Ёғ-мой маҳсулотлари нархи қачон арзонлашади?

    2020 йил кўкламида ёғ-мой саноатидаги қувватларнинг атиги 46 фоизидан фойдаланилган, хомашёнинг 90 фоизини чигит ташкил қилган.

    Кейинги пайтда жаҳон бозорида нефть, пахта, газ ва электр энергияси нархи пасайиб, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб боряпти. Хусусан, ўсимлик ёғи нархи ўртача 20-25-фоиз ўсган. Кўплаб давлатлар ун, дон, гуруч, картошка каби ёғ-мой маҳсулотларини экспорт қилишга чекловлар ўрнатган.

    Умуман олганда, бутун дунёнинг балою офатига айланган пандемия озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини яна бир бор кўрсатиб берди. Бинобарин, шундай вазият юзага келишини олдиндан кўра билган давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 29 апрелида ва шундан кейин ўтказилган қатор видеоселектор йиғилишларида пандемия даврида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича долзарб вазифаларни ҳал этиш йўлларини белгилаб берган эди.

    Аҳолини ўсимлик ёғи билан таъминлаш муҳим масалалар сирасига киради. 2020 йил кўкламида ёғ-мой саноатидаги қувватларнинг атиги 46 фоизидан фойдаланилган, хомашёнинг 90 фоизини чигит ташкил қилган. Шу боис, Ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси зиммасига соя, махсар, кунгабоқар каби мойли экинлардан олинадиган маҳсулотни 40 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилган эди.

    Мана, орадан қарийб бир йил ўтди. Шу вақт мобайнида бу борада қандай ишлар амалга оширилди? Жалб этилаётган инвестициялар, жорий этилаётган янги ишланмалар аҳолини ёғ-мой маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигини сақлашга қандай таъсир кўрсатяпти?

    Ҳозирги шарҳда шу каби масалалар хусусида сўз боради.

    Тизимнинг инвестициявий имкониятлари

    Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 16 январдаги “Ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва соҳани бошқаришда бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан, Ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси ташкил этилди. Айни пайтда унинг таркибида 240 дан ортиқ йирик ва кичик корхона мавжуд, улар томонидан 60 турдаги ва 200 дан ортиқ хилдаги ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

    — Инвестициявий дастур доирасида тармоқда 2021 йилда қарийб 300 миллиард сўм миқдорида сармоя ўзлаштирилиши, шундан 76,3 миллиард сўми кафолатланмаган хорижий кредитлар ҳиссасига тўғри келиши мўлжалланган,- дейди уюшма раиси ўринбосари Қамариддин Серкаев. — Бу кўрсаткичлар 2022 йилда 344,5 миллиард сўмни (шундан 86,7 миллиард сўмини кафолатланмаган хорижий кредитлар), 2023 йилда 386,1 миллиард сўмни (шундан 92,2 миллиард сўми кафолатланмаган хорижий кредитлар)ни ташкил қилади.

    Таҳлиллар йирик корхоналар билан бир қаторда ихчам қувватларнинг ҳам самарадорлигини кўрсатяпти. Уюшма мутахассислари томонидан яратилган мой ишлаб чиқариш модул кичик цехи унинг амалий тасдиғи. Ҳозирга қадар ҳеч қаерда муқобили бўлмаган бундай цехнинг ҳар бири кунига 5-10 тонна хомашёни қайта ишлаш қувватига эга. Кичик контейнерга жойлаштирилган ушбу цехга ҳар қандай мойли маҳсулотни тозалаш, майдалаш, совуқ усулда пресслаш, фильтрлаш, рафинациялаш ва қадоқлаш ускуналари ўрнатилган. Уларнинг 75-80 фоизи маҳаллийлаштирилган.

    Айни пайтда модул цехларга наинки юртимизда, хорижда ҳам қизиқиш ортиб боряпти. Масалан, яқинда афғонистонлик тадбиркорлар томонидан унинг 4 таси харид қилинди.

    Бундан ташқари, тизим корхоналарида тиш ювиш пастаси, озиқ-овқат эмилсификаторлари, атир совун, ўсимлик мойидан қаттиқ ёғ ишлаб чиқариш, соя ва пальма мойини қайта ишлаш бўйича замонавий корхоналар барпо этиш сингари истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.

    Соя етиштиришга нега эътибор ортяпти?

