Замонавий кадрлар тайёрлаш йўлида собитқадамлик

    Таълим 1 июн 2023 1707

    Андижон давлат чет тиллар институти бир ёшда

    Кейинги йилларда олий таълим тизимига татбиқ этилаётган ислоҳотлар самарасини бугун юртимизда кўплаб хорижий ҳамда хусусий олий таълим муассасалари фаолият юритаётгани ва соҳада соф рақобат муҳити шаклланаётгани мисолида ҳам кўриб турибмиз. Қувонарлиси, чет тилларини ўқитиш ва шу орқали малакали таржимонлар ва туризм соҳаси ходимларини тайёрлайдиган ўқув юртлари сони ҳам анча кўпайди.

    Давлатимиз раҳбарининг “Андижон давлат чeт тиллари институтини ташкил этиш тўғрисида”ги 2022 йил 31 майдаги қарори билан Андижон давлат унивeрситeти чeт тиллар факультeти нeгизида ташкил этилган мазкур олий ўқув юрти бугун бир ёшга тўлди.

    Аслида, институт 60 йиллик тарихга эга. 1963 йил 1 сентябрда Андижон педагогика институти тарих-филология факультети таркибида инглиз ва немис тиллари бўйича педагог мутахассислар тайёрлаш бўлими очилган. 1966 йилда эса Андижон давлат тиллар педагогика институти фаолият бошлаган эди.

    Албатта, бир йил тарих учун жуда қисқа муддат. Шундай бўлса-да, ўтган қисқа вақтда институт эътирофга арзигулик ютуқ ва марраларга эришди, деб айта оламиз.

    Президентимиз қарори ижросини таъминлаш мақсадида институтда ҳар бир йўналишда режалар тузилиб, амалга оширишга киришилди. Ўтган 2022–2023 ўқув йили учун қабул жараёнларига юқори даражада тайёргарлик кўрилиб, жами 740 нафар, шундан, 54 нафари 3 та магистратура мутахассисликларига, 686 нафари эса 7 та бакалавриат таълим йўналишларига қабул қилинди.

    Андижон давлат чет тиллари институти раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари юқори малакали кадрлар ва бир неча хорижий тилларда сўзлаша оладиган филологлар, тил мутахассислари, таржимонлар тайёрлашга катта масъулият билан киришган. Шунингдек, халқаро эътироф этилган рейтинг ташкилотларининг юқори 1000 талигидан ўрин эгаллаган хорижий олий таълим муассасаси дастурлари асосида ўз таълим дастурларини шакллантириш, етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан мустақил равишда қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни жорий этиш вазифалари аниқ белгилаб берилган.

    Бугунги замонавий таълим ва туризмнинг жадал ривожланиши ҳар томонлама профессионал таржимон ва хорижий тилларни сифатли ўргата оладиган педагог кадрларни тайёрлашни тақозо этмоқда. Шу маънода, муассасада фаолият олиб бораётган 3 та факулътет, 10 кафедра ва 13 та бўлимда ўз ишининг мутахассиси бўлган, замонавий фикрлай оладиган кадрлар ишлаб келмоқда.

    Институт ташкил топган кундан бошлаб 2022–2023 ўқув йилига тайёргарлик кўриш, илғор хорижий тажриба ва кадрлар буюртмачилари талаблари ўрганилди ва ўқув дастурларини шакллантиришда Оксфорд ва Кембриж дастурлари намуна сифатида танлаб олинди. Барча мутахассислик фанларини тегишли хорижий тилларда ўқитиш йўлга қўйилди.

    Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, институтнинг инглиз, немис, француз тиллари бўйича мутахассислик кафедралари профессор-ўқитувчиларининг С1 даражадаги миллий ва халқаро тил билиш сертификатига эгалик кўрсаткичи 100 фоизни ташкил этди.

    Хорижий ҳамкорлар — олийгоҳ юзи

    Бугун барча соҳалар қатори олий таълимда ҳам халқаро ҳамкорликсиз тараққий этиб бўлмаслиги аён бўлиб қолди. Шу маънода, олийгоҳимиз Сингапурнинг Амити халқаро университети, Буюк Британиянинг Кембриж ҳамда Портcмут университетлари, АҚШнинг Огайо университети ҳамда Норвич институти, Кореянинг Чежу Ҳала ҳамда Кинг Сежонг университетлари, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Москва давлат лингвистика университети, А.С.Пушкин номидаги Рус тили давлат институти, Ўш давлат университети, Туркиянинг Канфас, Гази ва Ҳожи Байрам университетлари ҳамда Ҳиндистоннинг Миллий туризм ва меҳмондўстлик менежменти институтлари билан ҳамкорлик йўлидан боряпти. Шунингдек, Буюк Британия ҳамда АҚШ консулликлари, Франция Иттифоқи, ETC халқаро ташкилоти, АҚШ ва Германия элчихонари билан ҳам ҳамкорлик алоқаларимизни тобора мустаҳкамлаш йўлидамиз.

    Бу борадаги ҳаракатларимиз натижаси ўлароқ, 5 та хорижий олий ва илмий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти юксак, катта тажрибага эга бўлган беш нафар олим ва мутахассисларини институтимиз илм-фан ва таълим жараёнига жалб этишга эришдик. Айни пайтда хорижлик 3 нафар профессор-ўқитувчи ва мутахассис талабаларимизга таълимнинг масофавий шаклида 3 та мутахассислик фанларидан маҳорат дарслари, видеосеминар ва вебинар ўқув машғулотлари олиб бормоқда. Келажакда хорижий мутахассисликлар сонини 9 тага етказиш ва қўшимча 6 та ОТМ билан мазкур йўналишдаги ишларни давом эттиришни режа қилганмиз.

    Илмий салоҳият юксак бўлса...

    2022–2023 ўқув йилида институтнинг бакалавриат ҳамда магистратура йўналишлари учун 7 та дарслик ва 21 та ўқув қўлланма яратиш бўйича муаллифлар гуруҳи шакллантирилди. Ўқув адабиётларини яратиш режа-графиги ишлаб чиқилиб, жорий йилнинг 1 чорагида институт кенгашида 36 та адабиёт, 5 та дарслик, 28 та ўқув қўлланма, 2 та услубий қўлланма ва 3 та луғат муҳокамадан ўтказилиб, нашрга тавсия қилинди.

    Бугун профессор-ўқитувчиларнинг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билимини юксалтириш, касбий маҳоратини ошириб бориш ҳамда ахборот-ресурс тизимидан эркин фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ҳам заруратга айланди. Шу мақсадда жорий йилнинг февраль-март ойларида АКТ бўйича қисқа муддатли интенсив курслар ташкил этдик. Уларда ўқув жараёнини лойиҳалаш, рақамлаштириш ҳамда илғор педагогик технологияларни қўллаш бўйича маҳорат дарслари олиб борилди.

    Таълим муассасасининг нуфузи, тизимда тутажак ўрни албатта, педагог ходимларнинг илмий салоҳиятига боғлиқ. 189 нафар профессор-ўқитувчиларимизнинг 5 нафари фан доктори, 48 нафари фан номзоди ва фалсафа доктори. Илмий даражага эга педагоглар сонини ошириш, илм-фан ва таълим ўртасида интеграцияни мустаҳкамлаш борасида тадқиқот ишлари олиб бориш ва олий таълимдан кейинги таълимни самарали ташкил этиш мақсадида очилган 4 та ихтисослик бўйича докторантура, таянч докторантура ва стажёр-тадқиқотчилик институтларимизда шу йилдан бошлаб жами 14 нафар докторант ва стажёр-тадқиқотчи таҳсил оляпти. Тадқиқотчилар ва докторантларга диссертация ҳимояларини ўтказишда қулайликлар яратиш мақсадида 3 та ихтисослик бўйича илмий даража берувчи ихтисослашган Илмий кенгашни очишга эришдик. Шу билан бирга, институтда профессор-ўқитувчилар, докторантлар ва талабалар учун “Фан, таълим, жамият” илмий журнали давлат рўйхатидан ўтказилиб, фаолият бошлади. Бу ҳам албатта ўқитувчиларимиз, талабаларимизни илмий жиҳатдан юксалтиришга хизмат қилади.

    Шунингдек, профессор-ўқитувчиларнинг илм-фан ва илмий-тадқиқот фаолиятини тизимли бошқариш, уларга шарт-шароит яратиш ҳамда “Устоз-шогирд” тизими асосида иқтидорли талабаларни илмий-тадқиқот фаолиятига йўналтириш мақсадида 2022–2023 ўқув йили учун илмий, ўқув, илмий-услубий, илмий ишланмалар ва инновацион лойиҳаларга оид жами 636 та рейтинг прогнозлари ишлаб чиқилган. Унинг асосида профессор-ўқитувчилар томонидан 10 та дарслик, 41 та ўқув қўлланма, 3 та луғат, 32 та монография, 20 та муаллифлик гувоҳномаси, 195 та илмий мақола, 225 та конференция тезислари нашр қилинди.

    Иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлашнинг амалдаги кўриниши сифатида улар муаллифлигидаги 4 та услубий қўлланма нашр этилди. 43 та халқаро ва 33 та республика илмий журналлари ва конференция тўпламларида талаба ёшларимизнинг муаллифлик мақолалари эълон қилинди.

    Қисқа фурсат ичида иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги бўйича 21 нафар ёшлар номдор стипендияларга лойиқ кўрилди. Жумладан, 3 нафари “Навоий” стипендианти, 2 нафари “Келажак бунёдкори” медали совриндори, 1 нафари “Йил талабаси” стипендианти, 1 нафари “Мирзо Улуғбек ворислари” Республика кўрик-танлови ғолиби ва 2 нафари танловнинг ҳудудий босқич ғолиблари, 3 нафари ректор стипендианти бўлса, 2 нафари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги “Ёшлар академияси” аъзолигига қабул қилинган.

    Барча имкониятлар эртамиз эгаларига

    Олийгоҳда таҳсил олаётган ҳар бир талабанинг қизиқиши ва қобилиятига индивидул ёндашиш фаолиятимизнинг энг муҳим мезонига айланяпти. Зеро, бугунги шиддатли тараққиётнинг ўзи ҳам шунга мажбур этади. Шахсдаги қобилиятни тўғри йўналтириш ва ундан унумли фойдаланиш билан яхши натижаларга эришилади, албатта. Институтнинг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими томонидан талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни қўшимча фойдали фаолият турларига, касб-ҳунарга йўналтириш, соғломлаштириш, билим олишга рағбат уйғотиш мақсадида 400 дан ортиқ тадбир, акция ва танловлар ташкил этилди. Хусусан, спорт тадбирлари, интеллектуал беллашувлар, иншолар танловлари, кўнгилочар, маънавий-маърифий тадбирлар кўтаринки руҳда ташкил этилди.

    Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни талабалар ўртасида кенг оммалаштириш мақсадида “Беш муҳим ташаббус маркази” ташкил этилди. Ушбу даргоҳ замонавий жиҳозланиб, беш муҳим ташаббус ғояларини тарғиб этувчи сурат ва баннерлар билан безатилди. Марказ учун зарур бўлган барча моддий техника олиб келинди. Марказ ихтиёрига спорт зали, кутубхона, book-kafe, очиқ спорт майдони ва конференциялар зали топширилди. Талабалар бу ердаги имкониятлардан унумли фойдаланиши учун алоҳида штат жорий этилиб, марказ раҳбари тайинланди. Иқтидорли ёшлардан “Ибрат” театр студияси, “Қувноқлар ва зукколар” жамоаси ташкил қилинди. Жамоалар вилоят ва республика миқёсида ўтказилган танловларда муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

    Бир йил давомида эришган ютуқларимиз ўзимизники экани баробарида, истиқболдаги режалар ва уларни амалга ошириш чора-тадбирларини ҳам ишлаб ишлаб чиқдик. Зеро, мамлакатимизда олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида барча олий таълим муассасаларини халқаро эътироф этилган рейтинг ташкилотлари рўйхатига киритиш бўйича вазифалар белгилаб қўйилган. Уларни масъулият билан бажариш учун имконимиз ҳам, салоҳиятимиз етарли. Муассасамизнинг ҳудудий ёки фан доирасидаги рейтингларда ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораётгани фикримиз исботидир.

    2023–2027 йилларда институтни комплекс ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган йўл харитасига кўра, биринчи навбатда, институт ўқув дастурларини халқаро тан олинган ташкилотларнинг ташқи аккрeдитациясидан ўтказиш вазифаси белгиланган. Шунингдек, педагог ходимларимиз илмий-услубий ва ўқув адабиётлар нашрларининг самарадорлиги оширилиши ортидан хорижий фонд, давлат грантлари ва тижоратлаштириш маблағларини ўзлаштириш ишлари ҳам олиб бориляпти. Миллий ва халқаро сертификатга эга талабалар сонининг ошиб бориши натижасида прогнозларимиз 2027 йил натижаларига кўра, 950–970 нафарни ташкил этишини кўрсатмоқда. Профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти изчил равишда оширилиб, 2024 йилда 30 фоизга, 2027 йилда эса 45 фоизга кўтарилади. Ҳимоя қилинадиган фан доктори диссертациялари (DSc) сони 2023 йилда – 3 та, 2024 йилда – 5 та, 2025 йилда – 7 та, 2026 йилда – 9 та ва 2027 йилда – 11 тага етказилади. Фалсафа доктори диссертациялари (PhD) сони эса 2023 йилда – 10 та, 2024 йилда – 15, 2025 йилда – 20, 2026 йилда – 25 ва 2027 йилда 30 тага ошиши кўзда тутиляпти.

    Айтиш жоизки, институтда илмий-тадқиқот фаолияти ва натижаларини амалиётга татбиқ этиш асосида маблағларни ўзлаштириш йўналишида ҳам аниқ вазифалар ва уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб олинган. Хусусан, хорижий фонд маблағлари суммаси жорий йилдаги 100 миллион сўмдан 2027 йилда 1,2 миллиард сўмга етказилади. Давлат грантлари маблағлари суммаси ҳам 2023 йилда 100 миллион сўм бўлгани ҳолда 2027 йилда 700 миллионга, илмий ишланмаларни тижоратлаштиришдан тушадиган маблағлар эса 300 миллион сўмга етказилади.

    Институт профессор-ўқитувчиларининг илмий-услубий нашрлари самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш бўйича ҳам шахсий илмий рейтинг прогнозлари ишлаб чиқилган. Бу белгиланган натижа – монография нашри сони 2027 йилда – 11 тага; Scopus, Web of Science базаларига киритилган нуфузли журналлардаги мақолалар сони 100 тага; республика илмий журналларида 50 тага; иқтибослилик даражасини эса (ҳар бир мақола учун) 2,5 тага етказишга замин яратади.

    Давлатимиз раҳбари томонидан бизга берилган ишонч ва кенг имкониятлардан самарали фойдаланиб, олдимизда турган улкан марраларни забт этишда институт жамоаси бир оила бўлиб ҳаракат қилмоқда. Кўп йиллик тажрибага эга педагоглар ёшларга тўғри йўл кўрсатиб, кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлишяпти. Жамоани креатив фикрлайдиган, янгиликка интилувчан, ташаббускор ёш кадрлар билан бойитиб борар эканмиз, албатта, кўзлаган мақсад ва марраларимизга эришамиз.

    Дилшод РУСТАМОВ,

    Андижон давлат чет тиллари институти ректори,

    филология фанлари доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates