Бир одам қазиган ариқдан минг одам сув ичади. Баҳор ёмғири сон-саноқсиз майсаларга мадор киритади. Булоқдан оқиб тушган жилға ирмоққа, ирмоқлар дарёга айланади. Дарёлар дунёни яшил либосларга буркайди. Баланд учган бургут нигоҳи тоғнинг чўққисига ҳам тушади. Ёниқ сўз тошни кукунга, тафти гулни бутага, бутани дарахтга айлантиради...
Куни кеча янги Ўзбекистон замонавий адабиётининг навқирон авлоди йигирма еттинчи бор тароватли Зомин тоғлари бағридаги сўлим Ўриклисойга тўпланди. 27 йил кўп замонлару хўб давронларни ўлчаган кўҳна тарих соатининг “олтин капгири” учун, академик шоиримиз Ғафур Ғулом ёзганидек, “капалак умрига қиёс этгулик фурсат”дир, балки. Аммо бу йигирма етти йил давомида мустақил мамлакатимиз турмуши ва адабий ҳаётимизда юз берган беқиёс, оламшумул ўзгаришларнинг “баҳосин ўлчамоқ учун олтиндан тарозу, олмосдан тош” озлик қилади.
Гап янги замон шеъриятининг атоқли вакили, шодлик ва бахт куйчиси Ҳамид Олимжон туғилган Жиззах замини ҳақида кетар экан, бу сулув диёрга қадам қўйган киши вужудини “бир ажиб ҳис” қамраб олади. 27 йил муқаддам каминаи камтарин бу гўзал масканга бир ажиб туйғулар билан борган эдим.
Ўшанда биз – мен, Жовли Хушбоқ, Гулчеҳра Алибоева каби қатор публицистлар “Туркистон” газетасининг минтақавий мухбирлари эдик. Ойнинг ўн беши қоронғу деганларидек, бир вақтлари миллион адад билан чиққан газета озгина вақт босилмай қолди. Янги келган Бош муҳаррир ҳаммамизни йиғиб, “Биринчи ишимиз — газетанинг аввалги шуҳратини тиклашимиз, адади ва ўқишли мақолаларни кўпайтиришимиз керак!” деди. Сўнгра ён дафтарчасига бир қараб олиб “Минтақавий мухбирларимизни бот-бот Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятларига жўнатиб турамиз. Кундан кун кўпайиб бораётган водий аҳлининг бир қисмини чўлга чорлаш керак бўлади!” деб қўшимча қилди.
Жиззахга биринчи ижодий сафаримизга Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов бош бўлди. Халқ шоири Нормурод Нарзуллаев менга “Ҳаммамизнинг номимиздан мақоланинг хамиртурушини сен тайёрлайсан, халқим. Пишитиш биздан!” деди. Олти муаллиф номидан мен тайёрлаган мақола босилди, ижобий шов-шувларга сабаб бўлди. Сафардан қайтганимиздан кейин Нормурод ака билан у Бош муҳаррир бўлиб ишлаётган ёшлар нашриётида гурунглашдик. “Биласанми, халқим, сен билан қалбим. Жиззах энди аввалгидан ҳам зўр бўлиб кетади. Мирзо Улуғбек туманининг раҳбари Шавкатжон Мирзиёев вилоятга ҳоким бўлиб борди. Жуда ишчан йигит. Китобни кўп ўқийди. Китоб ўқиган одамнинг ҳамма ишлари бароридан келади. Энди шеър эшит: “Самоларда юлдузларни осмон сўроқлар, Чин инсонни кўнгил қўйиб инсон сўроқлар”. “Жуфт бўлсин, устоз!” деганимдан кейин “Яхшилик деб яшайман!” шеърини ҳам ўқиб берди. Бу 1996 йилнинг 12 сентябри, атоқли шоир Шавкат Раҳмоннинг туғилган куни эди. Ўшанда сўнгги кунларини яшаётган шоир Чилонзорда, В.Воҳидов номидаги кўкрак жарроҳлиги шифохонасида даволанаётганди.
1997 йилнинг ёзида шоир Азим Суюн Матбуотчилар кўчаси, 32-уйга жойлашган таҳририят биноси олдида кўришганимизда “Ўн йил аввалги қарзимни узмасам бўлмайди. Сизни Жиззахга олиб кетаман!” деди. Ёнида турган ходимлари ажабланиб қўйишди. Чунки улар 1987 йилнинг февралида Азим ака ва унинг шоир ҳамроҳини 4 ой аввал “Қорақалпоқ достони” трилогияси учун СССР давлат мукофотини олган устозимиз Тўлепберген Қаипбергеновнинг ҳузурига олиб борганимни, кейин унинг ҳамроҳини ноқулай вазиятдан олиб чиққанимни билмасдилар. “Ўриклисойда сиз учун бир “сюрприз”им бор!” деб қўшиб қўйди Азим ака.
Ўриклисой сафари унутилмас бўлди. Тоғнинг мусаффо ҳавоси, сойнинг зилол суви, ўртасига сариёғ қўйилган патир, кийик ўти қўшиб дамланган чой бир томон-у, Азим Суюн айтган “тирик сюрприз” иккинчи томон бўлди. Ўриклисойда яшайдиган Ҳусан исмли қирғиз йигит “Манас”ни ёддан айтар экан.
“Манас”чининг айтимларини тинглаб, оғзим очилиб қолди. Шу орада Азим ака ҳам жўшиб кетди-да, ўзимизнинг “Авазхон” достонидан бир неча бандни ўқиди.
Тошкентга қайтган кунимизнинг эртасига болаларнинг севимли шоири Қуддус бобо Муҳаммадий тўқсон ёшида оламдан ўтдилар. Маъракада турганимизда Азим ака “Қуддус бобо аслида биолог, САГУда, кейин тиббиёт институтида ўқиган. Ўзбекистон халқ шоири, бир неча авлод болаларининг севимли шоирига айланди. Қуддус ака бир вақтлар Ислом шоир Назар ўғлига котиблик ҳам қилган”, деди.
1997 йил июль ойининг биринчи ўн кунлиги мустақил Ўзбекистон адабиёти солномасига олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйилди. Шу кунлари Жиззах вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати Шавкат Мирзиёев бошчилигида республика ёш адибларининг биринчи анжумани ўтказилди. Анжуман арафасида “Жиззах ҳақиқати” газетаси таҳририятига кирдим. Таҳририятнинг бир-икки ходими узун бўйли ёши улуғ оқсоқолнинг ҳикоясини тинглаб ўтирган экан. Саломлашдик. “Туркистон” газетасидан эканлигимни эшитгач, оқсоқол ўрнидан туриб:
— “Помидор нега қизил” деган китобнинг автори Иброҳим Дониш бўламан! — деди.
— Янгибой Қўчқоровман.
— Ие, мақолаларингизни ўқиб тураман. Ошиқ Аёз – Ибройим шоир билан суҳбатингиз эсимда қолди. Келинг, суҳбатимизга қўшилинг.
Иброҳим Дониш билан узоқ йиллар ота-бола бўлдик, Дўрмонда ёинки Жиззахда ўзи барпо этган боғда ҳафталаб суҳбатлашдик. У ҳозир орамизда йўқ.
Энди яна ўша 1997 йил июль ойи бошига қайтамиз. Республика ёш ижодкорларининг биринчи анжуманини очар экан, вилоят ҳокими Шавкат Мирзиёев бундай деган эди:
“Ассалому алайкум, қадрли адабий анжуман иштирокчилари!
Ҳурматли устоз адиблар!
Қадрли ёш ижодкорлар!
Гўзаллик ва нафосат куйчиси Ҳамид Олимжон таваллуд топган табаррук заминга хуш келибсиз!
Ҳурматли Абдуллажон ака! Мамлакат миқёсидаги адабиёт анжуманини вилоятимизда ўтказиш ҳақидаги таклифимизга бош қўшганингиз учун сизга, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбариятига, бугунги анжуманда иштирок этаётган атоқли адибларга барча жиззахликлар номидан, китобсевар, шеърсевар элимиз номидан чуқур миннатдорлик билдирамиз. Ҳаммангизга игна билан қудуқ қазишдек мураккаб ижодий ишларингизда ютуқлар тилаймиз.
Бизда чўлларда бўстон яратаётган деҳқонлару боғбонлар, яйловларда заҳмат чекаётган чорвадорлар, ишбилармону тадбиркорлар, ҳамма-ҳаммаси китоб ўқийди. Биз янги жамият қуряпмиз. Бунинг учун илм керак, замонавий технологиялар керак. Уларни эса фақат китобдан олиш мумкин. Айниқса, бадиий адабиёт инсоннинг бир умрлик содиқ ҳамроҳидир. Менинг ўзим ҳам ҳар куни китоб ўқийман. Шеъриятга меҳрим баланд. Албатта, ҳаётимизга электрон манбалар кириб келмоқда. Лекин ҳеч нарса одамга китобчалик билим, завқ, тарбия бера олмайди. Ёшларимизни китобга буришимиз лозим. Улар ҳар хил жаҳолат тасвирларидан кўра “Ўтган кунлар”ни ўқисин. Чунки унда инсонни комилликка элтувчи минглаб иборалар бор. Асримиз якунига етмоқда. Янги аср китоб асри бўлиши лозим. Вилоятимизда ёш шоир, адибларга катта эътибор бермоқдамиз. Бугун улар барча вилоятлардан келган тенгдошлари билан бирга назм, наср, драматургия, бадиий публицистикада беллашадилар. Уйда деворлар ёрдам беради, деган гаплар бор. Лекин бизнинг ёшларга Аллоҳ берган талантлари кўмаклашади, деб ўйлайман.
Яқинда Дўстлик туманидаги бир мактаб синфига кирганимда болалардан “Бадиий ижод билан шуғулланадиганлар борми?” десам, тенг ярми шеър ёзишини айтди. Демак, бу Навоий ва Бобур, Нодира ва Огаҳий, Ойбек ва Ғафур Ғулом, Эркин Воҳидов ва сизнинг таъсирингиз, Абдулла ака. Ўйлайманки, бугун анжуманга келган ёшлар орасидан сизнинг муносиб издошларингиз етишиб чиқади. Сизга сўз беришдан олдин шундай истак билдирмоқчи эдимки, бугун бошланаётган Зомин семинари узоқ йиллар давом этсин. Шеър шукуҳи бизни ҳеч қачон тарк этмасин!”.
Анжуманнинг очилишида сўзга чиқар экан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бундай деди:
“Ҳурматли адабий машварат меҳмонлари!
Қадрли Шавкат Миромонович!
Азиз ёшлар!
Мен ижодий уюшманинг раҳбари ёинки кўпни кўрган бир ижодкор сифатида нафақат сиз ёшларга, балки сизларга устозлик қилаётган адибларга қарата бир неча марта, ҳурматли ҳамкасблар, бир туп мажнунтолни Ўзбекистон деб ўйлаб асар битманг, юртнинг тоғларини, саҳроларини, дарёларини кўринг, дейман. Мана, сизнинг таклиф билан биз бугун бу гўзал тоғларга келдик. Бу жойлар нафақат навқирон ижод аҳлига, балки катта авлод адибларига ҳам илҳом беради.
Мана, улкан шоиримиз Маъруф Жалил ўтирибди. Маъруф аканинг “Паризодим, сени излаб тоғларга бордим”, деган шеъри бор. Зоминга ташрифидан кейин янги туркум ёзади, деб ўйлайман. Ҳусниддин акага эса шеърий роман ёзиш чўт эмас. Ўзи тоғлар қизи бўлган Шарифа Салимова ҳам янги шеърлар ёзиши аниқ. Янгилик яхши нарса. Лекин янги анъанани бошлаш ўз-ўзидан бўлмайди. Сизнинг ўзингиз, Шавкатжон, қўлқанотларингиз бу анжуманга тайёргарлик кўришда кўп меҳнат қилганингизни биламиз. Менинг биринчи ўринбосарим, яхши шоир, яхши носир Йўлдош Сулаймон анча кунлардан буён тиним билмайди. Уюшма масъул котиби Раҳимжон Отаев камгап, камтар бўлгани билан ўз ишига пухта. Уларга ҳам раҳмат дейман. Бугунги анжуманнинг муҳим бир аҳамияти бор. Мен ана шу алоҳида аҳамиятини айтмасликка ҳаққим йўқ.
Йиллар ўтар, лекин Зомин анжуманининг ўша аҳамияти асрларга қолади. Сиз, Шавкатжон, бу анжуман билан бизлар ҳаммамиз бирмиз, бир Ўзбекистонмиз, бир элмиз, бир адабиётмиз, дедингиз. Туғилган жой ҳаммага азиз. Менинг кўзимга Косон, сизнинг кўзингизга Зомин иссиқ кўринади. Аммо биз ҳаммамиз ўзбекистонликмиз. Айниқса, ёш адиблар Ўриклисойда шу шиор тагида бирлашгани ўта қадрлидир. Эсингизда бўлса, шоҳ ва шоир Ҳусайн Бойқаро улуғ Низомиддин Ғиёсиддин ўғли Амир Алишер Навоий турк тилига Масиҳ нафасини киритди, деб ёзган эди. Мен бугунги анжуман ёшлари, уларнинг барча тенгдошлари буюк она тилимизни пухта ўрганишларини истардим.
Мен давримизнинг асосан Қайсин оға, Мустай оға, Довуд оға, Расул оға, Чингиз оға, Ибройим оғадан иборат адиблар даврасида иштирок этганман. Бошқача ўйлашмасин, деб питерлик қаҳрамон шоир Михаил Дудинни бошчи қилиб юришарди. Ўша даврада Қайсин Шуваевич “Она тилимиз томирларимизда оқиб турган қонимиз!” деган эди. Айнан ўша киши менинг шеърларимни Твардовскийга бериб, дунёга эшик очиб берган. Биз бугун Ҳусниддин ака билан қанчадан-қанча ёшларга оқ фотиҳа берамиз. Ўз навбатида, биз сизга ҳам омад тилашдан бахтлимиз. Кўриб турибмиз, Жиззах халқини бахтли қилиш учун жон куйдиряпсиз. Алллоҳ шу эзгу ишларингизнинг ажрини берсин. Доимо юрт ва юртбоши назарида бўлинг!”
Анжуман бошланди. Хотира бобида мен ҳам оддий одамман. Уйғун Рўзиев деган ёш иштирокчининг қўлида “Атиргул” деган сатирик романнинг қўлёзмасини кўрган эдим. У бугун насримизнинг бир бойтераги. Нодиржон Холбўтаев деган навқирон йигитга шеърини икки бора ўқитишди. Ҳозир Нодир Жонузоқ адабиётимизнинг таниқли вакили. Фарғонанинг Учкўпригидан Шуҳратжон Орипов деган ўнинчи синф ўқувчиси шеър ўқиди. Ажойиб шоир Шуҳрат Ориф бугун элимизнинг илғор сўз санъаткори. Жиззахнинг ўзидан жажжигина бола бор экан. “Най” шеърини ўқиб берди. Бу ҳозирги, яъни йигирма еттинчи бора ўтаётган анжуман ташкилотчиларидан бири Шоди Отамурод эди. Кичкинагина қиз четда жилмайиб турарди. Шу жойда мухбирлигим фойда берди, ёзиб олдим. Шаҳло Аҳророва экан. У бугунги шоираларнинг илғорларидан бири. Биринчи анжумандан бошлаб узоқ йиллар Сайёра Тўйчиева кайвонилик қилади. У бугун таниқли шоира, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Анжуман якунида Абдулла ака журналистлар билан суҳбатлашди. Устоз менга “Сен биз билан қоласан!” деди. Устоз Пушкиндан шеърлар ўқиди. Туроб Мақсуд газета, Сайёра Тўйчиева китоб, кимдир икки варақ шеър ташлаб кетди. Ҳайдовчи чой қуйди. Шу пайт пешайвонга бир даста китоб кўтарган гидромуҳандис Ўриш Мажидов “Ҳорманглар!” деб кириб келди. Абдулла ака Ўриш акани ҳурмат қилар, китобсеварлиги ва Зарбдордаги уйида “Дастхатлар кутубхонаси” очгани учун сийларди. “Келинг, Ўриш ака!” деди Абдулла ака. Ўриш ака кулиб: “Йўлнинг нариги томонига, менинг дачамга ўтайлик!” деди.
Хулласи калом, ўшанда Абдулла ака “Қачон мен Зоминга келсам, ҳеч кимдан сўрамай келавер!” деди. “Биз томонга борасизми?” дедим. “Бораман, Сен томонда ҳам ёшлар анжумани қиламиз!” деди. Сўзида турди. Мен бу мақолада ўша Ўриклисой гурунгига ўхшаш эпизодлардан бир нечтасини мисол қилиб келтиришим мумкин. У ҳақиқатнинг кўзларига тик боқарди. Ҳатто буни тили билан айтмаса ҳам. Бир гал иккимиз овқатланиб ўтирганимизда:
— Агар ҳозир мен нимани ўйлаб ўтирганимни топсанг, худди Миртемир ака “Бўтам, бўтам!” деб Носир Фозиловга костюм-шим олиб берганидек сарполик бўласан! — деди.
Узоқ ўйланиб:
— Мен Абдулла Орипов улуғ шоир, қаҳрамон, сенатор бўлсам-у дўстни камайтириб, душманни кўпайтирадиган раис лавозимида бўлмасам эди, деган хаёлдасиз! — дедим таваккалига.
Эски Жўвага Зарқайнар томонидан кириб, бирор харидор йўқ дўкондан оқиш рангли костюм-шимлар олдик. Эртасига Зоминга жўнадик. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборов устоз билан иккимизнинг костюм-шимимиз бир эканини кўриб, “Абдулла ака! Учовимиз бир суратга тушайлик!” деди. Сурат кейин “Ёшлик” журналида эълон қилинди. Яқинда улуғ Расул Ҳамзатов ҳақидаги “Доғистон донишманди” китобим чиқди. Уни ёзишга Абдулла ака ўша Ўриклисойда ундаган эди. Ҳеч бўлмаганидан кеч бўлгани тузук экан.
Абдулла ака билан мамлакатимизнинг жуда кўп жойларида сафарда бирга бўлганман. Шоир Истанбулга, даволовчи шифокори Илёсбей афанди ҳузурига, кейинги йили Техасга, Хьюстон клиникасига, амриқолик шифокори Павел жанобларининг олдига кетаётганида, у ерлардан хуш кайфият билан она юртга қайтиб келганида, ниҳоят, 2016 йилда яна ўша минтақага отланганида шоир билан узоқ-узоқ суҳбат қурганмиз.
— Қайтиб келганимда яна бир бора Хивага, Полвонпирга, кейин Мўйноққа, Ҳаким Ота – Сулаймон Боқирғоний зиёратига олиб борасан! — деган эди. Энди бу сафарлар ва дийдор қиёматга қолди. Олти оқшом тонглар отмади. Олти оқшом кўзларимизда ёш билан устознинг эшиги олдида турдик. Биринчи кечаси ярим тунгача устознинг акаси, профессор Абдураззоқ Орипов Абдулла аканинг болалиги, талабалик даври, Кибриё опадан Қаҳҳор домла чорбоғининг ярмини харид қилиш тафсилотларини гапириб берди. Иккинчи кечаси Абдулла аканинг қудаси Рустам ота Хондамиров билан узоқ гурунглашдик. Учинчи кечаси, деярли тонггача шоирнинг жигари, фалсафа фанлари номзоди, профессор Абдураим Эркаев ўз илмий асарлари ҳақида сўзлади. Тўртинчи кеча эса тўлалигича академик Николай Конрад, унинг “Ғарб ва Шарқ” асари, академик, шарқшунос, Эрмитаж директори Иосиф Орбелининг Алишер Навоий ҳазратлари адабий меросини муҳофаза қилишдаги мардлигига бағишланди. Бешинчи кечада Насриддин ака Насаф ва Кеш алломалари ҳақида ҳикоя қилиб берди.
Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз ўша оғир кунда марҳумнинг оиласига беқиёс ёрдам берди, шоир тобути солинган самолёт Франкфурт аэропорти орқали келиши керак эди. Самолёт Туркия орқали учгани учун шоир тани бир кечаю бир кундуз олдин Тошкентга, ўзи севган “Дўрмон” боғига келтирилди.
Жанозага мамлакатнинг ярми йиғилди. Президентимиз бу маросимда бир ярим соат давомида иштирок этиб, замонамизнинг забардаст сўз заргари ҳақида самимий гаплар айтди ва шоир донолик билан “Мен ўзбек, сен эса қорақалпоқсан, турклар дунёсида сен ҳам урпоқсан”, деган Оролбўйи заминига учиб кетди.
... Кейинги гал Жиззахга 1998 йилнинг 23 июлида бордик. “Сайқал” деган масканда вилоят ёзувчилари раҳбари Шарофат Ботирова, вилоят ҳокими ўринбосари Олимжон Жавлонов, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар бўйича ўринбосари Муҳаммаджон Юсупов, Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева сўзга чиқдилар. 24 июль куни анжуманни Абдулла ака очди. Шавкат Мирзиёев ажойиб маъруза қилди. Бу сафар ҳам анжуман ўта самарали бўлди. Гулжамол Асқарова, Меҳринисо Абдураҳмонова, Бурҳон Шермуҳаммад уюшмага қабул қилинди. Вилоят ҳокими ўз қўли билан жами 51 та — 7 та биринчи, 6 та иккинчи, 15 та учинчи, 23 та рағбатлантирувчи мукофот берди.
1999 йилнинг 6-9 август кунлари ўтган навбатдаги анжуманга алоҳида тўхталмасам бўлмайди. Бугунги ажойиб ижодкорлар Жамолиддин Муслим, Гўзал Бегим, қорақалпоқлик Баҳамдулла Нурабуллаев, Пердеғалий Добилов ғолиб бўлишди. Баҳамдулла кейин давлат арбоби бўлиб, Абдулла ака ва мен билан бирга “Ақчакўл илҳомлари” анжуманига бошчилик қилди. Зомин ва Ақчакўл анжумани иштирокчилари орасидан Зулфия номидаги давлат мукофотининг 20 га яқин лауреати етишиб чиқди. 30 га яқин ёш Олий адабиёт курсини битирди.
Томчида қуёш акс этади, дейдилар. Кейинги йилларда бевосита Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида адабиёт аҳлига кўрсатилаётган ғамхўрлик, эҳтиром ва эътибор барча ижодкорларни бирдек халқ, Ватан равнақи йўлида бирлаштирмоқда, улкан марралар сари чорламоқда.
Зомин семинари юз йиллар турсин, навқирон адиблар орасидан янги асрнинг абдуллалари, эркинлари, ибройимлари етишиб чиқсин!
Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими