Қайд этилишича, Болалар омбудсмани Тошкент шаҳридаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида бўлди ҳамда муассасада сақланаётган вояга етмаганлар шароитларини кўздан кечирди.
Мониторинг давомида жиноят иши тергов ва суд босқичида эканлиги юзасидан ҳибсхонада сақланаётган вояга етмаганлар билан жамоавий суҳбат, бир нечтаси билан эса алоҳида индивидуал мулоқот қилиниб, тергов ва суд жараёнларида уларнинг просессуал ҳуқуқлари қай даражада таъминланганлиги ҳамда муассасада уларга қилинаётган муомалага доир фикрлари тингланди.
Шунингдек, ўрганиш жараёнида аниқланишича, Тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар сони белгиланган меъёрдан ошган бўлиб, бу маҳбусларни сақлаш шароитларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, вояга етмаганлар камераларида қатор камчиликлар аниқланиб, хусусан, аксарияти таъмирталаб аҳволда эканлиги, камералар ичидаги айрим жиҳозлар сақланаётганларнинг сонига мос равишда эмаслиги маълум бўлди.
Мониторинг жараёнида аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан юқори турувчи мутасадди органларга Болалар омбудсманининг тегишли таъсир ҳужжатлари киритилади.