    Мамлакатимизда соя етиштириладиган майдонлар кенгайиб боряпти. Агар 2016 йилда 12 минг гектар ерда соя етиштирилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 57,1 минг гектарга етди, яъни 4 баробар ўсиш кузатилди. Бу йил эса сояни 39 минг 617 гектар ерда асосий экин сифатида, 100 минг гектарда ғўза қатор орасига экиш белгиланган.

    Бунинг сабаби соя экиш ва уни қайта ишлаш самарадорлиги ва манфаатдорлигига деҳқонлар ҳамда ишлаб чиқарувчилар амалда амин бўлиб бораётгани билан изоҳланади. Чунки бу экин унчалик инжиқ эмас, шўрхок ерларда ҳам илдиз отаверади. Донини қайта ишлаш орқали юзлаб турдаги зарур озиқ-овқат ва чорва емиши олиш, импортни қисқартириш мумкин.

    — Бир килограмм соя донидан инсонлар учун 4 литр, бузоқлар учун 8 литр сут тайёрланади, — дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова. — Ундан ҳайвонлар берадиган барча маҳсулотларни — сут, қатиқ, творог, пишлоқ, гўшт (қўй, мол, товуқ, ғоз) маҳсулотларини олиш мумкин. Айтиш мумкинки, сигир боқишга имкони ва боғлаб қўйишга жойи йўқ оила соя донидан сут тайёрлаб, ўз оиласи эҳтиёжларини қондириши чўпчак эмас.

    Чорвачиликда ҳам ҳеч бир экин соя каби кўп озуқа бирлигига эга эмас. У 100 килограмм донида 138 озуқа бирлигини сақлайди, ушбу кўрсаткич маккажўхори, беда ва бошқа экинларда сояникидан кўра анча паст туради. Ҳатто унинг 100 килограмм қуруқ поясида 52 озуқа бирлиги мавжуд. Дони тўйимлигига келсак, бирор озуқа экини ундан устунлик қила олмайди.

    Тўғри, олимларимиз соянинг аҳамиятини яхши билишади. Лекин яқин пайтга қадар унга ишлаб чиқарувчилар ёт кўз билан қараб келганлиги бор гап.

    — Эй, барака топкурлар, — деб тушунтиришга тушарди олимлар, — ҳар бир инсон нормал ҳаёт кечириши учун бир кунда ўрта ҳисобда 100 граммдан оқсил истеъмол қилиши керак. Унинг камида 50-55 фоизи ўсимлик оқсилига тўғри келиши зарур. Ривожланган давлатларда мазкур эҳтиёж, асосан, соя уни (изолияти) ҳисобига қондирилади. Чунки унинг донида 52 фоизгача оқсил, 25 фоизгача мой, уларнинг таркибида турли витаминлар, сомонида эса 4-5 фоиз оқсил ва 5 фоизгача ёғ бўлади...

    Деҳқончилик, ишлаб чиқаришга муносабатнинг ўзгариши одамларнинг дунёқараши билан боғлиқ. Буни ўтган йили Андижон вилоятида ғўза қатор ораларида соя етиштириш чоғида ҳам яққол кўрдик. Энг аввавло, қўш экин етиштириш соя уруғини чигит билан бир пайтда ерга қадашни тақозо этади.

    — Биз Андижонда соя уруғини қадашга киришганимизда далада ўсиб турган ғўзанинг бўйи 15-17 сантиметр атрофида эди, — дейди Дилором Ёрматова. — Бундан ташқари, ғўзанинг қатор ораси кенглиги айрим майдонларда 60 сантиметр бўлса, бошқа бирида 76 ёки 90 сантиметр эди. Мутахассислар билан маслаҳатлашиб, ғўза энг кеч экилган майдонларни танлаб олдик. Даставвал, соя уруғлари қўлда экилди. Аммо андижонлик муҳандис ва фермерлар ишбилармон эмасми, ғўза қатор ораси 76 ва 90 сантиметр бўлган суғорилган майдонларда техника ёрдамида ҳам уруғ қадашнинг уддасидан чиқишди.

    Суғорилмаган далаларга экиш олдидан сув қўйиш лозим эди. Бу тавсия фермерларга унчалик ёқмади. Чунки улар ғўза ғовлаб кетишидан чўчишарди. Тушунтириш ишларини кўп ва хўп олиб боришга тўғри келди. Барибир, даланинг бош тарафига соя уруғини экиб, лекин барча майдонга экдик, деб аслида ўзларини ўзларини алдаган фермерлар ҳам бўлди...

    Ишлаб чиқарувчиларнинг соя донини қайта ишлашга қизиқиши ҳам ана шунга ўхшаш эврилиш жараёнларидан ўтишни тақозо этди. Энг муҳими, айни пайтда барча ёғ-мой корхоналарига ўрнатилган замонавий технологиялар ҳар қандай мойли экинни қайта ишлаш ва улардан сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш салоҳиятига эга. Янги жорий этилган лойиҳалар эса хомашёни янада чуқурроқ ишлашга қаратилаётгани билан аҳамиятли.

    “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган, умумий қиймати 19,3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган “Соя изолияти ишлаб чиқаришни ташкил қилиш” лойиҳасини бунга мисолдир. Айни кунга қадар бу ерда 12 миллион доллар ўзлаштирилган. Корхона ишга тушгач, 70 фоизгача оқсил моддалари мавжуд бўлган, гўшт, сут, тухум каби маҳсулотлар билан тенглаша оладиган 10 минг тонна соя изолияти ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ҳамда йилига ўртача 25 миллион доллар қийматидаги импорт ўрни қопланади.

    Корхонада нега айнан соя изолияти ишлаб чиқаришга алоҳида урғу бериляпти? Соя донидан мой, маргарин, соя пишлоғи, соя уни, қандолат ва консерва маҳсулотлари олинади. Колбаса маҳсулотларига эса 15-20 фоизгача соя изолияти қўшилади. Чунки соя уни оқсили мол гўштининг ўрнини босади ва унга нисбатан 3-5 маротаба арзон туради. Буғдой унига 8-10 фоиз соя уни қўшиб ёпилган нон жуда юмшоқ ва хуштаъм бўлади, анча кун мобайнида ўз ҳолатини йўқотмайди. Бу хомашёдан турли пишириқлар, болалар овқатлари, печеньелар, кофе ва унинг ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ҳам фойдаланилади. Саноатда линолиумлар, энг сифатли ва қимматбаҳо машина бўёқлари олинади. Умуман олганда, соя ўсимлигининг дони ва оқсилидан тўрт юз хилдан зиёд маҳсулот тайёрлаш мумкин.

    Шу боис, Ангрендаги “Соя изолияти ишлаб чиқаришни ташкил қилиш” лойиҳаси доирасида иккиламчи маҳсулот сифатида йилига 5 минг тонна соя текстурати тайёрлаш маҳаллийлаштирилади ва сояни ёғсизлантириш жараёнида йилига 4 минг тонна атрофида тўйинмаган ёғ кислоталари, шунингдек, миқдори 80 фоиздан ошадиган истеъмол мойи ва 200 тоннага яқин озуқавий лецитин олиниши йўлга қуйилади

    Яна бир йирик лойиҳа Ғузор туманида амалга оширилмоқда. Ўтган йили “Сanadian soy integrated production” қўшма корхонаси фойдаланишдан чиққан қир-адирликлардаги ерларнинг 1700 гектарига соя эккан бўлса, бу йил уни янада кенгайтиришни мўлжаллмоқда. Лойиҳада соя дони, поясию баргини қайта ишлаш асосий ўрин тутади. Аҳоли учун экологик тоза, сифатли соя мойи ажратиб оладиган ёғ заводини қуришга олти миллион доллар, паррандачилик ва чорвачилик учун соя шроти, табиий органик ўғит ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга эса қарийб ўн миллион доллар йўналтиради. Тупроқ унумдорлигини ошириш ёки ўсимлик ўзидан соф азот қолдиришини кўпайтиришда қўл келувчи махсус нитрагин ёки ризоторфин штаммларини ишлаб чиқариш ҳам назарда тутилмоқда. Умуман олганда, лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 2730 та янги иш ўрни вужудга келиши кутилмоқда.

    Нарх-навога доир маълумотлар

    Озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарлилиги халқ розилигининг асосий омилларидан биридир. Буни таъминлаш мақсадида сўнгги 3 йилда мамлакатимизда озиқ-овқат, чорвачилик, мева-сабзавотчилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини ривожлантириш учун 28 триллион сўм кредит маблағлари ажратилган. Биргина чорвачилик йўналишида 11 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилди. Бундан ташқари, коронавирус пандемиясининг нарх-навога таъсири инобатга олиниб, ўтган йил апрель ойидан бошлаб асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти божхона тўловларидан озод қилинган.

    Лекин шу каби чоралар кўрилишига қарамай, ўтган йилга келиб дунё бозорида ўсимлик ёғи нархининг ошиши 20 фоизга ҳам етмаган бир пайтда, Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати бўйича шарҳида қайд этилишича, юртимизда ёғ ва мой маҳсулотларининг нархи ўртача 26,9 фоиз ўсган.

    Ёғ-мой саноат корхоналари уюшмаси маълумотларига қараганда, 2021 йилнинг январь-февраль ойлари давомида мамлакатимизда ўсимлик ёғлари нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17-18 фоиз ошиши кузатилган. Кейинги пайтда фақат пахта ёғи нархининг барқарорлиги сақланиб турибди. Хусусан, Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг шу йил 15-19 мартдаги котировкасида пахта ёғининг бир литри 11712 сўмни ташкил этиб, аввалги ҳафтадагига нисбатан 0,3 фоиз пасайди.

    Мамлакатимиз чигитни экспорт қилмайди. У, асосан, пахта ёғи олишда ишлатилади. Демак, экин майдонлари қисқарганига қарамай, унинг ҳосилдорлиги қанча ошса, чигит шунча кўпаяди ва бу, ўз навбатида, пахта ёғи истеъмол нархининг барқарорлигини таъминлашга, чорва озуқалари кўпайишига хизмат қилади.

    Кейинги ойларда ҳам дунё бозорида аксар озиқ-овқат маҳсулотлари каби ўсимлик ёғи нархларининг ўсиши кузатиляпти. Ёғ-мой саноат корхоналари уюшмаси раиси ўринбосари Қамариддин Серкаевнинг таъкилашича, юртимиз аҳолисининг ёғ-мойга бўлган эҳтиёжининг катта қисми импорт ҳисобига қопланади. Бу эса нарх-наво беқарорлигига катта таъсир кўрсатади. 2019 йили Россияда 15 миллион тоннадан кўпроқ мойли хомашё етиштирилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 12,5 миллион тоннани ташкил этди. Шунинг учун Россия ўз бозорини ҳимоя қилиш чораларини кўряпти. Жумладан, 2021 йилнинг 9 январидан 30 июнигача бўлган даврда Россия ҳукумати мамлакат ташқарисига олиб чиқиладиган кунгабоқар ва рапс донига экспорт божини 30 фоизгача оширди, унинг пастки чегараси бир тонна учун 165 евро этиб белгиланди. Бунгача рапс ставкаси божхона қиймати 6,5 фоизни ташкил этарди, аммо тоннаси учун 11,4 евродан кам бўлмаган, кунгабоқар дони учун 6,5 фоизга тўғри келган, лекин тоннаси учун 9,75 евродан кам бўлмаган.

    Юртимизга хомашёнинг қиммат кириб келиши пировардида ёғ-мой маҳсулотлари нархи ошишига олиб келди.

    Мавжуд муаммолар қандай ҳал этилади?

    — Мамлакатимиз аҳолисининг ўсимлик мойига бўлган йиллик талаби 475 минг тоннани ташкил этгани ҳолда, ёғ-мой корхоналари томонидан 259 минг тонна ишлаб чиқарилмоқда, — дейди Қамариддин Серкаев. — Бошқачароқ қилиб айтганда, талаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 55 фоизга таъминланмоқда, икчи бозор эҳтиёжининг 45 фоизи эса импорт ҳисобига қопланмоқда. Аслида қувватларимиз эҳтиёжни қоплашга етади. Чунки, тармоқда 425 минг тонна ўсимлик мойи, 61 минг тонна маргарин маҳсулотлари ва 105 минг тонна хўжалик совуни ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

    Лекин хомашё базаси чегараланган.. Бу муаммони бартараф этишнинг асосий йўли битта, у ҳам бўлса мойли экинлар етиштиришни кўпайтиришдан иборат.Тўғри, сўнгги йилларда бу борада сезиларли даражада ишлар олиб борилди. Мисол учун мойли экинлар экиш республикамизда 2019 йилда 72,2 минг гектарни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 95,3 минг гектарга етди. Шунга қарамай, муаммо тўлиқ ечилини топмай келаётган эди.

