Давлат хавфсизлик хизматининг хабар беришича, Андижон шаҳрида яшовчи, 1990 й.т. шахс фуқароларни Япония давлатига ишга юбориш бўйича ижтимоий тармоқлар орқали эълон тарқатиб, кўпчиликнинг ишончига кирган.
Аммо, у Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони амалдаги тартиб-қоидаларни четлаб ўтган ҳолда, Япония давлатига ишлаш учун юбориш эвазига 7400 АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Бошқа ҳолатда эса Андижон вилоятининг Олтинкул туманида яшовчи, 1995 й.т. шахс ва унинг Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, 1995 й.т. таниши ўзаро тил бириктириб, пойтахтлик фуқаронинг ишончига киришади.
Улар мансабдор танишлари орқали фуқарони Япония давлатига ишга юбориш эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилади ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда улардан бири – яъни, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1995 й.т. шахс сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Фуқаролардан Миграция агентлиги ҳамда тегишли лицензияга эга 18 та хусусий бандлик агентликларидан ташқари, ҳар қандай шахслар ёки тадбиркорлик субъектлари томонидан чет элга ишга юбориш бўйича билдириладиган асоссиз таклифларга алданиб қолмаслик сўралади.
Шунингдек, хорижий давлатларга қонуний тартибда ишлаш учун бормоқчи бўлган ватандошларимиз “хориждаиш.уз“ электрон платформасидан зарур маълумотларни олишлари мумкин, — дейилади хабарда.