10 апрелдан 10 майга қадар бутун Республикамиз бўйлаб “Тоза ҳаво” ойлиги ўтказилмоқда. Бунда транспорт воситаларидан атмосферага заҳарли газлар тарқалишини камайтириш кўзда тутилган.
Тошкентга Хитойдан олиб келинган 223 та янги автобус ва электробуслар айнан ҳаводаги заҳарли ташланмаларни камайтиришга хизмат қилади. Негаки мазкур жамоат транспорти воситалари экологик жиҳатдан хавфсиз ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, янги автобус ва электробуслар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 февралдаги “Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра олиб келинган.
Янги транспорт воситалари бугундан пойтахт кўчаларида 1000 дан ортиқ йўналишда ҳаракатланмоқда. Натижада атмосфера ҳавосига чиқариладиган заҳарли газлар миқдори бир йилда ўртача 1,2 минг тоннага камайишига эришилади.
Маълумот ўрнида, 2022 йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрига Хитойда ишлаб чиқарилган экологик тоза, ҳар томонлама қулай ва замонавий бўлган 20 дона электробус олиб келинган эди. 2025 йилгача эса яна 673 та электробус харид қилиш режалаштирилган.