари рўёби” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, барча соҳада ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имконият яратиб бериш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишидир.

    Ҳар қандай мустақил давлатнинг истиқболи, халқнинг иқболи ўсиб келаётган авлоднинг онгу тафаккури, шижоати, интеллектуал ва жисмоний салоҳияти билан боғлиқ. Шундай экан, келажагимиз ворисларининг муаммолари, дунёқараши, истак ва интилишлари билан қизиқиш ҳамда уларга имконият яратиш, имтиёз ва рағбат бериш мамлакатнинг келажагини ўйлаш демакдир.

    Бу борада юртимиздаги ислоҳотлар ўзининг кўлами, шиддати ва кенг қамрови билан нафақат ватандошларимиз, балки хорижлик сиёсатчи ва мутахассисларнинг ҳам қизиқишини ошираётгани мамлакатимизнинг ташқи ижобий имижини янада яхшилашга хизмат қилади. Дунёда глобаллашув ва рақобат тобора кучайиб бораётган айни вазиятда барча соҳада юксак билимли кадрлар тайёрлаш, тараққиётдан ортда қолиб кетмаслик учун мустақил фикри ва ўз орзусига эга ёшларни камолга етказиш зарур.

    Бундай йигит-қизларнинг тафаккурини замонавий билим ва тажриба билан бойитиб бориш олдимизда турган муҳим вазифалардан. 2017 йилдан бошлаб бу бўшлиқни тўлдириш, истеъдодли ёшларимизнинг ривожланган давлатлардаги нуфузли олий таълим муассасаларида билим олишини таъминлаш учун катта имкониятлар эшиги очила бошлади. Президентимизнинг 2018 йил 25 сентябрдаги фармонига биноан “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилди.

    У иқтидорли ва истиқболли ёшларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш билан бирга, иқтисодиётимизнинг турли соҳаларини илғор хорижий мамлакатларнинг нуфузли университетлари, илмий марказлари ва турли компанияларида таълим олган, стажировка ўтаган ва малака оширган ёш мутахассислар билан таъминловчи мустаҳкам институционал манба вазифасини ўташи назарда тутилди.

    Жаҳон илм майдонига йўл

    Жамғарма бу борада ўз олдига қўйган олий мақсадлар сари дадил одимламоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, стипендиатларимиз дунёнинг қирққа яқин давлатида, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби илғор мамлакатларнинг 280 дан зиёд университети, илмий марказлари ва нуфузли компанияларида таълим олиб, тажриба оширяпти. Ҳозиргача улардан 1 минг 44 нафари мамлакатимизга қайтиб, турли жабҳаларда, хусусан, таълим, илмий тадқиқот, соғлиқни сақлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда иқтисодиётнинг ҳар хил соҳа ва тармоқларида самарали фаолият юритмоқда.

    Юртимизда дунёни янгича идрок этадиган, миллат ғурури ва ҳақ-ҳуқуқи учун курашадиган, ўз тақдирини халқи, Ватани тақдири билан муштарак билиб фаолият кўрсатаётган янги авлод шаклланмоқда. Давлат ва жамият ҳаётида рўй бераётган туб ўзгариш ва ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлашда, аввало, бозор иқтисодиёти шароитида мустаҳкам билимга эга, бугунги ташқи ва ички сиёсатни тушунадиган, таҳлил эта оладиган ёш ва ташаббускор кадрларни тайёрлаш ғоят муҳим.

    Зеро, Янги Ўзбекистонни барпо этишда иқтидорли йигит-қизларнинг, жумладан, “Эл-юрт умиди” стипендиатларининг алоҳида ўрни бор. Улар ўз ватанпарварлиги, билими ва малакаси, ғайратшижоати, ташаббускорлиги билан Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишга қодирлигини намоён этаётир. Бундай юксак билимли ва креатив фикрлайдиган ёшлар халқимизнинг азалий орзуларини рўёбга чиқарадиган ҳақиқий кучга айланади.

    Ушбу ўзгаришлар ва жадал ривожланиш даврида ташаббускор, иқтидорли, салоҳиятли ёш кадрларни излаб топиш, уларни ривожланган хорижий давлатлардаги нуфузли университет ҳамда етакчи илмий-тадқиқот марказларида ўқитиш давлатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётини янада жадаллаштирадиган омиллардан.

    Юқоридагиларни инобатга олиб, “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидаги уч муҳим вазифа белгилаб берилди:

    биринчиси, Ўзбекистоннинг жадал ривожланиши учун рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларни ривожланган давлатларнинг нуфузли университетлари, илмий марказлари ва компанияларида ўқитиш, стажировкадан ўтиши ва малакасини оширишни таъминлаш;

    иккинчиси, илғор хорижий мамлакатларнинг нуфузли университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликда, илғор халқаро стандартлар асосида, замонавий фикрлайдиган ва рақобатбардош мутахассисларни Ўзбекистонда ҳам тайёрлаш лойиҳаларини ташкилий ва молиявий қўллаб-қувватлаш;

    учинчиси, хорижда яшаётган ва профессионал фаолият юритаётган ватандош олимлар, экспертлар, илмий тадқиқотчилар ва турли соҳалар бўйича тажрибали мутахассислар билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларни Ўзбекистонда бўлаётган кенг қамровли ислоҳотларга жалб этишга кўмаклашиш.

