Биз жуда кўп экологик муаммолар юз бераётган таҳликали дунёда яшаяпмиз. Одамзод эҳтиёжлари натижасида атмосферага турли газлар таъсири, биосфера ўзгариши, ердаги ҳарорат ошиб бориши, денгиз сатҳи кўтарилиши билан турли табиий офатлар юзага келмоқда.
Озон қатлами емирилиши, чучук сув танқислиги, ернинг яшил қоплами камайиши, иссиқхона газлари чиқиндилари кўпайиши ва ернинг мелиоратив ҳолати ўзгариши, табиий ресурслар камайиши, шаҳарсозлик, урбанизация жараёнлари умумбашарий муаммолардан ҳисобланади. Энг ачинарлиси эса биохилма-хилликнинг йўқолиб кетиши, ўсимлик ва жониворлар қирилиб битишидир. Бепоён ўрмонлар кесилиши, сув ва ҳаво ифлосланиши натижасида табиатда экотизим мувозанати бузилади. Айтиш керакки, буларнинг барчаси инсонларнинг табиатга кўрсатаётган салбий таъсири оқибатидир. Турли саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги ва маиший чиқиндилар нафақат табиатга, инсонлар саломатлигига ҳам, албатта, путур етказади.
Шаҳар ва қишлоқларда чиқинди миқдори ортиб бориши турли касалликлар кўпайишига ва табиий ресурслар камайишига олиб келади. Бу муаммолар ечими эса мураккаб ва ҳар томонлама ёндашувни талаб қилади.
Аввало, инсонлар орасида экологик онг ва маданиятни ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатни бошқариш соҳасидаги интеллектуал ва илмий салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш даражасини кўтариш муҳим аҳамиятга эга. Чунки инсон бугун табиатга бўлган муносабатининг жавобини эртага, албатта, олади.
Бутун дунёда кузатилаётгани каби мамлакатимизда ҳам экология билан боғлиқ муаммолар тобора долзарблик касб этиб бормоқда. Бугунги кунда энергетика, қишлоқ ҳўжалиги, озиқ-овқат саноати, машинасозлик каби соҳаларда янада тараққий этиш, бундай вазиятларнинг экотизмга таъсири олдини олиш, табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга доир муаммоларга ечим топиш мақсадида соҳа мутахассислари томонидан қатор чора- тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
Зеро, мамлакатимизнинг бош қонуни – янги таҳрирдаги Констиуцияда белгилаб қўйилганидек: “Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади”.
Бу борада 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, Президентимизнинг 2022 йил 2 декабрда “2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилиши юртимизнинг “яшил” истиқболига кенг йўл очди. Бунда қатъий белгиланган иссиқхона газлари қисқартирилиши, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш унумдорлиги оширилиши, электр энергияси сарфи ҳажми камайтирилиши, сувдан фойдаланиш ва сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этилиши, йилига 200 миллион кўчат экиш ва умумий сонини 1 миллиарддан ошириш, республика ўрмон фонди захиралари кўрсаткичини 90 миллион куб метрдан ортиқроққа етказиш, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини ошириш, саноат тармоқларида “яшил” иқтисодиётга ўтиш каби устувор йўналишлар “яшил” Ўзбекистоннинг келгуси стратегик мақсадларини самарали амалга ошириш механизми бўлиб хизмат қилмоқда. Мамлакатимизнинг экологик ҳимоясини мустаҳкамловчи қонунлар ва “яшил” ислоҳотлар халқимиз ҳаётида бугун ўз амалий ифодасини топмоқда.
Жорий йил 21 октябрь куни Президентимиз раислигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда режадаги ишларнинг давоми сифатида Нукус, Арнасой, Қоракўл ва Муборак туманларида кейинги йил сувсизлик ва шўрга чидамли галофит ўсимлигидан иборат 4 та боғ барпо қилиниши таъкидланди. Шунингдек, Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразмнинг 250 минг гектар чўлида сув талаб этмайдиган саксовул, қандим, черкез уруғлари дрон билан экилади. Баҳор мавсумидан ўрмон хўжаликларидан соғлом оналик плантациясини танлаш орқали йилига 1,5 минг тонна уруғ тайёрланади.
Жанубий Корея тажрибаси бўйича сувсизликка чидамли, иқлим шароитига мос ёпиқ илдизли контейнер ва ин-витро усулида 2 миллион кўчат олиш йўлга қўйилади. Маҳмуд Мирзаев номидаги институтнинг Самарқанд, Хоразм, Тошкент ва Фарғона водийсидаги ерларида йилига 10 миллион дона мевали дарахт ва бута ниҳоллари етиштирилади.
Кўчат экиш ишларини ташкил этишда “маҳалла еттилиги” вакиллари ўзига бириктирилган кўчаларда 100 тупдан жами 6 миллион дона манзарали дарахт ўстиради; бошқа кўчалар, бўш майдонлар ва кўп қаватли уйлар атрофида 3 миллион туп кўчат экилади; умуман, маҳаллаларда 20 миллион дона манзарали ва мевали дарахт экса бўлади.
Шу ватанда туғилиб, уни муқаддас деб билган барча юртдошларимизни жиддий ўйлашга даъват этаётган ва бунёдкорликка чорлаётган бу каби вазифалар, албатта, келажак авлод ҳаёт учун қилинаётган ишлардан баъзиларидир.
Она табиатни унинг бағридаги яшил хазиналари билан сақлаб қолиш ва биздан кейинги авлодларга мусаффо, соф ҳолида етказиб бериш йўлида жаҳон халқлари бирликда, ҳамкорликда ҳаракат қилиши жуда муҳим. Шунингдек, ривожланаётган мамлакатларга иқлим хатарларини аниқлаш учун етакчи давлатлар ва халқаро институтларнинг техник кўмагини кенгайтириш долзарбдир.
Давлатимиз раҳбарининг БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Боку шаҳрида ўтказилган конференцияси (COP29)даги нутқида иқлим ўзгаришлари, экологик муаммолар бугунги кундаги глобал таҳдид экани асосли равишда таъкидланди. Бунинг таъсири, айниқса, Марказий Осиёда ошиб бораётгани ва аҳоли турмуш тарзини юксалтириш ва тараққиёт стратегияларини рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётгани дадил айтилди. Геосиёсатнинг кескинлашуви озиқ-овқат, сув ресурслари, энергетик хавфсизлик масалаларида муаммоларни кучайтириб юбориши очиқ билдирилди. Минтақада ҳаво ҳарорати жадал ўсишига йўл қўймаслик ва жорий юз йилликда ҳароратни 1,5-2 даража атрофида сақлаб қолиш бош мақсадимиз экани таъкидлангани муаммонинг умумбашарий ва тўхтатиб бўлмас экани, зудлик билан қатъий чоралар кўриш талаб қилинишини кўрсатади. Бу қараш дунё халқларини кутилаётган таҳдид қаршисида бирлашишга чорлаб, инсоният, қолаверса, сайёрамизнинг яшил келажагини сақлаб қолиш борасида давлатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг аҳамиятини кўрсатиб беради. Зеро, инсон омили туфайли содир бўлаётган иқлим ўзгаришлари ва уларнинг зарарли оқибатлари ҳеч бир давлатни четлаб ўтмаслиги кўриниб турган ҳақиқатдир.
Бу борада юртимиздаги углерод нейтраллигига эришиш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотлар, 2030 йилгача ҳавога исcиқхона газлари чиқарилишини 35 фоиз камайтириш режаси ишлаб чиқилгани ва бу мажбуриятни 2050 йилга қадар янада кенгайтиришга доир кўрсатмалар мамлакатимиз етакчисининг дунё даражасидаги ислоҳотчи, кучли стратег, асл келажак бунёдкори, инсонпарварлик ғоялар ижодкори эканини амалда яна бир бор исбот қилди. Бундан ташқари, Оролбўйи минтақасининг ижтимоий-экологик муаммоларини ҳал этиш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия ва сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, биохилма-хилликни сақлашга қаратилган бешта ташаббуснинг илгари сурилиши жаҳон давлатларининг эътибори ва эътирофига сабаб бўлди. Албатта, бугунги кунда бутун дунё олимлари сайёрамизнинг табиий яшил келажагини сақлаб қолиш учун курашмоқда. Бу борада Лондондаги Халқаро амалий тизимли таҳлил институти (IIASA) ва Нью-Йоркдаги Колумбия университети олимлари томонидан иқлим билан боғлиқ хавф-хатарлар юзага келадиган ҳудудларнинг илк глобал харитаси яратилиши муҳим воқелик бўлди. Мазкур харита иқлимдан энг кўп зарар кўрган минтақаларни аниқлаш ва мисли кўрилмаган иссиқлик туфайли ортиб бораётган хавфни бартараф этиш йўлидаги аҳамияти билан долзарбдир.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда “Яшил макон”, “Яшил белбоғ”, “Менинг боғим” умуммиллий лойиҳалари доирасида маҳалла боғлари яратиш, шунингдек, мактаб ва боғчалар, олийгоҳ ва шифохона ҳудудларига кўплаб мевали ва манзарали дарахтлар экиш, маданий ўрмонлар барпо этиш бўйича кечаётган ислоҳотлар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Атроф-муҳит ифлосланиши ва табиий қатламлар билан боғлиқ глобал муаммоларни назарда тутган ҳолда экология соҳасида янги форматдаги замонавий билим ва тажрибалар асосида салоҳиятли, инновацион мутахассислар ва экспертлар тайёрлаш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш мақсадида қатор стратегия ва концепциялар қабул қилинмоқда. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ташкил этилгани ва вилоятларда мазкур олийгоҳ филиаллари, техникумлари фаолиятини ташкил қилиш билан боғлиқ амалий ишлар юртимиз табиатини асрашга қаратилган навбатдаги муҳим қадамдир. Қувонарлиси, энди бу илм маскани халқаро рейтингларда етакчи ўринларни эгаллаган жаҳоннинг “яшил” университетлари билан стратегик ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши ҳамда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўрмон хўжалиги ва гидрометеорология соҳасида етук мутахассисларни, она табиатни асрайдиган “ишончли қўллар”ни тайёрлаши мумкин. Бундай хайрли лойиҳаларни яратиш ва амалга татбиқ этиш ишлари мамлакатимизда давом этмоқда, “Яшил макон”, “Яшил иқтисодиёт” тушунчалари халқимиз онгига чуқур кириб борди.
Барчамиз тўғри англаган бир ҳақиқат борки, яшил сайёра – инсониятнинг умумий уйи, ватани ва авлодлар эртаси. Беҳисоб кислород манбаи бўлган нажотбахш яшилликнинг қуриб битишига асло йўл қўймаслигимиз, чучук сувни тежашимиз, заҳарли чиқиндилар табиатни аёвсиз қиришига жим қараб турмаслигимиз шарт. Бунинг учун, аввало, ўзимизда экологик маданиятни шакллантириш, зиёли сифатида атрофимиздаги инсонларни она табиат софлиги йўлида эргаштириш ва биргаликда ҳаракат қилишимиз асосий инсонийлик бурчимиздир.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
педагогика фанлари доктори, профессор