Яшилликка буркансин олам

    Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш масаласи бугун дунёдаги энг глобал экологик муаммолардан бири ҳисобланади.

    Охирги йилларда жаҳонда иқлим ўзгариши юз бераётгани, ичимлик сув, ўрмонлар, яшил ҳудудлар тобора камайиб бораётгани дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Ҳозир сайёрамиздаги ўрмонларнинг умумий майдони 38 миллион квадрат километрни, яъни қуруқликнинг учдан бир қисмини ташкил этиб, унинг атиги 13 фоизи муҳофаза этиладиган ҳудудлар тоифасига киради. Ўрмонлар атмосферага ис гази ташламаларини камайтириб, кислород ишлаб чиқаришни таъминлайди ва ёмғирли булутларни ҳосил қилади. Бироқ ҳар куни дунё ўрмонлари майдони муттасил камайиб бормоқда ва ҳар сонияда Ер юзи 1,5 гектардан ортиқ табиий дарахтзорни йўқотмоқда.

    17 июнь — Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни сифатида нишонланади. 1994 йил худди шу санада БМТнинг чўлланишга қарши курашиш конвенцияси қабул қилинган. Мазкур халқаро ҳужжат 1995 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Осиё қитаъсида биринчилардан бўлиб ратификация қилинган. Айни пайтда бу конвенцияни дунёнинг 196 мамлакати қўллаб-қувватлаб келади.

    Ўзбекистон Евроосиё материгининг марказий қисмида, денгиз ва океанлардан узоқда жойлашган. Мамлакатимизнинг 80 фоизи чўл ва ярим чўллардан иборат бўлиб, ҳозирги вақтда қарийб 10 миллион гектар яйлов тубдан яхшиланишга муҳтож бўлса, кўчма қум қарийб 1 миллион гектар майдонни эгаллайди ва унинг икки юз минг гектари сўнгги вақтда суғориладиган ерлар атрофида пайдо бўлган. Кейинги даврда Орол денгизи сувининг қуриши туфайли яна қўшимча 3 миллион гектардан ортиқ майдонда Оролқум чўли пайдо бўлди. Натижада ушбу минтақада экологик муҳит ёмонлашиб, чўлланиш жараёни янада кучайди ва кўплаб ижтимоий муаммоларни юзага келтирди.

    Мутахассислар фикрича, айни кезда технологик жиҳатдан Оролни аввалги ҳолатига қайтаришнинг иложи йўқ. Бундай шароитда ягона йўл борини асраб қолиш, фожиа таъсирини камайтириш, одамлар ҳаётини яхшилашга қаратилган тадбирларни амалга оширишдан иборатдир.

    Ўзбекистон ана шу йўналишлардаги мақсад-вазифалар бўйича муҳим таклифларни БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида, халқаро саммитларда илгари суриб келади. Шу билан бирга, юртимиз имкониятларига таяниб, амалий ишлар олиб борилмоқда. Бунда асосий эътибор Орол денгизининг қуриган тубидан миллионлаб тонна чанг ва заҳарли туз кўтарилишининг олдини олиш учун шўрга чидамли ўсимликлар экишга қаратиляпти. Хусусан, 2018 — 2022 йиллар давомида денгизнинг суви қуриган тубида 1 миллион 600 минг гектардан ортиқ “яшил” қопламали майдон барпо этилди. Бунинг учун саксовул, қорабўроқ, қандим, черкез каби чўл ўсимликларидан қарийб 6 минг тонна уруғ тайёрланиб, экилди. 2023 йил баҳор мавсумида бундай майдон 128 минг гектарга кенгайди. Улар яна 4-5 йилда қуюқ чакалакзорга айланади. Жорий йилнинг кузги мавсумида бу ишлар яна давом эттирилади.

    Чунки ўтказилган тадқиқотлар Орол денгизи қуриган тубининг катта қисмини қурғоқчиликка ва шўр тупроққа чидамли бўлган маҳаллий дарахтлар, буталар ва ўт-ўланларни аралаш ҳолда экиш ҳисобига қайта тиклаш мумкинлигини кўрсатмоқда. Бунинг натижасида маҳаллий аҳоли саломатлиги ва фаровонлиги яхшиланиши билан бирга, ҳар йили 28−44 миллион доллар миқдорида қўшимча фойда келиши, тупроқдан углерод чиқишининг олдини олиш ва атмосферадан карбонат ангидридни ютиш орқали иқлим ўзгаришини юмшатиш мумкин.

    Оролбўйидаги “яшил қоплама”ларнинг аксариятини саксовулзорлар ташкил этяпти. Саксовулнинг ҳаво мусаффолигини таъминлашда ҳам хизмати жуда катта. Бир гектар майдондаги тўрт йиллик саксовулзор 1 минг 158 метр куб кислород ажратиб чиқаради. Бу бамисоли соф ҳаво “фабрикаси” дегани.

    Шу боис, чўлланишнинг олдини олишда саксовулзорни кўпайтиришнинг аҳамияти катта. Барпо этилган 2 ёшли саксовулзорда шамол таъсирида қум кўчиши 20 фоиз, 5 ёшлисида 80 фоиз, 7 ёшли саксовулзорда эса тўлиқ тўхтатилади. Натижада иқлим мўътадиллашади, аҳолининг яшаши учун ижтимоий-иқтисодий муҳит барқарорлиги таъминланади.

    Оролбўйида саксовуллар орасига ёввойи ҳайвонлар ва чорва учун озуқабоп экинлар ҳам экилмоқда. Ушбу ҳудудда ўнлаб артезиан қудуқлари қазилди. Улардан сув чиқарилиши натижасида жойларда сунъий кўллар пайдо бўлди, улар атрофида қамишзорлар вужудга келди, дарахт ва буталар ўса бошлади. Қумликларда барпо этилган саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан иборат майдонлар улар билан уйғунлашиб, чўл экотизимлари тикланяпти, ёввойи ҳайвонлар ва қушларни ўзига жалб этишга, шу ерда яшашга, ин қуришга ва кўпайишга шароит яратяпти.

    2018 йилнинг 27 ноябрь куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳида нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон ҳамжамияти учун ҳам тарихий воқеа юз бериб, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди ташкил этилди. Мазкур фонд Оролбўйидаги аҳоли турмуш фаолияти билан боғлиқ бўлган тиббий, иқтисодий ривожланиш, экологик, ижтимоий ҳимоя ва бошқа соҳалардаги муаммоларни ҳал қилишда мувофиқлаштирилган ёндашувни, Ўзбекистон ҳукумати, БМТ агентликлари, донорлик ҳамжамиятлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали минтақа ривожига биргаликдаги ёрдамни таъминлаш, унинг ривожи учун техник ҳамда молиявий ресурсларни сафарбар қилиш каби ишларни амалга ошириб келмоқда.

    Шу йилнинг бошига қадар жамғарма стратегияси доирасида Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқ, турли лойиҳаларни молиялаштириш учун 244 миллион долларга яқин маблағ жалб қилинган. Шу билан бирга, жамғарма томонидан 5 та қўшма дастур молиялаштирилди.

    Яна бир муҳим жиҳат: 2021 йил 18 майда БМТ томонидан қабул қилинган махсус резолюцияга кўра, Оролбўйи минтақаси экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди ҳисобланади. Мамлакатимизда мазкур ҳужжат ижросини таъминлашга қаратилган “йўл харитаси” белгилаб олинган. Унинг доирасида бугунги кунда 312 миллиард сўм, 22,2 миллион доллар ва 6 миллион евро ажратилган 71 та тадбир, шунингдек, қиймати 1,9 триллион сўмлик 65 та устувор инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда. Айни кезда бу борада 230 та лойиҳавий таклиф мавжуд, уларнинг умумий қиймати 210 миллион долларни ташкил этади.

    Тараққиёт стратегиясида ҳам Орол денгизи тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдон барпо этиб, унинг умумий ҳажмини 2,5 миллион гектарга етказиш вазифаси қўйилган. Бу вазифа ижроси таъминланиши Оролбўйи ҳудудида ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошланган экологик фожиа таъсирини камайтириш, одамлар ҳаётини яхшилаш ва уларнинг орзу-ниятлари амалга ошишига хизмат қилади.

    БМТнинг Озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Глобал экологик жамғарма кўмагида “Ўзбекистоннинг тоғли ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида Сирдарё, Қашқадарё ва Наманган вилоятларидаги сувсиз ерларда ўрмонзорлар ташкил этилди. Бундан ташқари, чўлланиш ва ер деградациясининг олдини олиш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига тайёргарликни ошириш орқали ландшафтлар мустаҳкамлигини оширишда Жаҳон банки томонидан 142 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратиш назарда тутилган бўлиб, бу ҳам яшил майдонларни кенгайтиришга йўл очади.

    Мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга катта эътибор қаратиляпти. Унинг доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчати экиш режалаштирилган, шаҳар ва аҳоли яшаш ҳудудларимиздаги кўкаламзорлаштирилган майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 2030 йилда 30 фоизга етказиш мақсад қилинган. Кўкаламзорлаштириш тадбирлари, кўчатлар экиш ишлари тизимли йўлга қўйилгани аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга ҳам хизмат қиляпти.

    Ҳожимурод ТОЛИПОВ,

    Ўрмон хўжалиги агентлиги бош мутахассиси,

    биология фанлари номзоди