“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси аҳоли ҳаёти сифатини ошириш омили

    Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг энг муҳим вазифаларидан бири инсон ҳаёт сифати ва фаровонлигини оширишдан иборат бўлиб, давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш белгилаб қўйилди.

    Аҳоли ҳаёт сифати – умумлаштирувчи ижтимоий-иқтисодий категория бўлиб, нафақат моддий неъматлар ва хизматларни истеъмол қилиш даражасини (турмуш даражасини), балки маънавий эҳтиёжларни қондириш, саломатлик, умр кўриш давомийлиги, атроф-муҳит экологик шароитларни, ахлоқий-психологик иқлим, маънавиятни ўз ичига олади. Ўзбекистонда аҳоли ҳаёти сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар жумласида мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни таъкидлаб ўтиш керак.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси”, 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги фармонида татбиқ этилиши белгиланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси дастурларида атроф муҳит объектларини (ҳаво, сув, ер, тупроқ, ер қаъри, биохилма-хиллик, қўриқланадиган табиий ҳудудлар) инсон таъсири ҳамда бошқа салбий таъсир қилувчи омиллардан сақлаш ва сифатини таъминлаш ҳамда саноат ишлаб чиқариши, урбанизация кўлами кескин кенгайиши ва аҳоли пунктларига тушаётган экологик юкни камайтириш механизмларини такомиллаштириш режалари ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда.

    Шуни таъкидлаш лозимки, бу соҳада халқаро ҳамкорлик муносабатларида ҳам давлатимиз фаол қатнашади. Ўзбекистон Республикаси 1993 йил 18 майда Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенциясига ва Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал протоколига қўшилди, Ўзбекистон 1993 йилдан буён БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенциясининг (Нью-Йорк, 1992 йил май) аъзоси ҳисобланади.

    Халқаро даражада аҳоли ҳаёт сифатини яхшилаш борасида қабул қилинган энг муҳим хужжат – Бирлашган миллатлар ташкилотининг (БМТ) 2015 йилда қабул қилинган “Барқарор ривожланиш мақсадлари” бўлиб, улар бутун дунё аҳолиси дуч келаётган асосий муаммоларни ҳал этишга қаратилган 17 та ўзаро боғлиқ мақсаддан иборат. Ўзбекистонда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишланиб, унда 16 та миллий барқарор ривожланиш мақсади, 125 та вазифа белгиланиб олинди. Миллий мақсадлардан иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши кураш бўйича тезкор чораларни қабул қилиш, қуруқлик экотизимларини ҳимоялаш ва тиклаш, улардан оқилона фойдаланишга кўмаклашиш, ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг емирилишини тўхтатиш ва ортга қайтариш, биохилма-хилликнинг йўқолиб кетиш жараёнини тўхтатиш вазифалари белгиланди.

    Экотизимлар ва биологик хилма-хиллик иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни камайтириш учун муҳим бўлган асосий товар ва хизматлар асосида ётади. Шу нуқтаи назардан экотизимлар ва биологик хилма-хилликни барқарор бошқариш илмий, экологик, ижтимоий ва ривожланиш масалаларида марказий ўрин тутади.

    Республикада экотизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш, кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш ва яшил майдонларни кенгайтириш борасида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширилиши муҳим қадам бўлди Ушбу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.

    Ҳозирда барча шаҳар ва қишлоқларда дарахт экиш бўйича кенг кўламда иш олиб борилаётгани таҳсинга сазовор. Шу билан бирга ҳар йили куз ва баҳор ойларида экиладиган дарахтлар парваришига, уларнинг кейинги тақдирига ҳам эътибор қаратилиши лозимлиги белгиланди.

    Лойиҳа доирасида мамлакатимиз шаҳарларини аҳолига қулай, экологик тоза ва яшаш учун барча имкониятлар мавжуд бўлган ҳудудга айлантириш, уларнинг кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш, шаҳар ва туман марказларида ҳар 50-100 минг аҳоли учун “жамоат парклари”ни ташкил этиш кўзда тутилган. 2021 йилнинг кузида 85 млн дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бусавобли ишда жонбозлик кўрсатди. 2022 йил баҳор мавсумида 125 млн дона дарахт кўчатларини экиш мўлжалланди.

    Шу ўринда сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқлимнинг ўзгариши, йиллик ўртача температуранинг кўтарилиши, мавсумий қурғоқчилик кучайиши тенденцияси кузатилмоқда. Бу эса Орол денгизининг қуриш жараёни минтақадаги иқлим шароитига салбий таъсир кўрсатаётганидан далолат беради. Орол фалокати ёз фаслида қурғоқчилик ва жазирама иссиқни кучайтириб ҳамда совуқ ва қаҳратон қиш фаслини узайтириб, иқлимнинг континенталлигини чуқурлаштирди. Бу салбий таъсирнинг оқибатларини юмшатиш учун давлатимиз томонидан қатор тадбирлар ишлаб чиқилиб, улар қаторига Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдонларни барпо этиш, 2026 йил якунига қадар уларнинг умумий ҳажмини 2,5 миллион гектарга ёки ҳудуднинг 78 фоизига етказиш, Оролбўйида халқаро «Яшил иқлим» ва Глобал экологик жамғармаларнинг биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши ва тупроқ емирилишининг олдини олишга қаратилган дастурлари асосида 300 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

    Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси – бу бир йиллик тадбир эмас”. Дарҳақиқат, яшаб турган жойимизни озода сақлаб, биздан кейинги авлод ҳам муносиб табиий муҳитда яшашлари учун бугун биз табиатга меҳр ва эътибор берсак келажак авлод ҳам муносиб экологик шароитда яшайди. Бунинг учун биз ер ва сув ресурсларини, экологик тизимни асраш ҳамда дарахт кўчатларини экиб, боғ яратишимиз зарурдир.

    Гулнора Ғуломова,

    Ўзбекистон халқаро ислом академияси

    Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми кафедраси доценти в.б.