Япониянинг "BHN Association" ва "NTT TC Leasing" нотижорат ташкилотлари Ўзбекистондаги олий таълим ва тадқиқот муассасалари учун 200 дона "Toshiba Dynabook" ноутбукларини беғараз тақдим этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
"Ёшлар ташаббуси платформаси: академик мукаммалликни ошириш" номли ушбу лойиҳа Япония Ҳукумати гранти асосида амалга оширилади. Унинг умумий қиймати 485 минг АҚШ долларини ташкил этади. Компьютерлар Ўзбекистондаги 8 та етакчи университет ва илмий-тадқиқот муассасаларига топширилади.
Мазкур грант лойиҳаси япон томони билан ҳамкорликда амалга оширилган Ўзбекистон таълим муассасаларини замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозлашга қаратилган учинчи йирик дастур ҳисобланади. 2021–2022 йилларда 1420 дона "Samsung" планшетлари, 2023 йилда эса 80 дона "Apple" ва "Windows" компьютерлари Ўзбекистонга тақдим этилган эди.
Мазкур учинчи босқични амалга оширишда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ва Ўзбекистон–Япония ёшлар инновация маркази катта ташаббус кўрсатди.
Лойиҳа нафақат мамлакатларимиз ўртасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга, балки Ўзбекистонда рақамли таълим инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшади.