Унда ОАВ вакиллари, блогерлар, ахборот хизматлари раҳбарлари, тегишли ташкилотлар мутасаддилари, видеоалоқа тарзида шаҳар, туманлар ҳокимлари ва уларнинг матбуот котиблари қатнашди. Иштирокчилар дастлаб тезкор штаб фаолияти билан танишди.
Тезкор штаб аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳамда юзага келаётган муаммоларни ўз ўрнида бартараф этиш, муҳим масалаларга эътибор қаратиш мақсадида йўлга қўйилган. Кунда икки марта, яъни эрталаб, кечқурун масъуллар билан тўпланиб, вилоятдаги умумвазият танқидий-таҳлилий муҳокама қилинади.
Вилоят ҳокими қиш фаслидан талофатларсиз чиқиш, аномал совуқ кунларида одамларга шароит яратиш бўйича амалга оширилаётган зарур чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берди ҳамда журналист-блогерларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарди.
- Жума куни 788 маҳалланинг 10 тадан хонадонига - 7 минг 880 та оилага бир марталик озиқ-овқат тарқатамиз. Бунинг учун 2 млрд. сўм маблағ ажратилди. Сўнгги уч кунда 6 мингта оилага 1 минг 800 тонна бепул кўмир етказдик. Оғир пандемия даврини бошдан кечириб, тажриба тўплаганмиз. Бизда барча керакли захира мавжуд. Шу боис, ҳозирги синовли пайтларда турли "провокация"ларга учмай, баҳамжиҳат бўлишимиз лозим», - деди Шавкатжон Абдураззоқов.