    Жамғарма иқтидорлиларни излаб топади

    Президентимизнинг ўтган йил 11 февралдаги “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид муҳим вазифалар янада ойдинлашди. Жумладан, очиқ стипендия танловлари асосида хорижда бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш дастурлари жамғарманинг асосий таълим йўналишлари ҳисобланади.

    Жамғарманинг таълим дастурлари бўйича номзодларни саралаш танлови мунтазам ҳамда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари
    учун, уларнинг мамлакатимиздаги иш ва ўқиш жойидан қатъи назар, очиқ амалга оширилади. У томонидан вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг тўғридан-тўғри буюртмалари асосида истиқболли ва талаб юқори мутахассисликлар бўйича стажировкадан ўтиш дастурлари ташкил этилади.

    Анъанага кўра, жамғарма эълон қиладиган очиқ стипендия танловларида вазирлик ва идоралар мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, асосан, ёшлар фаол иштирок этмоқда. Жумладан, 2018 йилда 378 нафар, 2019 йилда 600 нафар, 2020 йилда 15 нафар (пандемия даври) ёшнинг хорижда таълим олиши ташкил этилган бўлса, 2021 йилга келиб, 266 нафар ва 2022 йил давомида 480 нафар (20 сентябрь ҳолатида 193 нафар танлаб олинди) стипендиат бундай имкониятга эга бўлмоқда.

    Бугунга қадар жами 1 минг 452 нафар иқтидорли ва истиқболли ёш ҳамда соҳа мутахассисини “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати сифатида хориждаги ривожланган давлатлар таълим муассасалари ва илғор компанияларида таълим олиши ва стажировка ўташи учун имконият яратилди. Бу кўрсаткичлар замирида давлатимизда юритилаётган ижтимоий сиёсатнинг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, халқаро даражада билим олиши ва эртанги кунда мамлакатимизга бой тажриба билан қайтиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар самараси мужассам.

    Чет эллик экспертнинг ҳайрати

    Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари бугун дунёнинг энг нуфузли университетларида, жумладан, University of Oxford (Буюк Британия, QS агентлиги глобал рейтингида 2-ўринда), University of Cambridge (Буюк Британия, QS 3), University College London (Буюк Британия, QS 5), Imperial College London (Буюк Британия, QS 7), The University of Chicago (AҚШ, QS 10), University of Edinburgh (Буюк Британия, QS 16), Columbia University (АҚШ, QS 19), Cornell University (АҚШ, QS 20) ва бошқа университетлар ҳамда илмий марказларда таълим олмоқда.

    Айни вақтда 417 нафар стипендиатимиз АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби давлатларда бакалавриат, магистратура, ординатура ҳамда докторантура дастурларида ўқишни давом эттирмоқда. Бу таълим даргоҳларидан юксак билим ва катта тажриба орттириб қайтган ёшлар юртимизда салоҳиятли кадрлар базасини бойитишга хизмат қилади.

    Дунёда кечаётган глобал пандемия ва нотинч ижтимоий-сиёсий вазиятга қарамай, Ўзбекистон ёшларининг хорижда таълим олишига давлат бюджетидан мунтазам ва барқарор маблағ ажратиб борилаётгани хорижлик ҳамкорлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Стипендия ва грантлар совриндорларининг ота-оналари Президентимизнинг халқчил сиёсатидан чексиз миннатдорлигини изҳор этмоқда.

    АҚШдаги Пурдью университетининг академик масалалар бўйича катта маслаҳатчиси Жеф Майерс ўзбекистонлик иқтидорли ёшларга давлат томонидан яратилаётган бундай имкониятдан ҳайратланиб, “Биз, турли маданият вакиллари бир-биримиздан ўрганадиган жиҳатлар жудаям кўп экан”, деб таъкидлаганди.

    АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Италиядаги қатор университетлар ва илмий марказлар раҳбарлари “Ўзбекистон Президенти томонидан ёшларга яратилаётган бундай шароитларни биз ҳам қўллаб-қувватлаймиз. “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларининг бизда таълим олиши учун махсус стипендия ва молиявий чегирмалар тақдим этамиз”, дея турли академик ва молиявий преференциялар таклиф этмоқда. Бундай имкониятлар орқали жамғармамиз ўтган 4 йилда 1,5 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағни тежаб қолишга муваффақ бўлди.

    Ўзбек ёшлари Францияда текин ўқийди

    Ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик дастурларини йўлга қўяётганимиз ҳам ўзбекистонлик ёшларнинг хориждаги таълимини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этяпти. Масалан, 2021 йил 10 майда “Эл-юрт умиди” жамғармаси Франция ҳукумати билан ҳамкорликда дастур қабул қилди. Унга кўра, жамғарма ва Франциянинг юртимиздаги элчихонаси ўртасида мазкур давлатда ҳар йили 50 нафарга қадар стипендиатнинг таълим олиши учун грантларни қўшма молиялаштириш тўғрисида келишув имзоланди.

    Ушбу таклифнинг молиявий манфаати шундаки, мазкур таълим дастури Франция давлат университетларида амалга оширилиб, ўқиш текин бўлади. Ушбу дастурнинг тўлиқ амалга оширилиши натижасида 564 минг АҚШ долларини иқтисод қиламиз. Мазкур лойиҳа бошланишида бу йил март-июль ойларида ташкил этилган дастлабки танлов натижаларига кўра, 8 нафар иқтидорли ёш Франциядаги нуфузли таълим муассасаларида ўқиш имкониятини қўлга киритди.

    Жорий йил якунига қадар яна бир ажойиб халқаро стипендия дастури эълон қилиниши кутилмоқда. “Эл-юрт умиди” жамғармаси Германиянинг DAAD (Олмон академик алмашув дастури) ташкилоти билан 4 йил давомида 100 нафар иқтидорли ўғил-қизимизнинг Германия университетлари ҳамда илмий марказларида докторантура ва магистратурада таълим олишини ҳамкорликда молиялаштириш (ўқув харажатлари текин) дастури устида ишламоқда.

    “Эл-юрт умиди” жамғармаси вакиллари хорижда таълим олаётган стипендиатлар билан ўтган йили 4 маротаба, бу йил 5 маротаба онлайн мулоқот ўтказди. Бу суҳбатлар ёшларнинг зиммасидаги масъулият кучлироқ ҳис этиши ва маррани баланд олишига туртки бўлади.Учрашувларда “Эл-юрт умиди” жамғармаси раҳбарияти, Ўзбекистоннинг Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Испания, Бельгия, Латвия, АҚШ, Канада, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Россия, Беларусь ва Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирок этяпти.

    Стипендиатлар эътибор марказидан асло тушмайди

    Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 11 февралдаги фармонига биноан, шу йил 12-13 август кунлари “Умид” ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларининг “Янги Ўзбекистонни янгича фикрлайдиган, замонавий билим ва тажрибага эга бўлган ёшлар билан биргаликда қурамиз” мавзусида II халқаро форуми ўтказилди.

    Форумда “Эл-юрт умиди” жамғармаси битирувчиларининг меҳнат фаолияти самарадорлиги ҳамда касбий камолоти мониторингини йўлга қўйиш, иқтидорли ёшларнинг хорижда таълим олиши учун давлат кўрсатаётган ғамхўрликни кенг тарғиб этиш, йигит-қизларни стипендия танловларида фаол иштирок этишга янада руҳлантириш, давлатимиз стипендиатлар тақдирига бефарқ эмаслигини намойиш этишга алоҳида урғу берилди.

    Айни пайтда жамғарма юртимиздаги вазирлик ва идораларни хорижда юқори билим ва тажриба тўплаган кадрлар билан таъминлашда кўприк вазифасини ўтамоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббусига кўра, жамғарманинг ҳар бир битирувчиси тегишли вазирлик ва идоранинг биринчи раҳбарига бириктирилди. Стипендиатларнинг хорижда олган билими ва тажрибасидан самарали фойдаланиш, илмийамалий ғояларини амалиётга жорий этиш учун тегишли шарт-шароитлар яратиш ҳамда мансаб поғоналарида доимий ўсиб боришини таъминлашга доир зарур амалий чора-тадбирлар бошлаб юборилди.

    Тўрт йиллик фаолияти давомида жамғармамиз кўмаги билан бой илмий-амалий тажрибага эга 200 нафардан зиёд ватандошимиз вазирлик, идораларга ҳамда маҳаллий давлат ташкилотларига ишга жалб қилинди. Шу вақтда нуфузли университетлар, илмий марказлар ҳамда хорижда истиқомат қилаётган ватандош олимлар ва экспертлар иштирокида 120 дан ортиқ учрашув ҳамда вебинар ташкил этилди, уларда 20 мингдан зиёд профессор-ўқитувчи, мутахассис ва талаба қамраб олинди.

    Бугун стипендиялар совриндорларининг юртимизда юритаётган самарали фаолияти, хорижда таҳсил олаётган стипендиатларнинг ўқиш ҳамда изланиш борасида эришаётган ютуқлари мамлакатимиз келажаги ишончли қўлларга ўтишидан, Учинчи Ренессанс пойдевори шаклланаётганидан далолат беради. Шундай паллаларда халқимиз иқтидорлиларга, ҳар соҳада етукликка муносиб ёш авлодга нақадар бойлигига ишонади киши.

    Давлатимизнинг узоқни кўзлаб, инсон капиталига жуда катта эътибор қаратаётганининг моҳиятини чуқур англайди. Президентимизнинг: “Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин!Ёшлик — умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!” деган сўзлари ёшларимизга ҳар қадамда куч-ғайрат бағишлайди.

    “Эл-юрт умиди” жамғармаси иқтидорли ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятини такомиллаштириш, ёшларимизнинг хориждаги энг нуфузли университет ва илмий муассасаларда, инновацион ташкилотлар ва бошқа компанияларда таълим олишини ташкил этиш борасида уларга янги имкониятлар яратишда давом этади.