Қирғизистоннинг оммабоп Alliance-press.kg ахборот-таҳлил агентлиги порталида "ТДТга аъзо мамлакатлар билан халқаро транспорт алоқалари жадал ривожланиб бормоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда «Дунё».
Нашрда Транспорт ва коммуникация соҳасидаги ўзаро боғлиқликни таъминлаш иқтисодий алоқаларнинг янада тараққий этиши ва ТДТга аъзо мамлакатлар ҳамда минтақаларнинг умумий ривожланишида муҳим ўрин тутиши таъкидланган.
Ҳозирги кунда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланиб бормоқда.
"Хусусан, ўтган йилда Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо мамлакатлар билан ташқи савдо айланмаси 10 миллиард долларни ташкил этди. Шундан экспорт ҳажми 3,6 миллиард долларни, импорт ҳажми 6,4 миллиард долларни ташкил этди", – деб ёзган Қирғизистон ОАВ.
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг ТДТ давлатлари билан 2023 йил экспорт-импорт юк ташиш ҳажми 15,5 миллион тоннани ташкил этган бўлиб, бу Ўзбекистоннинг умумий халқаро юк ташиш ҳажмидаги 24 фоиз улуши ҳисобланади.
ТДТ доирасида Ўзбекистоннинг энг йирик ҳамкори Қозоғистон бўлиб, умумий юк ташувлардаги улуши 72 фоизни (11,2 миллион тонна) ташкил этади. Иккинчи асосий улуш Қирғизистон давлатига тўғри келиб 3,3 миллион тонна (21 фоиз) ташкил этди. Озарбойжон билан ташишлар 69,5 минг тонна Туркия давлати билан эса 937,8 минг тоннага етди.
Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан ўзаро товар айланмаси 2023 йил давомида 8,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
"Ушбу тузилма доирасида транспорт соҳасида эришилган энг йирик келишувлар 2022 йил 11 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти 9-саммитида имзоланган "Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида халқаро қўшма юк ташиш тўғрисида"ги битим ва "Транспорт алоқалари дастури" ҳисобланади", – деб хабар қилган Alliance-press.kg.