Янгича ёндашувлар мақом санъатида ҳам тенгсиз иқтидорларни кашф қилади

    Ўзбек халқининг мумтоз мусиқа мероси ва ундаги Шашмақом буюклиги ва бадиий-эстетик имкониятларга эгалиги билан бошқа жанрлардан ажралиб туради.

    Мақом халқимизга берилган улкан маънавий меросдир. Мусиқанинг олий намунаси сифатида яратилган бу ажиб мерос асрлар давомида авайлаб-асраб келинган. Мақом санъати икки жараён негизида, аввало, ижодий ва илмий маҳсуллар уйғунлиги ҳамда жонли ижрочилик мезони ётади.

    XXI асрга келиб мақомлар, хусусан, Шашмақом ижрочилиги турли муносабатлар таъсирида ривожлана бошлади. Бу, албатта, мақомларнинг кенг кўламда ривож топишига хизмат қилади. Шашмақомни ўрганиш ва уни ижро этиш масалаларида, энг муҳими, замонавий ижодиётида ҳам турли қарашлар шаклланди. Бугун ҳам мақомларнинг тадқиқоти ва ижодиётида турли ижодий муносабатлар юзага келмоқда.

    Мақом санъати мураккаб ва “хос”лар санъатидир. Лекин ҳозирги замон тараққиётида мақом санъатини кенг жорий қилишда, албатта, янгича йўналишлар ва усулларда иш олиб бориш давр талабидир. Шу маънода ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг мақом санъатини такомиллаштиришда, энг аввало, азалий ижро анъаналари асносида янги ижод навларини яратиш билан мумтоз мусиқани ривожлантириш масалаларига бағишланган 20 дан ортиқ қарор ва фармони соҳада янгича муносабатни шакллантирди. Бугун миллий мусиқа санъати соҳасининг таълим жараёнига катта эътибор қаратилмоқда, илмий тадқиқот ишлари ва ижрочилик маҳоратини яхлит тизим асосида уйғун ривожлантириш ҳамда таълим ва маданият муассасаларининг интеграциялашган тизими, яъни миллий мусиқа санъати кластери яратишга муяссар бўлинди.

    Албатта, ҳар бир амал унинг тўғри ўйланган режаси самарадорлиги билан боғлиқдир. Кўзланган натижага эришиш учун мақом санъатининг учта – илмий, назарий ҳамда амалий мезонлари бўйича иш олиб бориш кўзда тутилди:

    - мақом санъатининг азалий анъаналарини қайта тиклаш ва жонлантириш билан боғлиқ илмий, таълим ҳамда амалиётдаги устоз-шогирд анъаналарини давр талабига мос ҳолда янгича замонавий кўринишда шакллантириш;

    - мақом санъати тарбияси, яъни таълим жараёнини мувофиқлаштириш ва бошланғич таълимдан бошлаб ривожланиш интеграциясининг ягона тизимини шакллантириш;

    - ўрганиш ва тарғибот масаласини халқаро миқёсгача миллийлик негизида олиб чиқиш.

    Бу уч жараённи амалга ошириш стратегиясида илмий тадқиқот, амалиёт ва бевосита амалга ошириш мезонларининг оқилона йўли таълим билан боғлиқ. Шу боис, айни жараёнга катта эътибор қаратилиб, таълим тизимини тубдан ўзгартириш ва муқобил тизим яратишга киришилди.

    Илк қадам сифатида азалий анъаналарни шакллантиришда раҳнамолик қиладиган икки ихтисослашган марказ — Ўзбек миллий мақом санъати маркази ва Бахшичилик санъати маркази давлат муассасаси сифатида таъсис этилди.

    Марказларнинг асосий вазифаси — мақом ва бахшичилик санъатини илмий жиҳатдан ўрганиш, тарихий ва назарий асосларини қайта тадқиқ этиш, ижрочилик йўналишларини билимдон устозлар раҳнамолигида ўзлаштириш ҳамда ижрочилик амалиёти бўйича республика ва халқаро миқёсидаги анжуманлар, фестиваллар, танловлар ташкил этиш. Шунингдек, бу санъат турларига тегишли илмий тадқиқот бўйича рисолалар, монографиялар, энциклопедиялар, луғатлар, дарсликлар, ўқув қўлланмалар, нота тўпламларини яратиш ва таълим жараёнига татбиқ этиш.

    Мақом санъатини қайта ривожлантириш, бевосита мақом ижрочилигининг замонавий кўринишини шакллантириш борасида қатор йўналишларда тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан:

    - 2018 йилдан бошлаб республиканинг ўн учта вилоятида намунавий мақом ансамбллари ташкил этилиб, уларга ёш, билимдон ижрочилар жалб этилди ва тажрибали устозлар таълим-тарбия беришга жалб этилди;

    - 2019 йилдан бошлаб мақом санъатининг замонавий ижодиётини давр талаби билан мувофиқлаштириш масаласида “Мақомлар асосида яратилган энг яхши композиторлик асари”, “Энг яхши бастакорлик асари” ва мусиқашунослар ўртасида “Энг яхши яратилган ўқув адабиёти” номинациялари бўйича республика танловларини мунтазам ўтказиш йўлга қўйилди. Бу танловлар 3-4 йилдан бери ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Айниқса, композиторларнинг янги замонавий асарлари, бастакорларнинг янги мақом асарлари ва мусиқашуносларнинг монография, ўқув адабиёти ва нота тўпламлари ўқув тизимини ислоҳ қилишда самарасини бермоқда. Қувонарлиси, бу анъанага айланиб, энг қуйи тизимларда ҳам танловлар ўтказиш тобора одатийлик касб этяпти. Вилоятларда туманлараро ҳар йили ўтказилиб келинаётган ёш мақом ижрочилари танловлари мисолида буларни яққол кўришимиз мумкин.

    - 2019-йили Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида мақом санъатига йўналтирилган ва ушбу санъат турини саҳна маҳорати орқали тарғиб этишга мўлжалланган мақом театри ташкил этилиб, ҳар йили 3-4 та янги спектакль яратилмоқда. Театрнинг мақомга асосланган спектаклларида умуман янги йўналиш, мумтоз мусиқа санъати орқали мақомларни тинглаш ва ундан баҳра олишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. IV ёшлар театр санъати халқаро форумида намойиш этилган “Навоий” мақом спектакли мутахассислар олқишига сазовор бўлиб, жамоага мутлақ ғолиблик келтирди. Бу орқали мақсадли йўналиш ўзини оқлаётганини, спектаклларнинг мусиқий негизи, асосан, мақом намуналаридан ташкил топганини кўриш мумкин;

    - 2020 йили Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилиб, мақом санъати интеграциясини мувофиқлаштириш мезонларида асосий етакчилик вазифасини бажарадиган олий таълим муассасаси сифатида иш бошлади. 2021 йилдан магистратура, 2022 йилдан эса докторантура бўлимлари фаолият бошлади ва ҳозир мақом санъатини илмий тадқиқ этиш борасидаги илмий изланишлар олиб борилмоқда;

    - 2021 йилдан бошлаб янги — миллий бастакорлик кафедраси ташкил этилди;

    - мақом санъатига ихтисослашган таълим жараёнининг янги босқичини бошлашга айнан Президент қарори асос бўлди. Аввало, бу жараён олий таълимда муайян йўналишга асосланган махсус таълим муассасаларини ташкил этишдан бошланди. Бунга Ўзбекистон давлат консерваториясида деярли 50 йилдан бери мавжуд ўзбек мақоми тарихи ва назарияси (аввалги Шарқ мусиқаси) кафедрасига асосланиб, мақом санъати факультети ташкил этилди. Консерватория ўқув жараёни жадваллари мақомга ихтисослаштирилган фанлар билан бойитилди;

    - олий таълимга тайёрловчи база сифатида Бухоро, Урганч, Фарғона ҳамда Тошкент шаҳарларида мақом санъатига ихтисослаштирилган янги минтақавий (локал) мактаб-интернатлар, бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган республика мактаб-интернатлари ташкил этилиб, 5, 6, 7-синфларга иқтидорли ўқувчилар танлаб олинди. Уларга янгидан мақом санъатига мослаштирилган ўқув режалар, ўқув-фан дастурлари ва устоз-шогирд анъаналарига асосланган ҳолда янгича таълим бериш бошланди;

    - янги ўқув дастурларига қатор фанлар киритилиб, муассасалар зарур мутахассислар билан таъминланди. Хусусан, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари учун янги “Мақом алифбоси” фанининг махсус адабиёти яратилди;

    - 2020-йили мақом санъатига ихтисослашган Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ўтиладиган тарихий, назарий ва ихтисослик фанларини тубдан янгилади. Барча талабалар учун “Ўзбек мақоми тарихи ва назарияси” фани киритилди. Барча йўналишларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда фан дастури ва ўқув адабиётлари тайёрланди ва ўқув жараёнига татбиқ этилди;

    - анъанавий йўналишда таълим олаётган барча талабалар учун махсус “Аруз ва мусиқа”, “Мақом туркумидаги ғазаллар поэтикаси”, “Аруз ва ритм”, Мақом солфежиоси” фанлари жорий қилинди. Бу фанлар бўйича алоҳида мутахассис таклиф этилиб, таълим жараёни йўлга қўйилди;

    - магистратура босқичига эса “Шарқ халқлари мақомлари”, “Мақомот замонавий композиторлик ва бастакорлик ижодиётида” каби фанлар киритилди. Бу миллий бастакорлик санъати йўналишида ушбу соҳанинг замонавий авлодини тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этади.

    Албатта, янги фанлар ва янги йўналишлар жорий қилиниши бевосита маҳоратли мутахассисларга эҳтиёжни оширади. Зеро, мақом санъати мукаммал жанр ва унинг негизида ижодий мезон алоҳида аҳамият касб этади. Айни жараён мутахассисларни топиш ва жалб этиш масалаларида қўл келади. Институтдаги таълим жараёнинг амалий ижрочилик билан боғлиқлиги ва унга катта эътибор қаратилиши ҳам муаммога ечим бўла олади.

    Шунингдек, замонавий жараён давр талаби даражасида муносабатни талаб этади. Янги педагогик технологиялар, ижрочилик мактаблари ва услубларининг шаклланган анъаналарини ўзлаштириш ҳар бир ижрочига ижодий ёндашишни тақозо қилади. Албатта, бу жараён янгича талқинлар ва янгича сайқалланган асарлар ижросини кашф этади.

    Масалан, таълимга “Аруз ва мусиқа”, “Мақом туркумидаги ғазаллар поэтикаси”, “Аруз ва ритм”нинг киритилиши ва мутахассиснинг машғулотлари талабаларни нафақат мусиқий, балки бадиий жараённинг мусиқа билан ҳамоҳанг ривожланиш анъаналарини ўзлаштиришга ундайди ва янгича қарашлар билан мусиқий тафаккурнинг шаклланишига сабаб бўлади. Айниқса, “Мақом солфежиоси”нинг миллий оҳанглардаги намуналари ва уларни куйлаш техникаси, метро-ритмик формулаларининг миллий негизда ранг-баранг кўринишда ижро этилиши ҳар қандай талабани мустақил ижодга чорлаши муқаррар.

    Муаммолар ҳамиша бўлган. Агар улар бўлмаса, ривожланиш ҳам бўлмайди. Масалан, мақомлар ижросида азалдан нимпарда муаммоси бўлган. Тўғрироғи, ижро амалиётида устоз санъаткорларнинг ижро талқинларида гўзал ифодаланган. Лекин унинг назарий жиҳатларини аниқлаб, муайян назариясини яратиш доимо муаммо бўлиб келган. Бунинг биринчи сабаби тингловчиларнинг қулоғига Европача услубдаги лад ва товушқаторлар деярли 1 аср давомида муҳрланиб қолганидадир. Уларни ўргатиш учун давлатнинг таълим жараёни ўз таъсирини кўрсатиши керак. Бу борада Мақом маркази ва институтининг етакчи мусиқашунос олимлари ва устоз созандалари томонидан илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бирламчи ютуқлар ҳам мавжуд. Қайд этиш жоизки, бу жараён XVI асрда мавлоно Абдураҳмон Жомий томонидан бошлаб берилган. Тўғри, ўзбек мақомларининг ижрочилик санъатида асосий омил ижрочи томонидан амалга оширилиши ва нимпардали оҳанг тараннуми ҳам айнан ижрочи қарорига боғлиқ экани ўз исботини топмоқда. Яқин кунларда Мақом марказининг илмий тадқиқот шўбаси ва институтимиз олимлари томонидан бу масалага ойдинлик киритилиб, ўзбек миллий мусиқа назарияси таълим жараёнига киритилади.

    Бу каби ҳаракатлар, албатта, мақомлар ижрочилик амалиётига ўзига хос ўзгаришлар олиб келиши муқаррар. Ҳозирнинг ўзида бундай нимпардалар билан ижро этишга уринишлар бор. Мақомлар ва мумтоз мусиқа ижрочилигидаги янгича талқинлар, мусиқа намуналарининг асл мавзуси, куйи сақланган ҳолда турли нақш ва безаклар, тембрли оҳанглар билан ранг-баранг ижро этиш оммалашмоқда. Масалан, мақом ансамбли халқ орасида кенг оммалашган “Муножот” ашуласини ана шундай янгича оҳанглар билан безаб ижро этди. Буни замонавий ижрочиликда янги тенденция деб қабул қилиш ўринли бўлади. Зеро, ижод бор жойда ривожланиш бўлади.

    Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, институтнинг асосий таълим мезони, унинг функцияси ўзбек миллий мусиқа меросини асл ҳолда қайтадан тиклаш, уларни замон талаблари доирасида талқин этишга эришиш. Шунингдек, албатта, уларнинг анъаналарини сақлаган ҳолда замон ва маконларга хос унсурлар билан бойитиб, янги ижро намуналарини шакллантириш, уларни замонавий тасвирларда халқимизга тақдим этишдан иборат. Умид қиламизки, янги олийгоҳ бу борада ишончни оқлаб, бебаҳо санъатимизнинг кўплаб забардаст вакилларини камолга етказади.

    Азиз ЗОКИРОВ,

    Юнус Ражабий номидаги Миллий мусиқа санъати институти проректори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates