Ўтган йили декабрда 5 та қуёш ва битта шамол электр станцияси ишга туширилган эди. Орадан бир йил ўтиб, умумий қиймати 7 миллиард доллардан зиёд яна 24 та лойиҳа тайёрланди. 13 декабрь куни эса Президентимиз Шавкат Мирзиёев рамзий дастакни босиб, 18 та мажмуанинг фаолияти ва 6 та лойиҳанинг қурилишини бошлаб берди.
Бу лойиҳалар Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкорлари бўлган “Masdar”, “ACWA Power”, “Aksa Enerji”, Хитой ва Германиянинг нуфузли компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Эътиборлиси, бундай лойиҳаларнинг барчаси тўғридан тўғри хорижий инвестициялардир.
Ушбу 24 та лойиҳа орқали келгуси йилларда қўшимча 9,5 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқарилиб, 2,5 миллиард куб метр табиий газ тежалади, 4,6 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади. Энг муҳими, 4 миллиондан зиёд хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланади. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратишга туртки беради.
Эришилган бу ютуқлар ва қайд этилган рақамлар замирида катта ҳаётий мақсадлар, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ривожланишнинг келажакка қаратилган қувватлари бор. Рақамлар фақат қоғоздагина “жим туриши” мумкин. Уларнинг оддий одамлар ҳаётидаги “сўзи”ни чуқур таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, ўтган саккиз йил давомида ҳали кўпчилигимиз теран тушуниб етмаётган тарихий ишлар бажарилгани, келажак учун жуда муҳим пойдевор яратилаётгани гувоҳи бўламиз.
Уларнинг англамлари ҳаётимизда қандай ифода топади?
БИРИНЧИ АНГЛАМ: нолдан яратилган тизим ёхуд қатъий сиёсий ирода орқали бутун дунёни ислоҳотларимиз қудратига ишонтира олдик.
Агар бундан бор-йўғи ўн йиллар олдин “Яқин орада Ўзбекистонда “яшил” энергетика қувватлари тараққиётни ҳаракатга келтирувчи асосий манбага айланади”, дейишса, ўзимиз ҳам ишонмаган бўлардик. Эртак айтяпти деб ўйлардик.
Толени қарангки, бугун янги Ўзбекистонда “яшил” тараққиёт оғушида яшаяпмиз.
Таҳликали даврда мамлакат миқёсида янги тизимга асос солиш, нафақат асос солиш, уни кенг кўламда ривожлантириш осон иш эмас. Шунингдек, ҳаётимиз замонавий технологиялар асосида жадаллашаётган бир даврда дунёдан эътироф эшитиш ҳам ҳар кимга насиб қилавермайдиган ютуқдир.
Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нуктадонлик билан иш кўриб, ўтган қисқа муддатда мамлакатда “яшил” энергетика тизимига нолдан асос солгани бугун барчамиз учун қувончли ҳодиса бўлибгина қолмай, бизнинг куч-қудратимиз, бирлашсак, катта ишларга қодир эканимиз далили ҳамдир.
Очиғини айтиш керак, давлатимиз раҳбари мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия соҳасини ривожлантириш борасидаги ташаббусларни, амалий ҳаракатларни бошлаб берганида, аввалига кўпчилик бу ишни ҳозиргидек даражада уддалашимизга ишонмаган эди.
Шунга қарамай, руҳимиз тушмади, шаштимиз сўнмади. Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича жуда катта мақсад ва вазифалар белгиланиб, амалий ишлар бошлаб юборилди. Президентимиз бу борадаги ҳаракатларни бир сўз билан жуда маъноли изоҳлайди: “Яратганнинг ўзи ато этган бундай имкониятларни халқимиз манфаатларига йўналтиришнинг аҳамияти катта”.
Бу йўлда бизни қўллаб-қувватловчилар ҳам кўп бўлди. Улар бугун ҳам давлатимиз раҳбарининг ташаббусларини, эзгу мақсадларини рўёбга чиқариш йўлида биз билан бирга ҳаракат қилмоқда.
“Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон шунчаки бугунги кун билан яшайдиган давлат эмас. Унинг Президенти эса келажакни ўйлайдиган, келажак авлодлар учун мустаҳкам пойдевор қўядиган, бутун дунёга узоқни кўра олиш қобилиятини намоён этаётган етакчидир”, деди ўтган ҳафтада Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил Ал-Рамаҳий.
Бу дунёда ҳамма нарсанинг, шу жумладан, ҳаракатларнинг ҳам ўз номи бор. Кимгадир муҳтож ҳолида кўмаклашсак, уни яхшилик деб атаймиз. Юртни ҳимоя қилиш, эл номуси учун курашиш ҳақиқий ватанпарварлик, дея сифатланади. Оилага, маҳаллага ғамхўрлик инсоний бурч дейилади.
Миллат саодати, миллий давлатчилик ривожи учун қайғуриш, бугунги кун ва эртанги келажак учун мустаҳкам пойдевор яратишнинг сифати қандай бўлади?
“Masdar”нинг бош ижрочи директори ҳақ гапни айтди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев том маънода, бугун ва келажак етакчисидир. Шу маънода, ҳақли равишда давлатимиз раҳбарининг бу эзгу саъй-ҳаракатларини МИЛЛИЙ ҚАҲРАМОНЛИК сифатида қадрласак, адолатдан бўлади.
ИККИНЧИ АНГЛАМ: бу вақтинча эмас!
Биз Буюк Амир Темур бобомизнинг “Салтанат тўнини кийгач, танимдан ҳаловат кетди”, деган таъсирчан сўзлари мағзини кейинги йилларда англаб етяпмиз. Бунда давлатчилик ишига, эл-юрт хизматига бел боғлаган инсон амал қилиши зарур бўлган олий мезон назарда тутилганини Президентимиз Шавкат Мирзиёев сиймосида кўряпмиз, ҳаётимиздаги ўзгаришлар мисолида сезяпмиз, руҳланяпмиз.
Баъзан бир инсон тақдири кўз ўнгимизда ўзгариб кетади. Оний бир эҳтиётсизлик кишини бир умрга ожиз қилиб қўйиши мумкин. Ёки аксинча, бир жиддий интилиш билан инсон фаровонлик сари юзланади.
Демак, ҳаёт ҳаракатдан иборат, деган гап тўғри. Шу ўринда жамиятдаги муҳитни ўзгартириш, одамларни ҳаракатга чорлаш ва уларни муносиб яшаш бахтига эриштиришдек кучли ирода олдида ҳамиша катта мақсадлар туришини англаб етишимиз зарур бўлади.
Давлатимиз раҳбари бу йўлда бизга ҳамиша ўрнак бўлиб келяпти. Бошлаган ислоҳотларимиз ортга қайтмаслигини кўп бор таъкидлайди. Ортга йўл йўқ.
Нега мамлакатимизда бошланган катта-катта ишларга баъзан ишончсизлик пайдо бўлади? Боиси, биз узоқ йиллар ташаббус кўрсатмадик, ҳаракатсизлик исканжасида яшаб келдик, янги ғояларни амалга оширмадик. Ғоя тараққиёт эканидан кўз юмдик.
Лекин энди бундай эмас. Ўтган қисқа фурсат — атиги саккиз йилда Ўзбекистон ҳақиқий ТАШАББУСЛАР МАМЛАКАТИга айланди. Кўз ўнгимизда шундай даражага эришдик.
Бу нимадан далолат беради? Халқимиз қонида қуюқлашган гендаги кодлар уйғоняпти. Уйғониш ҳодисаси ўз-ўзидан содир бўлмайди, албатта. Унга туртки, бошқача айтганда, одамлар онги ва қалбига “қўнғироқ эффекти”ни сингдириш зарур бўлади.
Инсон табиатан жуда мураккаб характерга эга. У доим ўзи кўрган ва гувоҳи бўлган, танида ҳис қилган воқеа-ҳодисалардан хулосаланади. Янги Ўзбекистонда жамиятимизнинг янги қиёфасини яратиш борасида қилинган ишлар ҳам худди шундай — одамларда яхши яшашга бўлган интилиш хулосасини шакллантира олди.
Шу боис, биз бошлаган йирик ишларимизни охиригача муваффақиятли етказа оляпмиз. Келинг эслаймиз, валютани эркинлаштириш сиёсати бошланганида кўпчилик бизга ишонмаганди, банк пластик карталаридаги пулни банкоматлар орқали бемалол нақдлаштиришга ўтганимизда ҳам уч-тўрт кунлик амалиёт деб ўйладик. Мамлакатда эркин ҳаракатланиш, Тошкент пропискаси билан боғлиқ азоблар барҳам топиши эса ҳали-ҳамон тушдек туюлаверади. Бир умр Ўзбекистонда яшаб, лекин фуқаролик берилмаган юртдошларимиз бугун мамлакатимиз фуқароси эканидан бахтиёрлигини ҳеч тўхтовсиз айтиб юрибди.
“Яшил” энергетика тизимида бугунги эришилган ютуқларимизни ҳам бундан тўрт-беш йил аввал тасаввур қила олмасдик. Аммо ҳар бир ишни қатъий ирода, фидойилик ва азму шижоат билан қилсак, қандай натижаларга эришиш мумкинлигини ўтган ҳафтадаги тадбирлар мисолида кўрдик. Хорижлик нуфузли меҳмонлар эътирофларида бизга ва олиб борилаётган ислоҳотларимизга бўлган ишончнинг яққол ифодасига амин бўлдик.
Улардан бири — Хитойнинг “Сhina national technical” компанияси президенти Ли Ху шундай деди: “Давлатингиз раҳбарининг олиб бораётган сиёсати, мавжуд қонун-қоидалар ва аҳолининг тадбиркорликка бўлган очиқлигини алоҳида таъкидлаш керак. Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистон бизнес учун янада яхши манзилга айланиб бормоқда”.
УЧИНЧИ АНГЛАМ: келажак лойиҳалари — миллий давлатчилигимиз фахрига айланади.
Мақоламиз аввалида бир қатор рақамларни келтириб, уларнинг ҳаётдаги “сўзи” ғоят таъсирли экани ҳақида айтган эдик. Энди шу фикримизни айрим фактлар билан изоҳлашга ҳаракат қиламиз.
Эътибор беринг, жорий йил 13 декабрь куни ишга туширилган ва қурилиши бошланган жами 24 та лойиҳа туфайли 4 миллиондан зиёд хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланади.
Бунинг натижасида:
биринчидан, агар ҳар бир хонадонда ўртача уч-тўрт киши яшашини ҳисобга олсак, тахминан 15 миллиондан зиёд юртдошимиз ҳаётида жиддий ўзгаришлар рўй беради. Яъни улар барқарор ривожланиш босқичига ўтади. Айтайлик, хонадонида катта-кичик тадбиркорлик лойиҳаларини бошлайди. Ишлаб чиқариш қувватларини оширади;
иккинчидан, ўша 4 миллион хонадонда бошланган тадбиркорлик ҳаракати бошқа биттадан оилани қамраб олганда ҳам 8 миллион рўзғорга барака киради;
учинчидан, бундай ҳаракатлар натижасида иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратишга туртки беради.
Бу бюджетимизга йирик миқдорда кирим пайдо бўлади, дегани. Албатта, бу маблағ бизники бўлади. Улар ҳисобига боғча, мактаб, тиббиёт муассасалари қурилади, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига узлуксиз ва тизимли ёрдам кўрсатилади, камбағал оилалар фарзандлари олий ўқув юртларида ўқитилади;
тўртинчидан, 1 камбағал оиладан ҳеч бўлмаганда 1 нафар олий маълумотли чиқса, у ўз оиласини боқишга қодир бўлади. Шу тариқа жамиятда камбағал оилалар сони қисқариб боради.
Буни ҳеч иккиланмасдан, камбағалликни тугатиш бўйича “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАЖРИБАСИ” сифатида эътироф этишимиз мумкин бўлади;
бешинчидан, Президентимиз бежиз тоза энергияни ривожлантириш борасида қайғурмаяпти. Боиси, дунёда тоза — “яшил” энергия асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга талаб кун сайин кучайиб бормоқда.
Биз бугун дунё бозорларини забт этиш ҳаракатидамиз. Дунё бозори эса сиздан сўрайди: “Хўп яхши, менга чиройли, сифатли костюм-шим олиб келибсан, у қандай энергия ёрдамида тайёрланган?”. Сиз айтасиз: “Оддий, ота-боболаримиз фойдаланиб келган анъанавий электр манбаи билан”. “Йўқ”, дейди у, “менга табиатга зарар келтириб ишлаб чиқарган бу маҳсулотинг керак эмас”.
Европанинг қоқ марказига бориб айтинг: “Ҳой дўстлар, мен тиккан мана бу костюм-шим Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган. У бизда жуда кенг қўлланилаётган “яшил” энергия қуввати ёрдамида тайёрланган”. Шунда улар сизнинг маҳсулотингизни бажонидил қабул қилади. Халқимиз тили билан айтганда, бозорингизни беради.
Мана шу биргина рақам шарҳидан ҳам англашиладики, мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган “яшил” энергетика лойиҳалари, ҳақиқий маънода бугунимиз ва келажагимиз учун ғоят жозибадор ҳамда миллий тараққиётимизнинг эртанги кунида ҳал қилувчи аҳамиятга эга омиллардан биридир.
ТЎРТИНЧИ АНГЛАМ: тараққиёт йўлида юриш эмас, югуриш керак!
Табиатда инстинкт ҳодисалар кўп. Масалан, бирор хавф тўсатдан яқинлашганда кўзимизни юмамиз, қорнимиз очса, овқат ғамини еймиз, қаттиқ қайғу ёки хурсандчиликдан беихтиёр кўзимизга ёш оламиз, ҳеч ким ўргатмаса ҳам куламиз, йиғлаймиз ва ҳоказо.
Инсон ақли билан бошқариладиган туйғулар ҳам кам эмас. Айтайлик, ўрни келмаганда, бир сўз айтишдан тийиласиз, яқинларингизга меҳрингизни баъзан ошкор билдирмайсиз. Бирор манфаат кўрмаган жойга бошқа бормасликка ҳаракат қиласиз...
Шу тариқа табиий ва ақлий инстинктлар дунёвий муносабатларни тартибга солиб туради. Аммо инсоният комиллиги учун буларнинг ўзи камлик қилади, назаримизда.
Биз бугун XXI асрнинг биринчи чорагини яшаб ўтяпмиз. Иккинчи чорак, яъни бир йилдан сўнг дунёда вазият тубдан ўзгариб кетиши эҳтимоли катта.
Бунда сиёсий манзара алоҳида мавзу. Лекин таҳлилчилар фикрича, халқаро миқёсдаги йирик инвесторларнинг янги даври бошланади. Улар энди кўпроқ “яшил” иқтисодиёт сари талпинади.
Мана шу жойда мамлакатимизда “яшил” энергетика, умуман, “яшил” тараққиётга нима учун бу қадар муҳим эътибор қаратилаётганининг яна бир моҳияти очилади. Демак, янги Ўзбекистон нафақат бугун, балки жуда яқин КЕЛАЖАК МАМЛАКАТИ бўлишга интилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада янги энергетика қувватларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларини қуришга бағишланган тантанали маросимда “Бугунги тадбир юртимиз энергетика тарихида янги саҳифа очади. Ишга туширилаётган бу лойиҳалар орқали нафақат иқтисодий ўсишга эришамиз, балки келажак авлодларимиз учун яшил ва барқарор Ўзбекистоннинг мустақил пойдеворини яратамиз”, деганида жуда катта мақсадларни назарда тутганини ҳар биримиз таҳлил қилиб кўришимиз керак бўлади.
Албатта, бу жараённи таҳлил қилаётган йирик инвесторлар ҳам бор. Улар аллақачон янги Ўзбекистондаги бугунги ишбилармонлик муҳити қай ўзанга бурилаётганини англаб етган ва буни кенг доираларда эътироф эта бошлаган.
Бирлашган Араб Амирликларининг энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруий шундай деди: “Жаноб Президент, сизнинг узоқни кўра оладиган етакчилигингиз туфайли Ўзбекистон улкан ютуқларга эришиб, инновацион тараққиёт йўлида дадил қадам ташламоқда...
Доктор Султон жаноблари билан биргаликда 500 мегаватт қувватга эга Зарафшон шамол электр станциясини ишга тушираётганимиздан ғоят мамнунмиз. Бу Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлиб, сизнинг энергетика соҳасидаги етакчилигингизнинг жаҳон миқёсидаги яна бир ифодаси. Бундай мураккаб лойиҳанинг қисқа муддатдаги реализацияси, сўзингизга содиқлигингиз ва кучли иродага эга лидер эканингизни яққол кўрсатди.
Сиз билан елкама-елка ишлаш мен учун ҳам шараф, ҳам улкан масъулиятдир. “Биз юриш эмас, югуришимиз керак, ортда қолмаймиз”, деган сўзларингиз ҳамон қулоғимизда жаранглаб туради. Шу боис, биз ҳам сиз билан биргаликда олға интилиш ва юқори марраларни забт этишга тайёрмиз. Биз нафақат қайта тикланувчи энергия соҳасида замонавий мамлакат қуриш, балки қўшни давлатлар ва Европа бозорларига энергия экспорт қилишдек буюк мақсадларингизни амалга оширишда кўмак беришга доим тайёрмиз. Сизнинг келажакни кўра оладиган етакчилик қобилиятингиз биз учун илҳом манбаи бўлиб қолмоқда”.
Биз юқорида инсоният комиллиги учун табиий ва ақлий инстинктларнинг ўзи камлик қилиши ҳақида бежиз айтмадик. Боиси, Президентимизнинг “Биз юриш эмас, югуришимиз керак, ортда қолмаймиз”, деган ҳаётий чорлов мазмунидаги гапидаги тириклик моҳияти ўша бўшлиқни тўлдиради.
Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруийнинг эътирофлари ҳам барчамизга фахр бағишлайди. Ўзбекистон улкан ютуқларга эришиб, инновацион тараққиёт йўлида дадил қадам ташламоқда, деди у.
Халқаро миқёсдаги йирик инвесторларнинг янги даври ҳақида сўз кетганда, янги Ўзбекистон — инвестицияларни ҳар томонлама кафолатлайдиган, инвесторларнинг барча лойиҳа ва ташаббусларини тўла қўллаб-қувватлайдиган, хорижий ҳамкорларимиз манфаатларини ҳимоя қиладиган дунёга очиқ мамлакат эканидан ҳақли равишда фахрланамиз ва бундан кейин бу тамойил янада мустаҳкамланиб боришига қатъий ишонамиз.
Бир сўз билан айтганда, “яшил” энергетика билан фаровон ҳаётимизни таъминлашга эришамиз. Бу йўлда бизда барча имкониятлар, шароит ва ҳуқуқий асослар бор. Олдимизда эса биргина вазифа: бошлаган йўлимиздан асло ортга қайтмаслик, буюк мақсадларимиз сари ҳеч иккиланмасдан фақат ва фақат олға юриш. Шунда биз маррани янада баланд оламиз, катта-катта режаларимизни амалга ошираверамиз.
Салим ДОНИЁРОВ,
"Янги Ўзбекистон" ва "Правда Востока" газеталари бош муҳаррири