    Айтиш мумкинки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилнинг 4 мартдаги “Мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисида”ги қарорида мавжуд муаммони тубдан барҳам топтириш назарда тутилган.Чунки, унга мувофиқ, жорий йилда 305 минг гектар майдонда мойли экинлар етиштирилади. Бунда, ҳудудлар бўйича асосий экин сифатида 125 минг гектар ерга соя, кунгабоқар, кунжут ва расп уруғи қадалади. Жумладан, 39 минг 617 гектарда соя, 5 мингдан ортиқроқ майдонда кунгабоқар, 28 минг гектардан кўпроқ ерга кунжут экилиши режалаштирилган.

    Шунингдек, 100 минг гектар ердаги ғўза қатор орасига соя экилади, 21 минг 431 гектар лалми майдонда мойли экинлар – махсар ва зиғир етиштирилади.Бу борада ғалладан бўшаган майдонлардан ҳам самарали фойдаланиш кўзланяпти. Жумладан, иккинчи экин сифатида 55 минг гектар майдонга кунгабоқар ва 3 минг 67 гектарга кунжут экилиши белгиланган..

    Шу боис ҳозирги кунда барча ҳудудларда мойли экинлар турларини етиштириш ҳажмларини кескин ошириш, уни етиштиришда замонавий технологияларни қўллаш эҳтиёжи юзага келди. Майдонлар ҳажмини ошириш билан бир қаторда, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, зайтун ўсимлигини плантация усулида етиштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда жорий йилда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 530 гектар ер ажратилади.

    Ушбу рақамлар ҳам кўрсатиб турибдики, 2021 йилда экилаётган мойли экинлар майдони рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

    — Бунинг натижасида 400 минг тоннадан кўпроқ хомашё жамғарилади ва уни қайта ишлаш ҳисобига қўшимча равишда ички бозорга сифати юқори ўсимлик мойи ва шрот етказиб берилади, — дейди Қамариддин Серкаев. — Бу импорт сифатида кириб келаётган юқори қийматли тайёр ўсимлик мойи ва чорва озуқаси ҳажмининг кескин қисқаришига ва нархлар барқарорлигига замин яратади.

    Яна қандай имкониятлар бор?

    Инсоннинг узоқ умр кўриши учун сабзавот ва полиз маҳсулотларини етарли миқдорда истеъмол қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли мева, сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштириш ҳажмларини кескин ошириш ҳозирги даврнинг ҳам энг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Овқатларда витаминларнинг бўлмаслиги ёки етишмаслиги инсон танасида моддалар алмашинуви бузилишига ва авитаминоз билан касалланишга олиб келади. Шу сабаб Президентимиз ташаббуси билан пахта экиладиган майдонлар ҳажми йилдан-йилга қисқартирилиб, ушбу ер майдонлари мева, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш учун ажратилмоқда. Бу – биринчидан, аҳолини витаминга бой ҳар хил мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш имконини берса, иккинчидан, ёғ-мой саноати учун ноанъанавий хомашё етказиб беришга хизмат қилади.

    Маълумки, республикамизда ҳозирги пайтда 240 дан ортиқ ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда ушбу корхоналарнинг асосий хомашёси пахта чигити ҳисобланиб, йилига ўртача 1,2 миллион тонна техник пахта чигити қайта ишланади ҳамда 200 минг тонна атрофида пахта мойи ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, йилига ўрта ҳисобда 200-250 минг тонна соя ва кунгабоқар донларидан 80 минг тонна атрофида ўсимлик мойи аҳоли истеъмоли учун етказиб берилмоқда.

    Мамлакатимизга келтирилаётган ёғ-мой маҳсулотлари ҳажмини камайтириш мақсадида, айни пайтда, мавжуд хом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш имкониятлари қидирилмоқда. Таҳлилларга кўра, республикамизда йилига 1,75 миллион тонна узум, 2,16 миллион тонна томат (помидор), 2,88 миллион тонна полиз маҳсулотлари (1,05 миллион тонна қовун, 1,37 миллион тонна тарвуз, 0,44 миллион тонна қовоқ), 2,76 миллион тонна мева (435 минг тонна ўрик, 74 минг тонна анор ва бошқа) етиштирилмоқда. Бундан ташқари, фермерлар ва деҳқон хўжаликлари томонидан ҳар йили 20 минг тонна атрофида зиғир, 15 минг тонна кунжут ва бошқа мойли экинлар хомашёси тайёрланади. Консерва саноатида катта миқдорда иккиламчи хомашё сифатида ишлатиладиган помидор, анор, узум уруғларининг асосий қисми бугунги кунда чорва ва паррандачилик учун озуқа ем сифатида фойдаланилмоқда, холос.

    — Республикамизда мавжуд тизимлар катта миқдордаги, асосан бир турдаги хомашёни қайта ишлашга мўлжалланган бўлиб, уларда кам миқдордаги хомашё (масалан, узум, қовоқ, қовун уруғи)ни қайта ишлаш имконияти мавжуд эмас, — дейди “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси матбуот котиби Фахриддин Калонов. — Бундай хомашёларни қайта ишлаш учун эса ишлаб чиқариш қуввати кичик (бир соатда бир неча килограммдан бир неча юз килограммгача) қурилмаларни яратишни талаб этади.

    Маълумки узум, анор, қовун, тарвуз ва қовоқ каби маҳсулотлар уруғларидан олинган мойлар ўзининг шифобахшлиги билан ажралиб туради. Таркибида 50 фоизгача инсон организми учун жуда муҳим бўлган ёғ кислоталарининг мавжудлиги уларнинг бошқа мойларга нисбатан устунлигини кўрсатади.

    Мисол учун мамлакатимизда ўрикнинг ялпи ҳосил 435500 тоннани ташкил этади. Шундан 75 минг тоннаси қуритишга ва 59 минг тоннаси натурал ҳолда экспортга йўналтирилмоқда. Қолган қисми (300 минг тонна атрофида) истеъмолга йўналтирилади ва унинг 60 минг тоннасини (20 фоизи) данак ташкил қилади. Агарда 20 фоиз ўрик данаги мой ажратишга йўналтирилса, унинг миқдори 12 минг тоннани ҳосил қилади.

    Ўз хусусиятига кўра ёнғоқ, ерёнғоқ, ўрик данаги, кунжут, зиғир ва узум уруғларидан совуқ усулда пресслаш йўли билан мойлар олинганда улар шифобахш ҳисобланиб, рафинациялаш жараёнини талаб қилмайди. Бу мойлар органолептик ва физик-кимёвий кўрсаткичларига кўра, одатда рафинацияланмасдан туриб истеъмолга яроқли ҳисобланади.

    Ҳозирги пайтда ривожланган мамлакатларда ушбу шифобахш мойларга бўлган талаб тобора ошиб бораётганига қарамай республикамизда мазкур соҳага эътибор сустлигича қолмоқда.

    Аслида тармоқни ривожлантириш натижасида, биринчидан, исроф бўлаётган хом ашёларни қайта ишлаб, импорт ҳажмларини маълум миқдорга қисқартириш билан бирга, шифобахш мойларни экспортга йўналтириш имконияти пайдо бўлади. Иккинчидан, ўсимлик мойига бўлган аҳоли талабининг муайян қисми ўзи етиштирган хомашё ҳисобидан қопланади. Учинчидан, таркиби ўзига хос шифобахш хусусиятга эга бўлган мойларнинг ишлаб чиқарилиши аҳоли саломатлигини сақлашда, кўплаб касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади

    Ўзбекистон беҳисоб неъматларга бой ўлка, аммо улардан самарали фойдаланишга, исрофгарчиликнинг олдини олишга кам эътибор қаратяпмиз. Юқорида санаб ўтилган уруғларни исроф қилмасдан қайта ишлашга йўналтиришнинг ўзи йилига 16-18 минг тонна шифобахш мойлар ишлаб чиқаришга замин яратади..

    Мутахассисларнинг ҳисоб-китобича, ҳар йили қимматли хом ашёларни чиқинди сифатида ташлаб юбориш туфайли ўртача 250-300 миллион долларлик маҳсулотни ишлаб чиқариш имконияти кўкка совурилмоқда. Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси томонидан зарурий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, ушбу йўналиш бўйича инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиб, мева данаклари ва полиз маҳсулотлари уруғларини қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Аммо таҳлил ва амалий тажрибалар бу муаммони бир идора доирасида ўз ечимини топмаслигигини кўрсатяпти.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates