Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши раиси ўринбосари Лю Гочжун ҳамраислигида ўтган мажлисда кўп қиррали шериклик муносабатлари жадал ривожланаётгани, бунда, Давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги дўстона, яқин, самимий ва биродарлик ришталари муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда ҳукуматлар олдида Давлатларимиз Раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сўзсиз бажариш ҳамда иқтисодий шерикликни ривожлантириш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси турибди.
Бунинг учун, умумий саъй-ҳаракатларни савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, энергетика, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, камбағалликни қисқартириш, фан-таълим ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш сингари устувор вазифаларга қаратиш зарурлиги билдирилди.
Маълумотларга кўра, Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги ҳисобланади. 2023 йилда мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажми қарийб 14 миллиард долларни ташкил этди. Аммо, бу рақамлар мамлакатларимиз салоҳияти ва имкониятларини ўзида тўлиқ акс эттирмаслиги, яқин йилларда ушбу кўрсаткични мавжуд захиралардан самарали фойдаланган ҳолда 20 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги билдирилди.
Йиғилишда товар айирбошлашни янада оширишга қаратилган қўшма “Ҳаракатлар режаси”ни қабул қилиш, Хитойга маҳсулотларини узоқ муддатли ва барқарор етказиб бериш учун қўшимча савдо имтиёзларини жорий этиш, саноат кооперациясини янада кенгайтириш, иқтисодиётни барча соҳаларда қўшма рақобатбардош лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилди.
Шу билан бирга, ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорлик стратегик шерикликни мустаҳкамлаш учун самарали механизмга айланиб бораётгани мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Трансминтақавий транспорт ва транзит кўпригининг муҳим таркибий қисми бўладиган “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, давлатларимиз ўртасида туризмни ривожлантириш мақсадида авиа қатновлар сонини ошириш ва янги йўналишлар очиш, мамлакатимизда Хитойнинг етакчи университетлари филаллари фаолиятини йўлга қўйиш масалаларини биргаликда ўрганиб чиқишга келишилди.
Тадбир сўнггида, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди ҳамда Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг еттинчи йиғилиши баённомаси имзоланди.