Япония Оролбўйи минтақаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кўмаклашади

    Бунинг учун 2 миллион доллар йўналтирилади.

    Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари билан Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори, БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД)нинг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Анас Файяд Қарман иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

    Мулоқотда Орол денгизи минтақасида иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий фаровонликка боғлиқ бўлган муаммоларни ҳал қилиш учун глобал эътибор тобора ортиб бораётгани боис, минтақада иқлимга чидамли қишлоқ хўжалиги орқали ўз-ўзини таъминлашни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) янги лойиҳасининг расмий ишга туширилиши олдидан фикр – мулоҳазалар алмашилди.

    Суҳбат давомида таъкидланишича, Япония ҳукумати, БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган ушбу лойҳада Оролбўйи минтақасида иқлим ўзгариши натижасида юзага келган долзарб муаммоларини ҳал қилиш, Қорақалпоғистон аҳолиси ўртасида мослашиш ва чидамлиликни оширишга кўмаклашишда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўллари кўриб чиқилди.

    Тадбирда қайд этилишича, ушбу ташаббус Япония ҳукуматининг молиявий кўмаги туфайли амалга оширилади. Қиймати 2 миллион долларга тенг мазкур дастур Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда бу орқали иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида жорий этиляпти.

    Тадбирда мазкур лойиҳанинг мақсад ва вазифалари Ўзбекистон ҳукуматининг Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш бўйича сиёсати ва стратегияларига, жумладан, Президентнинг 2019 йил 23 октябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030-йилларга мўлжалланган стратегияси" тўғрисидаги Фармонида белгилаб берилган вазифаларга ҳамоҳанг эканлиги таъкидлаб ўтилди.

    Учрашув якунида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Япония элчихонаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ўртасида мазкур қўшма лойиҳани амалга ошириш юзасидан тегишли ҳужжатлар имзоланди.