Ёшларнинг халқаро миқёсда амалиёт ўтаб, тажриба орттириш имконияти ошади

    Қўшма тадқиқот ва тажриба алмашув дастурларининг сони ортиши тор доирадаги мутахассислар тайёрлаш борасидаги муаммо ва камчиликларнинг бартараф этилишига ҳам кўмак беради.

    Жорий йилнинг 15-16 июль кунлари дунё оммавий ахборот воситалари нигоҳи юртимизда ўтган йирик тадбир — “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар” мавзуидаги халқаро конференцияга қаратилди. Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган учрашувда жами 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарларининг иштироки муҳокама марказидаги мавзуларнинг барча учун долзарб эканини намоён этди.

    Осиё мамлакатлари азалдан муштарак ҳаёт кечириб келган. Тарихий-маданий ўхшашлик, уйғун манфаатлар, яқин қўшничилик алоқалари ва қариндошчилик муносабатлари конференция ташкил этилишининг асосий сабабларидан бири, десак муболаға бўлмас. Шу туфайли “барқарор, иқтисодий тараққий этган ва фаровон маконга айлантириш” масаласи конференция иштирокчиларининг асосий мақсадига айланди.

    Ер юзи аҳолисининг тўртдан бир қисми истиқомат қиладиган мазкур минтақа давлатларининг ўзаро савдо-иқтисодий, маданий-ижтимоий алоқаларни ривожлантириш ва унга доир лойиҳалар, тинчлик ва хавфсизлик масаласидаги муҳокамаларини кенг жамоатчилик катта қизиқиш билан кутиб олгани ҳам бежиз эмас. Халқимизда “Қўшнинг тинч, сен тинч”, деган нақл бор. Неча йиллардан буён низолар гирдобида яшаётган Афғонистон муаммосига дунё ҳамжамияти, айниқса, Марказий Осиё давлатлари бефарқ бўлолмайди. Шу боис, анжуманда дастлаб Афғонистонда кечаётган зиддиятлар хусусида сўз бориб, уларни ҳал этиш борасидаги халқаро ҳамкорлик таклифлари ўртага ташланди. Президентимиз бу борада ўз позициясини билдириб, “...хавфсизлик ва барқарорлик — минтақаларимизнинг изчил ривожланиши ва ўзаро алоқаларимиз мустаҳкамланишининг асосий шартидир. Бизнинг хавфсизлигимиз бўлинмасдир ва уни фақат конструктив мулоқот ҳамда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали таъминлаш мумкин”, дея таъкидлади.

    Конференциянинг муҳим йўналишларидан яна бири сифатида таълим йўналишида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга эътибор қаратилди. Маълумки, ҳар бир мамлакатнинг улкан тарихий, илмий, маданий-маърифий меросини асраб-авайлаш ва ўз навбатида, уларни дунёга танитишда ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш муҳим ўрин тутади. Дунёқараши кенг, танқидий ва таҳлилий фикрлаш қобилиятига эга, энг муҳими, ватанпарвар ёшларгина жамият ривожига ҳисса қўша олади. Бугун дунёнинг топ-1000 талигига кирувчи олий ўқув юртлари билан Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида йўлга қўйилган қўшма дастурлар ўз мевасини бериб улгурди ва бу жараён изчил давом этмоқда.

    Биргина Жиззах политехника институти мисолида айтадиган бўлсам, сўнгги йилларда Москва энергетика институти, Жанубий Урал Давлат университети ҳамда Казан федерал университети билан илмий-техникавий ва малакали мутахассислар тайёрлар бўйича ҳамкорлик меморандуми, Дон давлат техника университети билан алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Москва давлат қурилиш университети билан “2+2” қўшма таълим дастурини очиш бўйича эришилган келишув асосида архитектура ва қурилиш соҳасида етук кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

    Жорий 2021-2022 ўқув йилида олий таълим муассасамизда пойтахтдаги Турин политехника университети билан ҳамкорликда янги “Машинасозлик технологияси” йўналишига қабул бошланди. Янги ўқув йилида мазкур йўналишда 100 нафар талаба қабул қилиниб, дарслар давлат ва инглиз тилида малакали мутахассислар томонидан олиб борилади. Кўринадики, кўҳна Жиззах воҳасида келгусида ишга тушадиган автомобиль ишлаб чиқариш заводларини кадрлар билан таъминлаш масаласи ўз-ўзидан ечим топади.

    Шунингдек, таълим муассасамизнинг ёш педагог кадрлари бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида стажировка дастурларида иштирок этиб, таълимнинг кейинги босқичларида ўқишмоқда. Бир қанча иқтидорли талабаларимиз хориждаги олий таълим муассасаларида ўқишнинг кейинги босқичини давом эттираётган бўлса, яна бир нечтаси малака ошириш давтурларида фаол иштирок этиб қайтди. Таълимга замонавий ёндашув ва ахборот-коммуникация технологияларини тадбиқ этган ҳолда машғулотларни олиб бориш эса талаба-ёшларимизнинг илм-фан соҳасида ютуқларга эришишига замин ҳозирлади.

    Халқаро учрашув доирасида Президентимиз илгари сурган ташаббуслар орасида бу жиҳат ҳам эътибордан четда қолмади. Қўшма тадқиқот ва тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш, олим ва тадқиқотчилар учун енгиллаштирилган виза тартибини жорий қилиш, университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича онлайн-платформа яратиш муҳимлиги таъкидланди. Келгусида мазкур йўналишда амалга ошириладиган ишлар шубҳа йўқки, илмий салоҳиятимизнинг янада тараққий этиб, ёш олимлар ихтироларининг ҳаётга кенг тадбиқ этилиши, таълим тизимига инновацияларни жорий этишнинг янги тизимини йўлга қўйишга хизмат қилади.

    Қўшма тадқиқот ва тажриба алмашув дастурларининг сони ортиши тор доирадаги мутахассислар тайёрлаш борасидаги муаммо ва камчиликларнинг бартараф этилишига ҳам кўмак беради. Доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузиш таклифи ҳам мазкур соҳада туб бурилиш ясаши шубҳасиз. Ўз навбатида бу масала елкамиздаги масъулиятни икки баробарга оширади.

    Давлатимиз раҳбарининг илмий ва маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш мақсадида Термиз шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида “Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий мероси” мавзусида халқаро форум ўтказиш бўйича билдирган таклифи кўпчиликнинг қизиқишини уйғотди. Халқаро форумнинг ташкил этилиши мазкур минтақа давлатлари тарихининг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни ва аҳамиятини акс эттирибгина қолмай, маданий юксалиш ва халқаро ҳамкорлик йўлида дадил қадамлардан бири бўлади.

    Ўзбекистон ва Покистон стратегик шериклик тўғрисида имзоланган декларацияда ҳам бу жиҳат кўзга ташланди. Покистон бош вазири Имрон Хоннинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида 8 та ҳужжат имзоланиб, алмашилди. Яна бир янгилик, конференция арафасида Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти очилди. Президентимиз мазкур таҳлил маркази негизида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган экспертлар гуруҳи тузишни таклиф этди.

    Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида протокол, 2021—2026 йилларга мўлжалланган Маданий алмашув дастури, туризм масалалари бўйича англашув меморандуми, давлат чегарасидан олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситалари ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисида баённома, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан Покистон дипломатик хизмат академияси ўртасида англашув меморандуми, Ўзбекистон–Покистон ишбилармонлар кенгашини тузиш тўғрисида битимнинг имзоланиши ҳам мамлакатимиз олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва ишлаётган ёшларнинг халқаро миқёсда амалиёт ўтаб, тажриба орттириш имкониятини янада оширади.

    Алишер УСМОНҚУЛОВ,

    Жиззах политехника институти ректори,

    техника фанлари доктори, профессор