Янги йил байрами ва дам олиш кунларида тиббиёт муассасалари туну кун ишлайди

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Янги йил байрами ва дам олиш кунларида тиббиёт муассасалари туну кун ишлашини маълум қилди.

    Бунинг учун вазирликда алоҳида штаб ташкил этилди.

    Шунингдек, 28 декабрь – 2 январь кунлари мамлакатимиздаги туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари ҳамда ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 40 минг нафар тиббиёт тизими ходимлари қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Қўшимча ўринлар ва дори-дормонлар захираси яратилган.

    Қолаверса, байрам кунлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 200 га яқин аҳоли пунктида жойлашган шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида ҳам 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади. Ушбу муассасалар зарур дори-дармонлар билан таъминланиб, захира ўринлари яратилган.

    Республика тез тиббий ёрдам марказининг мамлакатимиз бўйлаб 2 800 дан ортиқ тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар учун доимий шай ҳолда.

    Бундан ташқари, байрам кунлари юртимиздаги 230 та туғуруқ, 235 та болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради.

    Республика Call-маркази (1003) орқали эса тиббиётга тегишли саволларга малакали мутахассислардан туну кун жавоб олиш мумкин.