Юксак масъулият эгалари — “тюторлар” ҳақида

    Кундалик таълим лексиконимизга “тютор” тушунчаси кириб келар экан, унинг мазмуни нимадан иборат? Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Сардор Усмонов шу ҳақда сўз юритади.

    Вазирлар Маҳкамасининг “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

    Ушбу қарор билан узоқ вақтдан бери кутилган бир қатор тизимли янгилик ва ўзгаришлар киритилди. Улар қаторида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб талабалар билан ишлаш бўйича “гуруҳ мураббийи” институти бекор қилиниб, унинг ўрнига талабалар билан ишлайдиган “тьюторлар” амалиёти йўлга қўйилди.

    Кундалик таълим лексиконимизга “тютор” тушунчаси кириб келар экан, унинг мазмуни нимадан иборат?

    Авваламбор, “тютор” (“tutor”) том маънода устоз, мураббий, инструктор — йўл кўрсатувчи маъноларида қўлланилади. Тютор биринчи навбатда, маълум бир соҳанинг мутахассиси бўлиб, унинг асосий вазифаси талабага муайян билим ва кўникмалар беришдан иборат.

    Кенгроқ маънода эса, тютор талабага ўқув жараёни давомида ўз салоҳиятини намоён қилиш, ўзини янада яхшироқ англаш, ўқиш ва ҳаётда тўғри қарор қабул қилиш ва танлашни ўргатади. У талабага ҳар бир қадам ва ҳаракатларининг оқибатларини англаш, ҳаётда ўз қизиқишларини топишга ёрдам беради.

    Бунинг учун тютор ўз тарбиячиларининг қизиқиш ва мойилликларини, муаммо ва қийинчиликларини чуқур таҳлил қилади. У талабанинг атрофидаги интеллектуал ва психологик муҳитни синчковлик билан ўрганади. Бир сўз билан айтганда, тютор ўқувчи ва таълим жараёни ўртасидаги боғловчи куч ҳисобланади. Унинг ёрдамида ўқиш қизиқарли ва самарали жараёнга айланиши лозим.

    Тюторлик усули қадимги Юнонистонда ҳам асосий таълим жараёнига ёрдам сифатида йўлга қўйилган эди. Ҳозирда дунёнинг кўплаб мамлакатларида тюторлик учун махсус ўқитилади, диплом берилади. Масалан, Россияда педагогика соҳасига ихтисослаштирилган олийгоҳларда бакалавр ва магистратура бўйича махсус тюторлик курслари бор. Тюторлик марказлари ва ассоциациялар фаолият юритади.

    Бу қўҳна усул замонавий дунёда турли шаклларда (формал ва ноформал, ўқув хонасида ёки масофавий тарзда) қўлланилади. Тюторлик, албатта, формал ўқув жараёнидан фарқ қилади. У енгилроқ, мослашувчан шаклда амалга оширилади.

    Тюторлар — бу юксак масъулият эгалари ҳисобланади. Зеро, тютор дунёқараши энди шаклланаётган талаба билан мунтазам тарзда ишлайди. Бундай мутахассиснинг асосий вазифаси — бошқа одамга ўқишни самарали ва қизиқарли жараёнга айлантиришга ёрдам бериш. Тютор ҳам бутун гуруҳ билан, ҳам индивидуал тарзда ишлаши керак бўлади.

    Илмнинг қайси соҳаларига урғу бериш, келажакда касб танлаш, керак бўлса, бошқа мутахассисликка мўлжал олиш, ўқиш ва кундалик ҳаёт ўртасида мувозанатни ўрнатиш, вақтини менежмент қилиш масалаларида талабаларга таъсир қилиш ҳам тюторнинг вазифасидир.

    Яхши тютор — бу талабага елкадош мураббий ва моҳир консултантдир. У талабанинг кучли тарафларини, захирадаги қобилиятларини юзага чиқариб, камчиликлари устида ишлашни ўргатади.

    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates